Илм-маърифат нурга, жаҳолат эса зулматга қиёсланади. Қаердаки нур бўлса, у жойдан зулмат чекинади. Шунинг учун муқаддас динимизда илм олишга катта эътибор берилган ва олимларнинг мартабалари юқори бўлиши таъкидланган.
Қуръони каримда “жаҳолат” сўзи турли кўринишларда 24 марта, “илм” сўзи эса турли кўринишларда 779 марта келган. Ҳамма илмни ўрганиб жаҳолатдан бутунлай қутулишнинг иложи йўқ. Бунга инсоннинг умри ҳам, тоқати ҳам етмайди. Илмни чуқурроқ ўрганиб, кейин жаҳолатдан паноҳ сўраш лозим.
Жамиятимизда жиноятчиликнинг турли хил кўринишлари ҳамон учраб тургани айни ҳақиқат. Энг ачинарлиси, ёшлар ва аёллар орасида ҳуқуқбузарлик кўпайиб кетгани халқимиз учун ниҳоятда уятли ҳолат. Бундай ҳолатларнинг бош сабаби бу жаҳолат, билимсизлик, оқу қорани танимаслик, ҳалол-ҳаромни билмасликдир. Ҳар қандай муаммо илм-маърифат йўқлигидан ва жаҳолатдан келиб чиқади. Давлатимиз раҳбари масалани ҳал қилишда айнан дин ходимлари, имом-хатибларимизга мурожаат қилиши уларнинг жамиятимиздаги ўрни нечоғлик эканини кўрсатади. Зеро, халқнинг бошига тушган мусибатни даф қилиш биринчи навбатда мўмин-мусулмонлар ва диндорларнинг зиммасидаги вазифадир. Одам ўлдириш, ўғрилик, зинокорлик, порахўрлик, судхўрлик – буларнинг барчаси бора-бора инсонни иймонидан айирадиган, шариат ҳаром қилган катта гуноҳлардир. Бунинг гуноҳлигини, аввало, ота-она тушунтиради. Тарбия уйдан, оиладан бошланади. Кейин бола боғчага борса, тарбиячи тушунтириши, мактабга борганда ўқитувчиси тушунтириши керак. То бола улғайиб, мустақил ҳаётга қадам қўйгунича унга ота-онаси, қариндош-уруғлари, маҳалла-кўй, ўқитувчилари, мураббийлари устозлик қилиши лозим.
Бугун турли бузғунчи кучлар бутун инсоният ҳаётига катта хавф солмоқда. Ахборот асри, глобаллашув замонида ёшларнинг қалби ва онгини эгаллаш учун турли ғаразли кучлар ва оқимлар тинимсиз кураш олиб бормоқда. Улар қабиҳ ниятларини амалга ошириш учун замонавий техникалардан ҳам унумли фойдаланмоқда. Улардан бири интернет ва ундаги ижтимоий сайтлардир. Теран aқл юритилса, ён-атрофимиздаги давлатларда тартибсизликлар айнан ижтимоий сайтларда тарқатилган фитналар орқали юзага келгани маълум бўлади. Террорчиларнинг ёлғон ваъдаларига алданган жангарилар илмсиз ва жоҳил кишилардир. Зеро, муқаддас Ислом дини илм ва маърифатга чақириб, барча ёмонликлардан қайтаради.
Қуръони каримда бундай дейилади: “(Эй Муҳаммад,) Раббингизнинг йўли (дини) га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг чиройли услубда мунозара қилинг!” (Наҳл сураси,125-оят).
Шунингдек, Аллоҳ таоло: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай”, деб таъкидлайди (Нисо сураси, 93-оят).
Ҳадисларда ҳам бегуноҳ одамларнинг қонини тўкиш энг оғир гуноҳ экани айтилади. Жумладан, Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда бундай
дейилади: “Аллоҳ таолонинг наздида бир мусулмон кишининг ноҳақ қатл этилишидан кўра, ёруғ дунёнинг барбод бўлиб кетиши енгилроқдир”.
Бузғунчилик йўлини тутган ташкилотлар аъзоларининг ўз жонига қасд қилиш, жумладан, суиқасдчи- террорчиларнинг минглаб бегуноҳ одамлар ҳаётига зомин бўлиши айни жаҳолатнинг кўринишидир. Бундай ваҳшийлик фақат ақл-идрок ва виждонидан маҳрум бўлган, Қуръоннинг илоҳий даъватини англашда қаттиқ адашаётган, онг-шуури ўзгалар томонидан бошқариладиган тубан кимсаларнинг қўлидан келади. Ўзи ва ўзгаларнинг ҳаётига тажовуз қилиш динимиз таълимотларига мутлақо зид бўлиб, бунга Қуръони карим оятлари ҳамда ҳадиси шарифларда очиқ-ойдин далиллар келган.
Жумладан, Қуръони каримда бундай дейилади: “Ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо сураси, 29- оят).
Шунингдек, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: «Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилурки: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”».(“Илм ва одоб саодат калитидир” китоби асосида тайёрланди)

Муҳамадали домла Ўсканов,
Бўстон туман “Абдулазизхон”
масжиди имом хатиби