Яқинда муҳтарам Президентимиз бошчилигида видеоселектор бўлди. Йиғилишда коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга тўхтаб ўтилди. (uza.uz)
Президентимиз ҳозирги вазият ҳолатидан келиб чиқиб халққа мурожаат қилар экан, жумладан шундай деди:
“Бироқ юртдошларимизга мурожаат қилиб яна бир бор таъкидламоқчиман: бутун дунёда минг-минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлаётган бундай хатарли офатга асло бепарво ва енгил қараб бўлмайди.
Касалликнинг бирор-бир кичик белгисини ўзингизда сездингизми, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.
Ўзингизча уйда даволанманг. Бу оғир оқибатларга олиб келиши, ва ниҳоят ўлим билан тугаши мумкин.
Ўзингизга ва оила аъзоларингизга нисбатан бепарво ва бефарқ бўлманг!
Халқимиз, оиламиз ва фарзандларимиз саломатлиги ва ҳаёти биз учун энг улуғ бойлик экан, бу ўта муҳим масалада бефарқ бўлиб, карантин талабларини бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Буни ҳеч ким, аввало, барча раҳбар ва мутасаддилар ҳеч қачон унутмаслиги шарт.
Бугунги мураккаб вазиятда барчамиз “Ўз соғлиғингни, ўз болангни, ўз оилангни ўзинг асра!” деган шиорга амал қилиб яшашимиз шарт”.
Ҳаммамиз кўриб турганимиздек, бугунги ҳолат анча нозик. Ҳатто қалтис десак ҳам бўлади. Чунки, агар бепарволик қилар эканмиз, бир кишининг сабабидан бир неча киши пандемияга чалиниши мумкин. Улардан эса, ўз навбатида яна кимларгадир ўтиб, пандемия доираси тобора кенгайиб бораверади.
Бугун ўзимизнинг соғлигимиз учун, фарзандларимизнинг соғликлари учун, оиламиз соғлиги учун масъул бўлсак, жамият соғлиги учун жавобгар ҳамдурмиз.
Аввало ўзимизни, оиламизни эҳтиёт қилайлик. Кейин яна ҳушёр бўлайлик халққа, одамларга биздан зарар етмасин.
Пандемия ҳақида ҳар куни тўлиқ маълумотлар ва тушунчалар бериб борилмоқда. Унга қарши курашиш ва ундан сақланиш учун барча эҳтиёт чоралари ҳақида мутахассислар ҳам, мутахассис бўлмаганлар ҳам қайта-қайта таъкидламоқдалар.
Халқимиз ичида бу сўзлардан хабар топмаган кимса деярли қолмади. Ҳамма эшитди. Энди фақат амал қилиш бизнинг биринчи галдаги вазифамиз бўлиб турибди.
Жавлатимиз раҳбариятининг биринчи галдаги ташвиши нафақат халқнинг бугунги соғлиги ва эртанги куннинг иқтисодиёти ҳамдир. Биз аввало соғлигимизга эҳтиёт бўлсак, пандемияга қарши омматан ҳамжиҳат бўлиб курашсак эртанги кунимиз иқтисодиёти ривож топиши мумкин.
Инсон учун бу дунёда зарур бўлган соғлигимизни йўқотсак, эртанги кунги тирикчилигимиз нима бўлади?
Пандемияга қарши ҳамжиҳат бўлиб курашмасак, у бизнинг нафақат соғлигимизга, балки иқтисодиётимизга ҳам чангал солади. Қанча эрта ҳаракат қилсак, шунча ютуқ бизники. Лоқайдлик эса бошимизга кулфат бўлади.
Қанча ишчи ва ходимлар ўз сохалари қолиб бизнинг соғлигимиз учун жойларда умрини ўтказмоқда. Ёзнинг жазирама кунларида бизнинг ғамимизда турибдилар. Аввало ўзимизни ҳурмат қилайлик. Кейин уларни ҳам ҳурмат қилайлик.
ЎЗИНГИЗНИ,
ОИЛАНГИЗНИ,
ЖАМИЯТНИ
ЭҲТИЁТ ҚИЛИНГ!
Абубакр домла Сулаймомонов,
Марҳамат тумани “Марҳамат”
жоме масжиди имом-хатиби