ХИРА ТОРТДИ НАФАСИМ РАНГИ
Хира тортди нафасим ранги,
Қулоғимни сукунат босди.
Пешонамда ажинлар жанги,
Қотиб қолди қабоғим ости.
Худойим-ей, юрагим тақир,
Чўллаб кетди киприклар таги.
Мен дунёда бадавлат фақир,
Менга юпун бойлик атагин!
Изларимда қолади доғлар,
Сўзларимда бемаза ташбеҳ.
Фақатгина рутубат чоғлар
Қўлларимда айланар тасбеҳ.
Булут тўсса ойнинг юзини,
Босмай қўйди зарра хавотир.
Сен тарафга отмай ўзини,
Бу кўзларим уялаётир!
Улар ҳоли ёмондан-ёмон,
Марҳамат қил, шунда сўлмайди.
Ахир, буюк раҳматинг томон,
Йиғламасдан боқиб бўлмайди.
Ўткирбек Мадумаров
2017 йил 22 декабрь