Фарзанд тарбияси ота-она олдидаги энг муҳим вазифаларнинг ҳам муҳимроғидир. Чунки шу ота ва онанинг келажаги, нафақат ота ва онанинг, балки шу оиланинг, нафақат оиланинг, балки бутун юрт келжаги айнан бугунги кун ёшларининг қандай тарбия олишига боғлиқдир. Фарзандларимизнинг бугунги олаётган тарбияси келажак учун заминдир. Ҳолбуки улар улғайиб вояга етганларида қандай инсон бўлишларига айнан бугунги тарбиянинг таъсири бирламчидир.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Ҳар бир фарзанд мусулмончиликни қабул қилаверадиган табиат билан туғилади, лекин уни яҳудийга айлантириб юборадиган ҳам, насроний ёки мажусийга айлантириб юборадиган ҳам унинг ота-онасидир” (Бухорий ривояти).
  Динимиз кўрсатмаларида фарзандни қандай руҳда тарбиялашга алоҳида эътибор берилади. Жумладан, Пайғамбаримиз сол­лаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилганларидек, ўғил болаларга сувда сузиш ва отда чопиш каби машқларни пухта ўргатиб, уларни Ватанга, эл-юртга садоқат руҳида тарбиялашимиз зарур.
  Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадисларида мусулмон киши ўз жони, шаъни, ота-онаси, опа-сингилларини ташқи ёвлардан ҳимоя қилиб, дунёдан ўтса, унга Аллоҳ йўлида шаҳид бўлганнинг мақомини берилишини башорат қилганлар.
Ҳар бир инсоннинг киндик қони тўкилган ери бу унинг жонажон Ватани бўлади, дейилади. Ота-онага, Ватанга бўлган муҳаббат фазилати фақатгина Одам болаларига берилган. Шундай экан, Ватан қадрига етмаслик, уни ардоқламаслик, энг аввало Аллоҳ таоло берган неъматларига ношукрлик, беписандлик ва одамий фазилатларидан чиқишликдир.
  Ватан атамаси аслида арабча сўз бўлиб, “туғилган жой, она юрт” маъноларини англатади. Бир халқ вакиллари жамул-жам яшаб турган, уларнинг аждодлари азалдан истиқомат қилган ҳудуд назарда тутилса, бу кенг маънодаги тушунчадир. Киши туғилиб ўсган уй, маҳалла, қишлоқ назарда тутилса бу тор маънодаги тушунчадир.
  Ибн Халдун: «Ватан – бу инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғидир», – деб таъриф берганлар.
Улуғ ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур вафотига яқин қолганда шундай васият қилган экан: “Мен вафот этганимдан кейин қабримни Ватанимга яқин бўлган бирор тоққа кўминглар, чунки Она юртимнинг шамоли ҳеч бўлмаганда қабримнинг устидан эсиб турсин ва яна иложи борича Андижондан бир сиқим тупроқ олиб келинг-да, қабрим узра сепинг, тоинки Ватаним тупроғи кўзимга тўтиё бўлсин!” Мана шу васиятга кўра, у кишининг набираларидан бири Агра шаҳридан Қобул адирларининг бирига олиб келиб дафн қилган экан.
  Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадан Мадинага ҳижрат қила туриб, Макка чегарасига етганларида тўхтаб, орқаларига қараб: «Эй, туғилган она юртим, агар ўз қавмим мени мажбур қилмаганларида, сени тарк этмас эдим», – деб ноиложликдан кўчиб кетаётганларини баён қилинган!
Ватан шундай мўътабар ва муқаддасдир!

Отабек дома Хусанов

Олтинкўл тумани «Жалабек ота» жоме масжиди имом хатиби