Биз инсон зоти ҳамиша улуғланадиган шундай гўзал заминда истиқомат қилаётганимиз учун Яратганга беҳисоб шукроналар келтириб, шу ватан учун астойдил хизмат қилмоғимиз, унинг тинчлиги ва осойишталигини кўз қорачиғидай асрашга камарбаста бўлишимиз, сизу бизнинг инсонийлик бурчимиздир. Юртни ҳар томонлама асраб авайлаш, обод қилиш унга бўлган муҳаббат билан бошланади. Ватанга муҳаббат, бу баландпарвоз сўз эмас! Ватанга муҳаббат-бахт топган остонамиз-оиламизга, бизни элу юртга қўшган урф-одатлар, удумлар миллий қадриятларга, биз югуриб ўсган тупроқ, отамиз эккан ва биз билан бирга улғайган дарахт, онамиз тебратган бешикка бўлган муҳаббатдир.
Бугунги кунда мустақил Она-Ватанимизнинг осойишталигини, тинчлиги ва сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган мард йигитларимизнинг йилдан-йилга ҳарбий малака, тажриба ва маҳоратлари ошиб бораётганлиги барчамизни хурсанд қилади. Халқимиз шаҳдам қадам ташлаб бораётган имон-эътиқодли, ўз ҳарбий бурчига содиқ аскарларимизга боқиб фахрга тўлади, улар ҳаққига самимий дуолар қиладилар.
Юрт ҳимоячилари қалбидаги иймон ва эътиқод Ватан ҳамда ўз халқига бўлган садоқати уни ҳар доим огоҳ ва сергакликка чорлайди. Аллоҳ таоло Ўзининг илоҳий мадади билан қўллаб-қувватлайди, деб ишанади. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “Аслида Аллоҳ ҳимоячингиздир ва У ёрдам берувчиларнинг яхшисидир”. (Оли Имрон сураси, 150-ояти).
Дунёда қилинган ҳар бир яхшиликнинг мукофати бор. Ватан ҳимояси ҳам савоби улуғ ишлардандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб шундай дейди: “Эҳсон (эзгулик) нинг мукофати фақат эҳсон (эзгулик) дир”. (Ар-Раҳмон сураси, 60-ояти).
Мамлакатимизда 14-январь-Ватан ҳимоячилари кунини миллий байрам сифатида нишонланади. Бугунги тинч, осойишта ҳаётимизни асраб-авайлашда қуролли кучларимиз ҳимоя қилмоқда. Ана шундай масъулиятли бурчни сидқи-дилдан адо этаётган ҳамюртларимиз шаънига ҳар қанча тасаннолар айтсак арзийди.
Тинчлик-бу хотиржамлик ва барқарорликдир. Имон эса қалб хотиржамлигидир. Демак, тинчлик ва имон маънолари бир-бирига жуда яқиндир. Шунга биноан бир кишининг тинчлиги жамият тинчлигининг бир қисмидир. Тарихдан маълумки, халқнинг тинчлигини таъминлаш ва худудларни ҳимоя қилишга ўша юртнинг ўғлонлари сафарбар этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам бир жамоа кишилар сафарларда тунлари қўриқчилик қилиб чиққанлар. Абу Атийя розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир киши вафот этганини билиб, қай бирингиз уни бирор яхши амал (ни бажараётган) ида кўргансиз?” деб сўрадилар. Бир киши: “Мен у билан Аллоҳ йўлида бир кеча қўриқчи бўлдим”, деб айтди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва У зот билан ўтирганлар ўринларидан туриб, унга жаноза намозини ўқишди. Қабрига қўйилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан тупроқ тортдилар. Сўнг (маййитга қараб): “Мен сенинг жаннат аҳлидан эканингга гувоҳлик бераман” дедилар”. (Имом Табароний ривояти).
Ватанни қўриқлаш ва унинг остонасини ғанимлардан ҳимоя қилиш бу-инсоннинг ўз уйи, оиласи, қариндош-уруғи ва айниқса, динини ҳимоя қилишдир. Ватан тинч бўлса, келажак авлод осойишта яшайди, юрт обод бўлади, ўзи ва оиласи бахтли-саодатли ҳаёт кечиради ва тоат-ибодатлари ўз вақтида адо этилади. Демакки, ҳар бир инсон бутун жамият аъзолари учун муҳим бўлган тинчликни сақлаш йўлида ҳамкорлик қилиши энг зарурий бурч ва вожиб амалдир.
Олимжон домла Каримов
Шаҳрихон тумани “Муҳаммад Розиқбой” жоме масжиди имом-хатиби