Ватан атамаси аслида арабча сўз бўлиб, она-юрт маъносини англатади. 

  У кенг ва тор маънода қўлланилади. Бир халқ вакиллари жамул-жам яшаб турган, уларнинг аждодлари азал-азалдан истиқомат қилган ҳудуд назарда тутилса, бу кенг маънодаги тушунчадир. Киши туғилиб ўсган уй, маҳалла, қишлоқ назарда тутилса бу тор маънодаги тушунчадир. Ибн Халдун: «Ватан – бу инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғидир», – деб таъриф берганлар.

Бир инсонни ўз ватанидан бадарға қилиш, мажбурлаб чиқариб юбориш оғир гуноҳлиги муқаддас китобларда таъкидланади. Жумладан, Қуръони каримда: «Эсланг, сизлардан «Бир-бирларингизнинг қонингизни тўкмайсиз, ўзларингизни (бир-бирингизни) юртингиздан бадарға қилмайсиз», – деган аҳдингизни олган эдик», – дейилади (Бақара, 84). Бундан кўриниб турибдики, Ватандан бадарға қилиш қатл қилишдан кейинги энг оғир гуноҳлардан экан. 

Пайғамбар алайҳиссалом Маккадан Мадинага ҳижрат қила туриб, Макка чегарасига етганларида тўхтаб, орқаларига қараб: «Эй, туғилган она юртим, агар ўз қавмим мени мажбур қилмаганларида, сени тарк этмас эдим», – деб ноиложликдан кўчиб кетаётганларини изҳор қилган. 

Буюк шоир ва саркарда, давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ҳам Ватанни севишга ёрқин мисол бўла олади. Ўз даврининг йирик ва қудратли давлатларидан бири – Ҳиндистондек мамлакат ҳукмдори бўла туриб, бир умр Андижонини, сўлим Фарғонасини, бобокалонларидан мерос Самарқандини қўмсаб ўтади, ижодининг салмоқли қисмини Ватан соғинчига бағишлайди. ХХ аср ўзбек маърифий адабиётининг вакилларидан бири, фақиҳ, тарихчи, таржимон ҳамда маърифатпарвар шиор Алихонтўра Соғуний (1885 1976) ўзларининг «Биздан эмасдилар, Ватанни севмаганлар» номли шеърий тўпламида Ватанни севиш, унинг озодлиги ва осойишта ҳаёти қадрига этиш, шу билан бирга унинг хизматида камарбаста бўлишга чақиради.

Олтинкўл туман бош имом-хатиби Муҳаммадюсуф домла Тўрақулов