Аллоҳ таоло беҳисоб неъматлар берганки, мана шу неъматлар ичида энг улуғларидан бири тинчлик ва осойишталик неъматидир. Тинчлик ҳукмрон бўлган юртда тараққиёт бўлади. Сир эмаски, Раббимиз таоло юртимизни мана шу неъмат билан ҳам сийлаб, юртимизни турли хил офатлардан ҳимоя қилиб турибди. Эътироф этиб айтамизки, бу тинчлик неъматини неъмат ўларлқ ушлаб туришда юрт посбонларининг ўрни беқиёс.
Муқаддас Ислом дини Ватан ҳимоясига камарбаста бўлган мард ўғлонларни алоҳида қадрлайди. Уларнинг беқиёс хизматлари баробарига улкан ажр-савобларни ваъда қилган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунларни посбонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди”. (Термизий ривояти).
Ватан ҳимояси ҳаёт –мамот масаласи, уни қўриқлаш мардларнинг иши, Ватанни севиш, ватанпарвар бўлиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаш, соғиниб яшаш айнан мўминликнинг сифатларидандир.
Макҳул раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинди: Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Форс еридаги қалъада чегарачилик қилиб турган Шураҳбил ибн Симат билан учрашганда унга деди:
— Сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган бир ҳадисни айтиб берайми, у сени янада руҳлантиради деб умид қиламан?
— Шураҳбил: майли айтиб бера қолинг—деди.
— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман. Ул зот айтар эдилар: “Бир кун чегарада пойлоқчилик қилиш бир ой кундузи рўза тутиб кечаси намоз ўқиб чиққандан яхшироқдир! Кимки чегарачилик жараёнида ҳалок бўлса, қабр азобидан омон бўлади! Унинг амали то қиёматга қадар кўпайиб туради!”.
Яна ул зот раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинди:
Чегарачилардан бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурига келиб деди:
— Мен тоғда бир ғорни кўрдим. Унга кириб тинимсиз ибодат билан машғул бўлсам, то ўлгунимча намоз ўқисам дейман, шунга нима дейсиз, Эй Аллоҳнинг Расули?
— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ йўлида бир кун пойлоқчилик қилишларинг ўз аҳли орасида олтмиш йил намоз ўқиганидан хайрлироқдир!”.
Демак, ушбу ҳадислардан маълум бўладики, юртни, Ватанни қўриқлаш жуда қийин ва масъулиятли вазифа бўлиши билан бир қаторда, ўзига яраша катта ажр-савобли иш ҳамдир.
Она Ватанимиз тинчлиги мард, жасур, юрагида ўти бор ўғлонларимиз қўлида. Ватанимиз посбонлари юртимиз сарҳадларини сидқидилдан мустаҳкам ҳимоялаб келаётган, ўзини мана шу юртнинг тинч-осойишталиги учун фидо қиладиган ўғлонларимизни ҳар қанча эъзозласак, ардоқласак арзийди. Фидокор ҳимоячиларимиз бор экан, юртимиз, халқимиз, оиламиз келажагидан кўнглимизни тўқ қилсак ҳам бўлаверади.
Биз ҳамиша юртимизда кечаётган тинчлик – осойишталикларга шукрлар келтириш билан биргаликда, Ватанни асраб – авайлаш ҳаммамизнинг энг олий вазифамиз эканлигини ҳам ҳеч қачон унутмаслигимиз керак бўлади.
Салимжон домла Матғозиев
Андижон тумани бош имом хатиби
“Аммор ибн Ёсир” жоме масжиди имом хатиби