Табиийки, инсон қаерда дунёга келса ана шу ер унинг учун қадрли Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алишиб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “”Қасос” сурасида :
“Қуръони каримни (етказишни) Сизга фарз қилган зот, албатта, сизни қайтиш жойига қайтаради”, деб марҳамат қилади. Саҳобаларнинг алломаси Ибн Аббос р.а. “қайтиш жойи” дан мурод- Макка шаҳри деб тафсир қилганлар.
    Бу оятнинг ваҳий қилиниши сабаби қуйидаги ходиса бўлган:
Росулуллоҳ с.а.в ва Абу Бакр Сиддиқ р.а. Маккадан Мадинага ҳижрат учун кетаётганларида, Мадина яқинидаги Жуҳфа деган жойда манзил тутадилар. Шу ерда ўзлари туғилиб ўсган, ота боболари яшаб ўтган муқаддас Макка тарафига қараб уни ташлаб кетаётганлари учун қаттиқ изтиробга тушадилар. Ана шунда Аллоҳ юқоридаги оятни тушириб, у зотга таскин беради. “Ибн Абу Хотам ривояти) яъни Эй, Ҳабибим Муҳаммад, сиз кўп ҳам ғамга ботманг, мен сизни яна она шаҳрингизга қайтараман. Уларшу холда кетар эканлар орқаларига ўгирилиб, яъни Маккага қараб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишимга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз иҳтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”-деганлар.
    Усайл деган саҳоба р.а. Маккадан Мадинага келиб Росулуллоҳ с.а.в. нинг ҳузурларига киради. Шунда Оиша р.а. ундан Макка ҳақида сўраб, келаётганизда Макка қандай эди?, дейдилар. Аллоҳ ҳаққи мен келаётганимда, Макканинг водийлари ям-яшил, изхирлари (ўсимлик) ниш отган, салли (Маккада ўсадиган ўсимлик) лари барг чиқарган эди дейди Усайл р.а. унинг сўзлари Росулуллоҳ с.а.в. эшитиб: “Эй, Усайл, бизни маҳзун этма(бошқа ривоятда бас, эй, Усайл кўнглимизни ғамга тўлдирдинг), деган эканлар.

Мухаммадабдулло домла Ахмедов

Муаззинбой масжид имом хатиби