“Вақф” фонди минг оилани кўнглини олди

1079

 

Ҳаммаларимизга маълумки хозирги кунди бугун ер юзидаги инсоният мисли кўрилмаган оғир синовларни бошдан кечирмоқда.
Кўз илғамас хатар барчага бирдек таҳдид солмоқда. Охирги кунларда заминимизда содир бўлаётган ташвишли воқеалар ҳар биримиздан ҳамжиҳатликда яшашга, меҳр-оқибат ришталаримизни яна бир бор ўйғотди десак асло муболаға бўлмайди.
Ушбу жараёнларга эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги имом-хатиблар, шунингдек, “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Ахир Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам ҳам “Инсонларнинг энг яхшиси – бир бирларига манфаати тегадигонларидадир” деб марҳамат қилганлар.
Ислом динимизнинг ҳам буюк шиорларидан бири бу инсонлар бир-бирлари билан меҳр-оқибатда, ҳамжиҳатликда яшашга тарғиб қилишдан иборатдир.
Рамазон меҳр-мурувват ойидир. Бу ойда қилинган ҳар бир яхшиликка Аллоҳ таоло етмиш баробар савоб беради. Шунинг учун ҳам қалбида иймони бор бўлган ҳар бир мўъмин-мусулмон бу ойда кўпроқ хайрли амалларни қилишга интилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳам Рамазон ҳайити байрами арафасида Республика бўйича ҳар бир вилоятда мингдан ортиқ хонадонларга озиқ-овқат маҳсулотларини беминнат тарқатишни мақсад қилиб олиб, шу кунларда манашу хайрли иш бутун Республикамиз бўйлаб амалга оширилмоқда.
Жумладан, Андижон вилоятида ҳам жорий йилнинг 23-май куни тонгидан бошлаб Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллигида вилоят бош имом-хатиби бошчилигида “Вақф” хайрия жамоат фонди вилоят филиалининг “Вақф” карвонлари вилоятдаги мингдан зиёд кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор бўлган хонадонлардан хабар олиб, уларга бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари (ўсимлик ёғи, гуруч, шакар, чой ва макарон), шунингдек кийим кечаклар хадя қилдилар.
Албатта бундан кўзланган мақсад эса, падемия даврида кам таъминланган оила қатламларига ҳам Рамазон хайити байрами шукуҳини улашишдан иборатдир.
Аллоҳ таъоло ҳаммаларимизга Рамазон ҳайити байрамини мубораклик қилсин. Осмонимиз доимо мусаффо, халқимизни эса фаровон ҳолатда хаёт кечиришлигини яратганнинг ўзи насиб айласин.

“Вақф” хайрия жамоат фонди
Андижон вилояти филиали раҳбари Н.Қодиров