Уйда оила аъзолар билан ҳайит намозини ўқиш мумкинми?

1291

400-CАВОЛ: Бугунги кунда бутун дунёда пандемия шароити, юртимизда ҳам карантин эълон қилинган. Мана шундай вазиятда ҳайит намоз ўқиладими? Агар бунга рухсат берилмаса, уйда оила аъзолар билан бирга ҳайит намозини ўқиш мумкинми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳанафий мазҳабимиз бўйича ҳайит намозини бирор узр сабабли масжидда катта жамоат билан адо этиш имкони бўлмаганда уни уйда алоҳида жамоат билан ўқиш жоиз эмас. Бу ҳақда уламоларимиз алоҳида таъкидлаб ўтишган. Жумладан ҳанафий мазҳабининг мўътабар фиқҳий манбаи “Баҳрур роиқ” китобда шундай дейилади: 

(ولم تقضَ إن فاتت مع الإمام): لأن الصلاة بهذه الصفة لم تعرف قربة إلا بشرائط لا تتم بالمنفرد

яъни: “Имом билан бирга ийд намозини адо этиш имкони бўлмаса уни қазо қилинмайди. Чунки шариатимизда ийд намозини маълум шартларга кўра ўқиш маълум бўлиб, ёлғиз ўқувчи киши учун ушбу шартлар мукаммал бўлмайди”
Ҳайит намози дуруст бўлиши учун ҳайит намозини ўқилишига умумий рухсат (изни омма) бўлиши ва ҳайит намозини одамларга муфтий томондан тайинланган киши ўқиб бериши керак. Ҳайит намозини уйда ўқилганда мана шу шартлар топилмайди, натижада намоз дуруст бўлмайди. Бу ҳақида Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:

الْإِذْنُ الْعَامُّ وَهُوَ أَنْ تُفْتَحَ أَبْوَابُ الْجَامِعِ وَيُؤْذَنَ لِلنَّاسِ، حَتَّى لَوْ اجْتَمَعَتْ جَمَاعَةٌ فِي الْجَامِعِ وَأَغْلَقُوا الْأَبْوَابَ وَجَمَعُوا لَمْ يَجُزْ

яъни: “Умумий рухсат – жомеъ масжиди очилиб, одамлар киришига рухсат бўлишидир. Ҳатто, агар масжидда бир жамоат йиғилиб, эшикни ёпиб олиб жума (ёки ҳайит) намозини ўқисалар, намозлари дуруст бўлмайди” (“Раддул муҳтор” китоби).
Бундан умумий рухсат бўлмаганда, ҳатто бир жамоат масжидга кириб, ўзларича жума ёки ҳайит намозларини ўқисалар ҳам, намозлари дуруст бўлмаслиги маълум бўлмоқда.

Айни пайтда аксар мусулмон юртларининг халқаро ва маҳаллий фатво уюшмалари, уламолари мўмин-мусулмонларнинг жонларини омон сақлаш учун масжидларда йиғилмаслик, хавф ўтиб кетгунча ибодатларни уйда адо этиб туриш қарорига келишган. Бунга етарлича асос борлигини ва масала жиддий эканлигини эслатишган. Жумладан, Германия фатво қўмитаси раиси доктор Холид ҳанафий алоҳида фатво эълон қилиб, унда пандемия пайтида ийд намозини уйда ўқиб бўлмаслигини алоҳида таъкидлаган. Шунингдек, Иордания, Покистон, Ҳиндистонлик уламолар ҳам ушбу фатвони қўллаб-қувватлашган.

? Шуни ҳам эслатиб ўтиш лозимки, вазият тақазосидан келиб чиқиб, ҳайит намози адо қилинмаса ҳам, байрам шукуҳини сақлаб қолиш учун Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир суннатларини тирилтириш мақсадга мувофиқдир. Абу Саъид разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:

كَانَ رَسُولُ اَللَّهِ صلى الله عليه وسلم لَا يُصَلِّي قَبْلَ الْعِيدِ شَيْئًا، فَإِذَا رَجَعَ إِلَى مَنْزِلِهِ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ
(رَوَاهُ اِبْنُ مَاجَهْ بِإِسْنَادٍ حَسَنٍ)

яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ийд намозидан аввал нафл намоз ўқимасдилар. Қачон уйларига қайтсалар икки ракат намоз ўқирдилар” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Мўътабар ҳанафий фиқҳий манбаларидан бири “Мажмаъул анҳур” китобида шундай дейилади:

اعْلَمْ أَنَّ صَلَاةَ الْعِيدِ قَائِمَةٌ مَقَامَ الضُّحَى فَإِذَا فَاتَتْ بِعُذْرٍ يُسْتَحَبُّ أَنْ يُصَلِّيَ رَكْعَتَيْنِ أَوْ أَرْبَعًا وَهُوَ أَفْضَلُ

яъни: “Маълум бўлсинки, ҳайит намози Зуҳо намозининг ўрнига қўйилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзал”.

Хулоса ўрнида айтамизки, ҳозирги шароитда ҳаммамиз иттифоқ бўлиб, шариатимиз кўрсатмаларига амал қилишимиз, Аллоҳ таолонинг синов-имтиҳонларидан гўзал суратда ўтишга ҳаракат қилишимиз лозимдир. Валлоҳу аълам.

Манбаа:

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати. @diniysavollar