Нафс тарбияси

555

Тарихдан маълумки, ҳар бир дин моҳиятида нафс тарбияси, инсон ахлоқини яхшилаши муҳим ўрин тутгандир. Нафс тарбияси бўйича Аллоҳ таоло “Ҳашр” сурасида шундай деган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَلْتَنْظُرْ نَفْسٌ مَا قَدَّمَتْ لِغَدٍ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ.
Яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (ҳар бир) жон (эгаси) эртанги кун (қиёмат) учун нимани (қандай амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир”деб марҳамат қилган.
Инсон учун душманларининг ичида энг ёмони шайтон бўлса, инсоннинг нафси ундан ҳам ёмонроқ душмандир.
Шайтон инсонни нафсини ўзига қарши қурол қилиб, Аллоҳ таолонинг йўлидан адаштиришга, гуноҳ содир этишига, дунёсини ҳам оҳиратини ҳам барбод бўлишига олиб боради. Инсон бундан огоҳ бўлиб, охирати учун нимани тайёрлаётганига эътибор бериши учун Аллоҳ таоло огоҳлантирмоқда. Муфассирлар мазкур оятни инсон учун “танбеҳ” (огоҳлантириш) ояти эканини зикр қилганлар. Инсон дунёда қилиб турган фаолияти учун қиёматда жавоб беришини билган кимса, доимо яхшилик сари ҳаракат қилади ва ўзгаларни ҳам унга ундайди.
Шу боисдан ҳам нафс тубанликнинг боши, разолат, жаҳолат, гуноҳларни туғилишига сабаб бўлгувчи омилдир. Нафсининг ҳою ҳавасларига эргашувчи, нафсига қул бўлувчи кимса Аллоҳ таолонинг раҳматидан, дунё ва охиратидаги яхши манзил ва мақомидан айрилган бўлади. Бугунги кунда нафсини қули бўлган кишилар, тубанлик гирдобига гирифтор бўлмоқдалар. Турли фитналарга, ғаламиз кимсалар, тўдалар, гуруҳлар, замонавий фирқалар, алдовларга, одам савдоси, гиёҳвандлик, порахўрлик каби иллатли разолатларга кириб кетишига сабаб бўлмоқда. Инсон дунёси ва охирати учун ўзига зарарли бўлган қабоҳат, разолат, жаҳолатдан огоҳ бўлмоқлиги учун кишидан илм, маърифат, тафаккур талаб этилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бу борада: “Бир соатлик тафакур бир йиллик (нафл) ибодатдан яхшироқдир”,- деб, ўз умматларини бу ибратлик дунёдан нафсини тарбиялаб, тафаккур ва тадаббур ила ҳаёт кечиришга чоралаганлар.
Нафс тарбия қилинмаса, кишилар ахлоқи яхши бўлмаса, насиҳатлардан манфаат бўлмайди. Чунки яхшиликлар, тараққиёт, маърифатнинг тарқалишида инсон нафси, ахлоқининг яхшилиги муҳим ўрин тутади. Нафси, ахлоқи тарбия топган инсонлар яшайдиган оилада, жамиятда, эл-юртда доимо ободончилик, ривожланишлар бўлади. Нафсига қул бўлган, тафаккур қилмаган, илм ўрганмаган кимсалар яшайдиган эл-юртда доимо тафриқалар, зиддиятлар, ноҳақ қон тўкилишлар, ахлоқий ва маънавий бузуқликлар келиб чиқади. Натижада Аллоҳ таолонинг балолари ёғилади.
Сулайман (а.с.): “Менинг наздимда, нафсини синдириб, уни тарбия қилган киши, ёлғиз ўзи бир шаҳарни босиб олган жангчидан ҳам кўра яхшироқдир” деганлар. Кишилик жамиятини обод бўлиши ва унинг тараққиёти учун кишилар нафсини тарбия қилмоқлиги фазилатли амаллардан ҳисобланади.

Аллоҳ барчамизни Рамазондан кейин ҳам нафсимизни тарбияси билан машғул бўлмоқликни насб айласин!.

Шохимардон домла Орипов
Улуғнор тумани
“Овулмат” жоме масжиди имоми