Уйда қолинг! Аммо бекор ўтирманг!

1019

Аллоҳ таоло инсонни ердан яратди. Унинг зиммасига яна шу қайтадиган жой-ерни обод қилиш вазифасини юклади. Бу ҳақиқат оятларда очиқ-ойдин айтиб қўйилди. Ҳадиси шарифларни ўқир эканмиз, оятларга шарҳ ўлароқ, уларда ҳам ерни обод қилишга қаратилган тарғиботларни кўрамиз.

هُوَ أَنْشَأَكُمْ مِنَ الأَرْضِ وَاسْتَعْمَرَكُمْ فِيهَا

“У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди”. (Ҳуд сураси, 61-оят).


Қуръони каримда дарахт ва экишга оид сўзлар жами ўттиз икки ўринда келган.
Ислом дини деҳқончиликка алоҳида эътибор қаратганидан уни фойдаси доимий етиб турадиган яхшиликлар-садақаи жория қаторига қўшди.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَغْرِسُ غَرْسًا، أَوْ يَزْرَعُ زَرْعًا، فَيَأْكُلُ مِنْهُ طَيْرٌ أَوْ إِنْسَانٌ أَوْ بَهِيمَةٌ، إِلاَّ كَانَ لَهُ بِهِ صَدَقَةٌ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон дарахт ё экин экса-ю, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, албатта, шу сабабли у учун садақа бўлур”, дедилар”. (Бухорий ривоят қилган).
Ҳадисдан экилган нарсадан фойда олиб турилар экан, гарчи у оламдан ўтиб кетган бўлса ҳам ёки уни бошқа одамга сотиб юборган бўлса ҳам биринчи эккан инсонга савоб етиб туриши олинади.
Ибн Жарир қилган ривоятда Аммора ибн Хузайма ибн Собит қуйидагиларни айтади: “Умар ибн Хаттобнинг отамга: “Ўз еринга экин экишдан нима маонеълик қилади?” деяётганини эшитдим. Отам: “Мен эртага ўтиб кетадиган қари мўйсафидман”, деди. Умар ибн Хаттоб: “Сенга қасам билан айтаманки, албатта, экасан”, деди. Умар ибн Хаттоб отам билан бирга ўз қўлида экин экаётганини кўрдим”.
Имом Аҳмад Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “У киши (Абу Дардо) Димашқда кўчат экиб турсалар, олдидан ўтиб кетаётган бир одам: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаси бўла туриб, шу ишни қиласанми?” деди. У зот эса: “Сен шошилма, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ким бир дарахт экса-ю, ундан одамми ёки Аллоҳнинг махлуқларидан бирортасими еса, албатта, шу сабабли унга садақа бўлади”, деганларини эшитганман”, деди”.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنْ قَامَتِ السَّاعَةُ وَفِي يَدِ أَحَدِكُمْ فَسِيلَةٌ، فَإِنِ اسْتَطَاعَ أَنْ لاَ تَقُومَ حَتَّى يَغْرِسَهَا فَلْيَغْرِسْهَا». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар Қиёмат қоим бўлса-ю, қай бирингизни қўлида бир дона хурмо кўчати бўлса, Қиёмат қоим бўлгунча уни экишга қодир бўлса, уни экиб қўйсин”, дедилар”. (Бухорий ривоят қилган).
Савол туғилади. Қиёмат бошланган бўлса, экин экишни нима фойдаси бор? Бу саволга улуғ зотларни берган жавоблари билан кифояланамиз.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга айтилди: “Қариганимиздан сўнг ҳам дарахт экамизми?”. У зот айтдики: “Қиёмат қоим бўлганда обод қилувчилар қаторида бўлиб ўлишим, фасод қилувчилар қаторида бўлиб ўлишимдан яхшироқдир”.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Мен на дунё ишида, на охират ишида йўқ инсонга қарашни ёмон кўраман”, деганлар.
Қарангки, қиёмат бошланиб қолса ҳам инсон яхшиликларни қилишдан тўхтаб қолмаслиги керак экан. Ваҳоланки қиёмат бўлиши энг катта ва оғир ҳодиса ҳисобланади. Ундан кейин ҳаёт ўз ниҳоясига етади.
Ҳозирги кунда бутун дунёни коронавирус пандемияси ташвишга солиб турибди. Бу вирус бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Ҳамма жойда карантин эълон қилинди. Шу сабабли, барча одамларни уйда ўтиришга чиқирилмоқда. Лекин бу вақтни бекор ўтказиб юбориш керак дегани эмас. Балки уйда ўтирганимиздан фойдаланиб, уйимиздаги шудгорга ишлов бериб, бўш ерларга бирор кўчатми, экинми экишимиз керак.
Ҳа азизлар! Бу кунлар ҳам вақтинча. Бир кун ўтиб кетади ва ўтмиш китобига тарих бўлиб ёзилади. Ҳали қиёмат қоим ҳам бўлгани йўқ. Ҳаёт эса давом этмоқда.
Ҳурматли юртдошлар! Уйда ўтир дейилдими, жуда зарур сабаб бўлмаса уйда ўтирайлик. Ташқарига заруратсиз чиқмайлик. Аммо бекор ўтирмайлик. Вақтни зое қилиб ўтказиб юбормайлик. Ўз хонадонимиздаги дов-дарахларга ишлов берайлик. Бўш ерлардан унумли фойдаланайлик. Зеро, ҳадисларда кўчат ва экин экиш ҳам садақа дейилди. Садақа эса радди бало ҳисобланади. Иншааллоҳ, шу сабабли бу синовларни Аллоҳ бошимиздан кўтариб, барчаларимизга офият беради.

Равшанбек Ўринбоев

Андижон шаҳар

“Ҳазрати Билол”

жоме масжиди имом-хатиби