Умримизга яна бир ёш қўшилди. Инсон умри бу дунёда экинзор каби бўлиб, ҳосилини йиғиш эса охиратдадир. Шундай экан инсон энг муҳим нарсаси бўлмиш вақтни фойдасиз ишларга сарфламаслиги зарурдир. Агар инсон вақт ва умр қийматини билмай, уни беҳуда ишларга сарф этса, унинг бошига шундай мусибатлар тушадики, у вақт қадрини ва амаллар қадр-қийматини билади. Инсон умри, вақти ҳудди бир бойликка ўҳшайди. Мол-мулкни ишлатишда тежамкор бўлганимиздек, бу ўтаётган вақтимизда унданда тежамкор бўлмоғимиз зарурдир. Зеро, мол-дунёни ҳоҳлаганда жамлаб, исталган жойга сарфлаш мумкин, лекин умр ва вақтни эса, керак бўлганда тўплаб, эҳтиёж тушганда ишлатмоқнинг имкони йўқ. Ҳар бир дақиқа ва лаҳза ўтар экан, Агарчи тўпланган мол-мулкни барчасини сарфланган тақдирда ҳам асло қайтариб бўлмайди. Вақтнинг яна бир хусусияти агар у ўтиб кетса, қайтиб келмайди. Чиққан нафас қайта кирмаганидек, ўтган кунлар ҳам қайта келмас. Вақт инсон сарф қиладиган асосий дастмоясидир. Бозордаги муз сотувчининг: дастмояси эриб битаётган одамга раҳм қилинглар деган гапини эшитиб улуғлардан бири хушидан кетади. Сабаби сўралганида: Биз умр дастмоямиз ўтиб кетаётганига эътибор бера олмаяпмиз деган эди. Маълумки, инсон ҳаёти ўлчовлидир. Вақтни қадрига етган, уни хурмат қилган киши ўзини, ўз умрини хурмат қилган ҳисобланади. Ҳар ким ҳар вақтда ўзи ўйлаган ишни бажара олмайди. Зотан, баъзида пайдо бўлиб қоладиган бўш вақтларда ўша битира олмаган ишларни бажариб олишга имкон туғилади. Мўмин киши мана шундай бўш вақтларни ҳам Аллоҳнинг неъмати деб билмоғи лозим. Аксинча, вақтга бепарво бўлиш умрнинг заволидир. Араб ҳикматларидан бирида: “Вақт-қилич кабидир, агар сен ундан унумли фойдаланмасанг, у умрингни кесади”-дейилган. Буюк олим ва воиз имом Хасан Басрий (р.а.) айтадилар: “Ҳар кун тонг ёришганда Аллоҳ таоло томонидан бир жарчи: “Эй Одам боласи! Мен янги кунман. Сенинг барча амалингга гувоҳман. Мендан бу кунда солиҳ амаллар қилиб, фойдаланиб қол, чунки мен кечқурун ботиб кетаман то қиёматгача сенга қайтмайман, -деб жар солади”. Пайғамбаримиз алайҳис салом “Кимки исрофга йўл қўйса у харом амал қилган бўлади”-деганлар. Исроф дейилганида фақат маблағ ёки мулкни совуриш тушинилмайди. Қимматли вақтни беҳуда ўтказиш, фойдали ишларга сарфламаслик ҳам исрофдир.
Азиз юртдошлар! Мол зоеъ кетса, унинг ўрнини тўлдиришимиз мумкин, лекин вақт зоеъ кетса, унинг ўрнини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайди. Шундай экан, умримизнинг ҳар дақиқасидан хайрли ишларни амалга ошириб, унумли фойдаланайлик, умрни беҳуда ишларга сарфлаб, уни зоеъ қилмайлик!
Муҳаммадюсуф домла Тўрақулов,
Олтинкўл туман бош имом-хатиби