Умр инсонга бир маротаба берилади

788

Аллоҳ таоло Одамни ўз қудрати билан яратиб, фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар», деб буюрган. Фаришталар Аллоҳнинг амрига итоат қилиб, Одам (а.с.)га таъзим саждасини адо қилдилар. Шундан сўнг Аллоҳ таоло инсонга хитоб қилиб:
«Бутун Ер ва осмонни инсоният учун яратдим», деб марҳамат қилди. Парвардигор инсонга ақл-идрок бердиким, токи ҳаёт ва унинг неъматлари қадрига етсин ҳамда дунёга фақат бир марта келишини билсин, ҳаётда учрайдиган баъзи қийинчилик ва мусибатларни сабру қаноат билан енгсин.
Исломда инсон жони алоҳида қадр қийматга эга. У жон қандай жон бўлишининг фарқи йўқ. Ҳар бир инсон яшаш ҳаққига эга. Инсонни бу ҳақдан ҳеч ким маҳрум эта олмайди.
Шу сабабдан, инсон ўзини ўзи ўлдириши ҳам мумкин эмас. Чунки, инсон бировга жон ато қила олмаганидек, ўзига ўзи ҳам жон ато қила олмайди. Унга жонни фақат Аллоҳ таологина беради. Шунинг учун ундан жонни фақат Аллоҳ таологина олади.
Мусулмон инсон бошидан ҳар қанча қийинчилик ўтса ҳам, худди бировни ўлдириши мумкин бўлмаганидек, ўзини ўзи ўлдириши ҳам мумкин эмас. Бу ношукурлик ва Аллоҳга нисбатан одобсизлик бўлади. Шунинг учун ҳам бу дунёда ўзини ўзи ўлдирган одам у дунёда алоҳида қаттиқ азобларга дучор бўлади.
Минг тассуфки, сўнги вақтларда нафақат хориж ўлкаларида, балки Ўзбекистонда ҳам ўзини осиб қўйгани, ёқиб юборгани хусусида хабарлар элас-элас қулоғимизга чалинмоқда. Ўзжонига қасд қилганларнинг айримлари тирик қолган бўлса, бошқалари Аллоҳ берган улуғ неъматлардан бири тирикликдан ўз қўллари билан маҳрум бўлишди.
Аллоҳ бизни азиз қилгач, ўзимизни ҳам бировни ҳам жонига суюқасд қилишдан қайтарди. Ва бундай ишни қилган кишини аламли азоб кутишини баён қилди.
«Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай».
Бу бировни ўлдирган кишининг жазоси. Одам ўзини ўлдирса унинг жазоси янада қийинлашади. Бу ҳақда Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
яъни: “Ким бу дунёда ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ҳам унга ўша нарса билан азоб берилади”. (Имом Бухорий ривояти).
Дўзахда абадий қолишнинг ўзи бир катта мусибат бўлса, энди у ерда ҳар лаҳза ўзини қийнаб ўлдириш яна бошқа бир аламли мусибат ва азобдир.
Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзини мишқослар билан ўлдирган одамни олиб келинди. Бас, У зот унга жаноза ўқимадилар».
«Мишқос» – кенг тиғли, пичоққа ўхшаш нарса.
Ўзини ўзи ўлдириш Исломда қаттиқ қораланади. Бу иш мўмин-мусулмон одамга мутлақо тўқри келмайдиган иш.
Ўзини ўзи ўлдириш Аллоҳнинг қазои қадарига норози бўлиш, Аллоҳ берган ҳаёт неъматига нонкўрлик қилиш, осийлик ва иродасизликдир. Ўзини-ўзи ўлдириш мусулмонларга хос бўлмаган қўрқоқлик ва номардликдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзини ўзи ўлдирган одамга жаноза намози ўқимаганлари бу одамнинг қилган номаъқулчилиги учун муносиб жазо ҳамдир. Охиратда эса, алоҳида жазолар бўлади.
Жундуб ибн Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Сизлардан олдинги умматдан бўлган бир кишининг баданига тошма тошган эди. Тошма унга озор беравергач камон ўқини қинидан олиб, ярани тирнай бошлади. Ундан чиққан қон тўхтамай оқибатда у киши ўлди. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам шошиб ўзини ўлдирди. Шунинг учун жаннатни унга ҳаром қилдим”,деди (Имом Бухорий ривояти).
Демак, ўз жонига қасд қилганлар билиб қўйсинларки бунинг оқибати ўта аянчли экан. Зотан, бундай инсонга жаннатнинг ҳаром қилиниши унинг мутлоқ бадбахт эканига кифоя қилади.
Шундай экан, охиратга иймон келтирган ҳар бир одам ўзини ўлдиришдан сақлансин! Бу имтиҳон дунёнинг синовларини юбораётган зот Аллоҳ эканини ва бу имтиҳонга сабр қилса, сабрнинг мукофоти жаннат бўлишини билсин!
Аллоҳим барчаларимизга бу синов дунёда Ўзи айтгандек яшаб ўтишни насиб айласин! (Омин!)

Андижон шаҳри “Бобо Таваккул”

жоме масжиди имом – хатиби

Кенжаев Нодирбек