Ёшлар ўртасида экстремизм ва терроризмни олдини олиш!

685

Ҳозирги кунда муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда.
Барчамиз гувоҳи бўлаётганимиздек, сўнгги йилларда қатор мусулмон мамлакатларида гўёки ҳақиқий “исломий давлат” қуриш шиори остида очиқдан-очиқ зўравонлик, инсонийликка зид ваҳшийликларга асосланган амалларга қўл ураётган турли гуруҳ ва жамоалар кўпайиб кетди. Бунга Ироқ ва Сурияда “Ислом давлати” гуруҳи томонидан муттасил равишда амалга оширилаётган оммавий қатллар, Афғонистон ва Покистондаги толибон жангарилари томонидан мактаб, мадраса ва масжидларнинг портлатилиши яққол мисол бўлади. Жоҳиллик шу даражага бориб етдики, ўзларига “Ислом давлати”, “Толибон (мадраса ўқувчилари)” каби бир қарашда жозибадор, кишининг эътиборини ўзига тортадиган номларни қўйиб олган бу нобакорлар ҳеч бир айби йўқ болалар, аёллар ва қарияларни ҳам аямай қирғин қилмоқдалар.
Дарҳақиқат, бугунги кунда исломни даъво қилаётган, бироқ қилаётган ишлари исломга бутунлай бегона бўлган террорчилар ер юзида фитна қилмоқдалар. Бундай гумроҳ жамоалар ҳақида гап кетар экан, албатта биринчи бўлиб кўз олдимизда иши одамларни қатл қилиш, уларни тириклай ёқиш, ўзгалар мулкини талаш ва биноларни вайрон қилишдан иборат бўлган “Ироқ ва Шом ислом давлати” ташкилоти гавдаланади. Улар тинч аҳолини, уламоларни ўлдирадилар, инсонларни ўғирлайдилар, элчиларни қатл этадилар, масжид ва ибодатхоналарни вайрон қиладилар, озод инсонларни қул қилиб сотадилар, ўзлари кофирга чиқариб “асир” олган муслима қиз ва аёлларни зўрлайдилар, уларга “чўрилик” тамғасини босиб, фаҳш ишларга шўнғийдилар. Уларнинг бу қилаётган разолатлари нафақат ислом динига, балки инсонийликка ҳам тўғри келмайди. Барчамиз кўзимизни юмиб бир фараз қилиб кўрайлик, агар Расулуллоҳ (с.а.в) бугун орамизда бўлганларида бўлаётган бу ишларга нима дер эдилар?! Бутун оламларга раҳмат бўлган Расулуллоҳ (с.а.в) ислом номидан қилинаётган шу жиноятларни оқлашлари мумкинми?! Йўқ албатта, у зот алайҳиссалом бу ҳолатга ҳеч қачон рози бўлмасдилар. Балки у зот (с.а.в): “Мен ҳажжатул-вадоъда: “Эй Аллоҳнинг бандалари, эҳтиёт бўлинглар, тағин мендан кейин бир-бирининг бўйнига урадиган кофир бўлиб кетманглар!” деб сизларни огоҳлантирмаганмидим?!” деган бўлармидилар…
Афсуски, турли диний экстремистик оқимларнинг маддоҳлари томонидан фаол тарзда, шу жумладан, Интернет орқали олиб борилаётган тарғибот таъсирида айрим ёшлар Афғонистон, Покистон, Сурия, Ироқ каби мамлакатларга гўёки “ҳижрат” қилиб, ўзларини “ҳақиқий мусулмон”ларга қўшилгандек ҳис қилмоқдалар, сохта даъволарга сархуш бўлиб, Ватани, ота-онаси ва оиласини ташлаб кетмоқдалар.
Айниқса, кейинги вақтда баъзи ёшларимиз Сурия, Ироқ, Ливия каби мамлакатларда инсониятга қарши жиноятлар содир этиб, ўзини “Ироқ ва Шомдаги исломий давлат” (ИШИД) деб атаб олган гуруҳ томонидан олиб борилаётган манфур тарғиботнинг домига тушиб қолмоқдалар. Бундай ёшлар юқорида қайд этилган ҳудудларда одам ўлдириш, аҳоли корига ярайдиган маиший биноларни вайрон қилиш ва кўнгли тусаган бошқа жиноятларни содир этишни гўёки “жиҳод”, бу разил ишларни амалга ошираётган шахсларни эса “мужоҳид” санайдилар, уларнинг сафига қўшилишни эса мусулмонлар учун фарз ҳисоблаб қаттиқ адашмоқдалар.
Нобакор кимсалар ёшларни ўз тузоқларига илинтиришда “ўргимчак тўри”дан усталик билан фойдаланишмоқда. Улар ўзларини “яқин дўст” ёки “ҳидоятга чорловчи” сифатида кўрсатиб, ёшларни тўғри йўлдан чалғитмоқда. Биринчидан, уларнинг дин ва шариат ҳақида умуман илмлари йўқ, фақатгина тўдабошидан ёдлаб олганларини такрорлашдан нарига ўтмайдилар. Иккинчидан, улар бу жоҳиллиги билан бошқаларни ҳам жар ёқасига тортаётгани ва кимнингдир ноғарасига ўйнаётганини билмайди. Масалан, улар аввал дину диёнат, ибодат, жаннат ҳақида турли жозибали сўзларни гапириб, ғўр ёшларни йўлдан уриб, охир-оқибатда, қўпорувчилик қуролига айлантирмоқда.
Натижада осойишталикни кўролмайдиган ҳасадгўй кимсалар халқимиз орасида норозилик кайфиятини уйғотиш мақсадида, гўёки диёримизда “диний эркинлик йўқ, ибодат қилувчилар таъқиб остида, исломий билим олиш чекланган” деган уйдирмаларни интернет сайтларида тарқатишмоқда. Аслида, бу иддаолари асоссиз, таги пуч гаплардир. Чунки бугун юртимизда икки мингдан зиёд масжид намозхонлар билан тўла. Масжидларимиздаги шароитлар, катта қулайлик¬лар кишини қувонтиради. Бундай жомелар йирик мусулмон мамлакатларида ҳам йўқлигини барча эътироф этмоқда. Минглаб юртдошларимиз Ҳаж ва Умра ибодатларини ҳам бемалол эмин-эркин адо этишмоқдалар. Диний таьлим олиш борасида ҳам ўндан ортиқ мадрасалар, Тошкентдаги “Имом Бухорий ислом институти, Бухородаги “Мир Араб” олий мадрасаси, Самарқандаги “Имом Бухорий” халқаро илмий матаби ва бир нечта диний-илмий мактаблар фаолият олиб бормоқда.
Демак, шундай хайрли бунёдкорлик ишларни кўра-била туриб, кўрмасликка олиш, аксинча ғирт ёлғон, туҳмат ва бўхтон гаплар тарқатиш айни ғаламисликдир. Оқни қора дейиш, ёлғон гувоҳлик бериш динимизда қаттиқ қораланади. Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ёлғон гувоҳлик берувчининг икки оёғи қўзғалмай туриб, Аллоҳ унга дўзахни вожиб қилади”, деганлар (Ибн Можа, Ҳоким ривояти).
Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки юртимизда тинчлик, фаровонлик ва миллатлараро ўзаро тотувлик ҳукм сурмоқда. Бу бебаҳо неъматларнинг қадрига етиш барчамизнинг бурчимиздир. Бу тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ албатта. Бу авваламбор Аллоҳ таолонинг бизга раво кўрган чексиз инояти бўлса, иккинчидан, Юртбошимиз бошчиликларида узоқни кўзлаб олиб борилаётган оқилона сиёсат, она юрти ҳимоясида эртаю кеч хизматга шай ҳарбийларимиз, ёшлармизни ватанга садоқатли, инсонпарвар ва билимли этиб тарбиялаш йўлида хормай меҳнат қилаётган устоз ва мураббийларимиз ҳамда халқимизнинг диний маърифатини ошириш, уларни соф исломий қадриятлар асосида имон-эътиқодли комил инсонлар бўлиб етишишларида улкан хизмат қилаётган имом-домлаларимизнинг саъй-ҳаракатлари натижасидир. Шундай экан, бу олий неъматларнинг қадрига етишимиз, уларнинг шукрини гўзал тарзда адо қилишимиз бизлар учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Андижон шаҳри “Бобо Таваккул”
жоме масжиди имом – хатиби
Кенжаев Нодирбек
“Ислом ва ақидапаст оқимлар” китоби ёрдамида тайёрланди.