Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ҳазратларидан ривоят қилади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазратлари Иброҳим алайҳиссалом ҳақларидаги: 

رَبِّ إِنَّهُنَّ أَضْلَلْنَ كَثِيرًا مِّنَ النَّاسِ فَمَن تَبِعَنِي فَإِنَّهُ مِنِّي وَمَنْ عَصَانِي فَإِنَّكَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ

«Парвардигорим, у бутлар кўпдан-кўп одамларни йўлдан оздирдилар. Бас, ким менга эргашса, ана ўша мендандир (яъни, менинг динимдадир). Ким менга 
исён қилса, яна Ўзинг Мағфиратли, Меҳрибонсан (яъни, ундай кимсаларни ҳам Ҳақ Йўлга ҳидоят қилишга қодирсан)» (Иброҳим сураси 36-оят мазмуни). 

Исо алайҳиссалом ҳақларидаги: 

إِن تُعَذِّبْهُمْ فَإِنَّهُمْ عِبَادُكَ وَإِن تَغْفِرْ لَهُمْ فَإِنَّكَ أَنتَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ
«Агар уларни азобласанг, улар Сенинг (ожиз) бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг Қудрат, Ҳикмат эгасидирсан» (Моида сураси 118-оят 
мазмуни) оятларни ҳам тиловат қилдилар. 

Кейин қўлларини кўтариб: «Аллоҳим! Умматим, умматим…» деб йиғлай бошладилар. 

Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссаломга амр қилди: «Эй Жаброил! Расулим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнига бор! Раббинг унинг нима учун йиғлаганини яхши билади, сен ундан нима учун йиғлаганини сўра!»

Жаброил алайҳиссалом Жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, нима учун йиғлаганларини сўрадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил 
алайҳиссаломга сабабини айтдилар. Ҳар нарсани яхши билувчи Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссаломга амр қилди: «Эй Жаброил! Муҳаммаднинг ёнига бор! Унга: Албатта, Биз яқинда умматинг ҳақидаги нарсадан сени рози қиламиз ва сени унутмаймиз, дегин!» 
(Муслим, «Саҳиҳ», 301).

«ПАЙҒАМБАРИМИЗНИ ЙИҒЛАТГАН ҲОДИСАЛАР» китобидан.

 

Мансуржон домла Рахимов

Хонобод шаҳар бош имом хатиби