Абу Ҳурайра розяллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, Аллоҳ таоло сизлардан уч нарсада рози, уч нарсада норозидир. Рози бўладигани Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасдан ибодат қилиш, Аллоҳнинг арқонини ҳамма биргаликда маҳкам ушлаш ва фирқаланиб кетмасликдир. Норози бўладигани фойдасиз сўзларни гапириш, кўп савол бериш ва мол-дунёни беҳудага сарф қилиш», дедилар.
Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
“Албатта, Аллоҳ сизларга ота-оналарга оқ бўлишни, қизларни тириклай кўмишни, ҳақдорларга ҳаққини беришдан қайтаришни ҳаром қилди ва беҳуда гап-сўздан, кўп савол беришдан ва молни зое қилишдан қайтардилар”- деган ҳадисни ривоят қилган.
Кўпчилик уламолар; “Ҳадисдаги, “ҳаром қилди”, “қайтардилар” деган сўз ўртасида фарқ йўқдир. Чунки шариат соҳиби “қайтардилар” дейилиши, ҳаром қилди деган маънони ифода этади”, деганлар.
Ҳадисдаги ;“Беҳуда сўз”, одамларнинг гап сўзларига ва улар айтаётган фойдасиз хабарларга шўнғиб кетиш ҳамда ўзларига тегишли бўлмаган нарсаларда баҳс мунозара қилиш деганидир. “Фалончи ундай дебди, фистончи бундай дебди”, каби тайини йўқ, инсониятга фойда ҳам манфаат ҳам келтирмайдиган нарсаларда тортишиб баҳс юритиш, деганидир. Бу ишда ҳеч қандай яхшилик йўқ. Уни айтувчи киши гуноҳ ва ёмонликдан омонда ҳам бўлмайди.
Чунки бу шунчаки қизиқиш, эҳтирос, шовқин-сурон, ортиқча сўз, ғийбат ва ман қилинган жосусликдир. Шунга кўра ҳеч бир шахс ҳақиқатини аниқ билмаган нарсани ёки тўғрилиги исбот қилинмаган хабарни бировларга айтиши жойиз бўлмайди.
Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳи бу каби ишларни: “Гап кўпайтириш, ташвишли ёлғон-яшиқ гаплар ва бефойда ишлар билан шуғулланишдир”- деб баҳо берганлар.
Шунингдек Аллоҳ таоло ҳам ўз Каломида;
“Агар улардан сўрасанг, албатта; “Биз фақат ўзимизча гап қилиб ўйнаётган эдик, холос”, дейишади”– деган . Тавба-65.
Бундан мурод кўп гапиришдан ва қуруқ сафсата сотишдан қайтаришдир. Чунки кўпинча одатда гапи кўпайган одам ўзининг айтаётган сўзида фойдаси йўқ бемаъни гаплар аралашиб қолишидан саломат бўлмайди ва унинг ёлғонга қўшилиб қолиш эҳтимоли катта бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам;
“Бир кишининг ёлғончи бўлиши учун эшитган нарсасини гапиравериши кифоя қилади» – деганлар.
Одамлар орасида турли миш-мишларни кўпайтириш ёлғончилик омилларидан саналиб ноҳақ нарсага эътиқод қилиш ва турли фитналарга аралашиб қолишга сабаб бўлади. Натижада кишилар кўнглидан қолиб, фойдали иш билан шуғулланиш ўрнига бефойда зарарли ишлар билан банд бўлишга олиб келади.
Аллоҳ таоло; “Одамларга яхши гаплар айтинг”- деган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам: “Кимки Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса яхши гап гапирсин ёки сукут сақласин”- деганлар. Шундай экан биз мўмин мусулмонлар кўча кўйда, бозор ва дўконларда хатто телефон ва турли интернет воситаларида ҳам исботи бўлмаган ҳар-хил гап сўзларни тарқатишдан ўзимизни эҳтиёт қилишимиз лозим.
Отабек Хусанов
Олтинкўл туман
“Жалабек ота”
жоме масжиди имом-хатиби