Турли фитна, фасод ишлардан эҳтиёт бўлайлик

1321

Азизлар Ислом уламолари умматни турли фитналардан сақланиш ҳақидаги чора ва тадбирлар ҳақида тўхталиб шундай дейилган:
Уммат ичидаги насиҳат қилувчиларга, улуғларга ва масъулларга яқин бўлиб, улар атрофида жипслашиш, хусусан фитна ўринларида улардан асло узоқлашмаслик. Бу ҳақда Ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Ҳазрати Расул акрам (с.а.в) шундай деганлар:“Барака улуғларингиз билан биргадир”.

Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига ақл билан теран назар ташлайди, келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарни олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади.
Аксинча, ғофил, бепарво ва лоқайд бўлган кимса эса атрофида нималар бўлаётганига ҳам эътибор бермай, охир оқибат турли бало ва мусибатларга дучор бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ақл-фаросати ва онгини ишлатмайдиган, ўзининг ким эканлигини англаб етмаган, бугунги куннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртаси ҳақида, Ватан тинчлиги, миллат осойишталиги ҳақида қайғурмайдиган кимсалар ҳақида шундай марҳамат қилади:
“Жаҳаннам учун жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан «кўрмайдилар». Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан “эшитмайдилар”. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир”.
Тафсир китобларида ушбу оятдаги “англамайдилар”, “кўрмайдилар”, “эшитмайдилар” феъллари мажозий маънода айтилган бўлиб, ҳақ гапни эшитсалар-да, тафаккур қилмаганлари, ҳидоят ва тўғри йўлни кўрсалар-да, унга юрмаганлари, панду насиҳатни эшитсалар-да унга амал қилмаганлари қораланмоқда.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) ҳаёт вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажак асрларда вужудга келиши мумкин бўлган, халқ ва миллатлар бирлиги ва осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб, огоҳ этган эдилар:
“Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминига зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”.
Ёшларимизга, фарзандларимизга таълим-тарбия берганда, насиҳат қилиб, ўргатганда Ватанга муҳаббат ота-она, оиласига, уларни элу юртга қўшган урф-одатлар, удумлар-миллий қадриятларга, улар югуриб ўсган тупроқ, отаси эккан ва у билан бирга улғайган дарахт, онаси тебратган бешикка бўлган муҳаббат эканлигини уқтирайлик. Фақат буни ҳис қила билиш керак, халос. Буни қалбдан сезмаган, элдан чиқиш дегани. Элдан чиқиш эса, имондан қайтиш демакдир. Имонни бут сақланг, азизлар!
Аллоҳ таоло барчаларимизни турли фитналардан ва фитначилардан доимо эҳтиёт бўлишимизга чорлаб ўзининг Каломида бундай амр этади:
“Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир”. (Анфол сураси 25-оят)
Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом умматларини Аллоҳ таолонинг номи билан фитналардан уларнинг ёмонлигидан, адаштиришидан ва гумроҳлигидан паноҳ тилашга йўллаганлар. Баъзи ўтган солиҳ уламоларимиз шундай дуо қилишаркан:
“Эй Аллоҳ! Диндан қайтишлик ёки фитнага мубтало бўлиб қолишимизда сендан паноҳ тилаймиз”. (Бухорий ривояти)
Аксари, ислом уламолари “фитна” деганда динда фитнага тушишни кўзда тутишган. Яъни фитнани имон ҳақиқатларига, ислом хислатлари, сифатлари ва фарзларига бепарво бўлишдан сақланиш, деб талқин қилишган. Айрим уламолар эса Аллоҳ таолонинг китоби ва Расулуллоҳ (сав) суннатларига хилоф ишларнинг вужудга келиши-энг катта фитна деб айтишади. Шунинг учун ҳам барча муҳаққиқ уламолар мусулмонларди ва дунёларида фитналардан сақланиш, Аллоҳ таоло белгилаб қўйган чегаралардан чиқмаслик ҳақида огоҳлантиради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“(Ширк ва маъсиятлар билан) ҳаддан ошувчиларнинг амрига итоат этмангиз! Улар ер юзида бузғунчилик қилурлар ва (ҳеч нарсани) ислоҳ қила олмайдилар”. (Шуаро сураси 151-152)
Шунга мувофиқ инсонларни тўғри йўлдан адаштирувчи асоссиз ғоя сўзларни айтувчи ва тарқатувчи кимсаларнинг ҳатти-ҳаракатларидан барча мусулмонларни эҳтиёт бўлишларига чорлаймиз. Зеро, дин душманларининг фитналари ва фитнага сабаб бўлувчи миш-мишлари Аллоҳ таолонинг қўйидаги ояти каримаси мазмунига мутлақо зид ва хилофдир. Аллоҳ таоло айтади:
“Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар билимсизлик билан (ўзгаларни) Аллоҳ йўлидан оздириш учун ва у (йўлни) масхара қилиш учун беҳуда сўз(лар)ни сотиб олурлар. Ана ўшалар учун хор қилувчи азоб бордир”. (Луқмон сураси 6)
Барчаларимиз Аллоҳ таоло берган беҳисоб неъматларига шукр қилган ҳолда бир-бирларимизга ўзаро насиҳат қилиш, илм ва динда тақвоси билан машҳур уламоларимиз айтган панду-насиҳатларига рағбат кўрсатиб ва уларга амал қилиб боришимиз лозим бўлади. Ўрталаримизда амри-маъруф, наҳий-мункар, мусибатларга сабр қилиш, аҳли сунна ва жамоа билан бир сафда бўлиш, бир-биримизга меҳр-шафқат, меҳрибонлик ва мурувватпарварлик руҳида яшамоғимиз лозим бўлади.
Шунда барчаларимиз дунё ва охират яхшилигига эришиб, иншоаллоҳ муваффақият ва нажот топувчилардан бўламиз. Аллоҳ таборака ва таоло биз мусулмонларга хитоб қилиб бундай дейди:
“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан чинакам қўрқув билан қўрқингиз ва мусулмон бўлмай дунёдан ўтмангиз! Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади”. (Оли-Имрон сураси 102-103)
Ҳар бир мусулмон турли фитна, фасод ишлардан, бузғунчилик, динда фитнага тушиш, хусусан бир жамиятда яшовчи инсонлар ўртасида тафриқа солиш, бузғунчи фикр ва ботил ғояларни тарқатиш каби ношаръий амаллардан эҳтиёт бўлиши зарур. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида яшовчи барча халқлар билан тинч-тотув яшашга интилишимиз, оила, фарзанд тарбиясида муҳим бўлган одоб-ахлоққа риоя этишимиз керак. Ҳар биримиз Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримаси мазмунига амал қилиб боришимиз даркор:
“Ҳар бир жон ўзи қилган яхши ва ёмон амаллари (номаи аъмолида) ҳозир қилинган Кунда (қиёматда) улар (ёмон амаллари) билан унинг ўртаси узоқ масофа бўлишини орзу қилади. Аллоҳ сизларни «Ўзидан» огоҳлантиради. Аллоҳ бандаларга меҳрибондир”. (Оли – Имрон сураси 30-оят)
Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) умматларини замонлар ўтиши билан бошларига келадиган фитналардан огоҳлантириб, нимага амал қилишлари ҳақида хабар берганлар:
Демак, Аллоҳ таоло Ўз ҳабиби Муҳаммад (с.а.в)га умматларининг қиёмат кунига қадар дуч келишлари мумкин бўлган кўплаб фитналар ҳақида хабар берган ва улардан огоҳлантирган. Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Расул акрам (с.а.в) бомдод намозидан то шом намозига қадар вақт ичида бўлиб ўтган ва бўладиган барча фитналардан огоҳлантирган эканлар. Маълумки, фитнага кўплаб сабаблар мавжуд, шулардан айримларини шу ўринда зикр этиш лозим.
Биринчи сабаби: Инсон ҳавойи нафсига эргашиши ва ниятининг бузуқ бўлиши. Бу ҳақда Аллоҳ таоло хабар бериб айтди:
“Эй, Довуд! Дарҳақиқат, Биз сени ерда халифа қилдик. Бас, сен (нафсу) ҳавога эргашиб кетмагин! Акс ҳолда, у сени Аллоҳнинг йўлидан оздирур”. (Сод сураси 26)
Ҳавойи нафс инсонни кўр ва кар қилади. Унинг эгаси ёмонни яхши, яхшини ёмон деб кўрсатади. Аллоҳ ва Унинг Расули йўлига юрмайди, балки нафси буюрганига эргашади, диний таълимотларга гумон ва шубҳа билан муносабатда бўлади.
Иккинчи сабаби: динда ортиқча ғулув-чуқур кетиш ёки ҳаддан ташқари бепарволикка бориш. Аллоҳ таоло ва Унинг Расули динда ғулувга боришдан огоҳлантиради, ҳатто Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар:
“Динда ортиқча ғулувга боришдан эҳтиёт бўлинглар. Зеро ғулувга бориш сизлардан олдин ўтганларни ҳалок этиб, қон тўкишга ва ҳаромни ҳалол қилишга олиб келди”. (Аҳмад, Насоий ва Ибн Можа ривояти)
Учинчи сабаби: Аллоҳ таолонинг барча инсонларни саодатга чорловчи ҳақ йўлидан чекиниб, шубҳали томонларга эргашиш. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:
“У Сизга Китобни (Қуръонни) нозил қилган зотдир. Унда шу Китобнинг «онаси» саналмиш (маъноси) аниқ оятлар ва (шу билан бирга) яна муташобиҳ (маъноси Ўзидан бошқага номаълум) оятлар ҳам бор. Аммо дилларида оғиш бор кимсалар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига мувофиқ маънолар бериш учун унинг (Қуръоннинг) муташобиҳ оятларига эргашадилар. Ҳолбуки, ундай оятлар таъвилини (асл маъносини) фақат Аллоҳнинг Ўзигина билур. Илмда мустаҳкам (ҳаққоний олим)лар эса, дейдилар: «Унга имон келтирдик. Ҳамма (оятлари) Раббимиз ҳузуридандир». (Бундан) фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар”.
Тўртинчи сабаби: бир сўзни айтиш ёки амални қилишда шошилишлик ва сабр-тоқат қилмаслик. Аллоҳ тало айтади:
“Қавмингдан илгарилаб кетишингга нима сабаб бўлди, эй Мусо? У айтди: Улар – ана, изимдан келмоқда. Мен эса, рози бўлишинг учун Сен томон шошдим эй, Раббим”. Аллоҳ таоло қавмининг финтасига мубтало бўлган Мусо алайҳиссаломни сабрга чорлаб, шундай дейди:
“Бас, (эй, Муҳаммад!) Сабр қилинг! Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. (Охиратга) ишонмайдиган кимсалар (қилмишлари) Сизни енгилтакликка (қарғашга) олиб келмасин”!
Юртимизни ва динимизни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан пок сақлаб, Ўзининг ҳифзу ҳимоясига олсин!

«Мунисхон хожи она» жомеь масжиди ноиб-имоми

С. Сотволдийев