Тинчликни қадрига етайлик

1264

Аллоҳ ўз каломида “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ Зотдир!” деб мархамат қилади (Моида, 2).
Мазкур оятда Аллоҳ таоло одамларга яхшилик ва ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга, солиҳ амалларда бир-бирига ёрдамлашишга, бадниятлик ва жанжал-ғавғолардан чекинишга буюрмоқда. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
“Ким ўз биродарига темир парчаси ила ишора қилса ҳам, фаришталар (ўшани қўймагунча) уни лаънатлаб турадилар. Агар ўша ўзининг ота-она бир ака-укаси бўлса ҳам”, деганлар (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти). Ушбу ҳадисда бировга зулм қилиш, қон тўкиш у ёқда турсин, ҳаттоки темир парчаси билан бўлса ҳам бировга ишора қилиб бўлмаслиги ҳақида сўз кетмоқда. Юқоридаги далиллардан динимизнинг тинчликка эътибори нечоғли катта экани яққол намоён бўлади.
Бугунги мураккаб бир даврда инсоният тинчлик, барқарорлик неъматлари қанчалик улкан қийматга эга эканини чуқур англаб етмоғи даркор. Дин байроғи остида талончилик ва босқинчилик, террор ва қўпорувчилик содир этаётган, инсониятга ҳар томонлама зарар етказаётган ҳаракатлар дунёда ижтимоий барқарорликнинг издан чиқишига, миллатлараро ва динлараро адоват, миллатчилик ва диний айирмачилик кайфиятларининг шакл-ланишига замин яратмоқда.
Юртбошимиз таъкидлаганидек, “…ҳушёрлик, огоҳ бўлиб яшаш – бу бир кунлик ёки бир ойлик мавсумий масала эмас, балки кундалик иш, кундалик амалий ҳаракатимиз бўлиши лозим.Шу ўринда ҳаммамиз олдимизга қатъий мақсадларни қўйган ҳолда, шу азиз Ватан, шу улуғ халқ тақдирига дахлдорлик ҳиссини қалбга жо этишимиз зарур.
Олтинкўл туман Муҳаммадраҳим ҳожи жоме масжиди имом-хатиби
Исроил Мадумаров.