ТЎЙЛАРДАГИ БЕБОШЛИКЛАР

557

Халқимиз тўй-тўркинларни яхши кўради. Топганини тўйларга жамғаради. Эл-юртга дастурхон солиб, меҳмон кузатиб кўзи қувонади. Дуо қилса ҳам “тўйларга етказсин” деб дуо қилади. Бир хонадонда фарзанд вояга етар экан, дўстлар, яқинлар ҳар кўрганда тўйни қачон бошлашини сўраб туради.
Қизингиз бўлса, муносиб куёвларни тавсия қилишади. Ўғлингиз бўлса, фалончининг қизи эсли-одобли эканини айтишади. Ҳатто кўнгил яқинлар фарзандлар ҳали чақалоқлик чоғидаёқ қуда бўламиз деб, аҳдлашиб ҳам қўйишади.
Бу олийжаноб хислат бизларга аждодлардан мерос. Тарихий битикларни ўқисак ҳам, халқ оғзаки ижодига назар солсак ҳам, яқин ўтмишдаги кексаларимизнинг хотираларига қулоқ солсак “эл-юртга дастурхон солиб тўю-томошоа қилиб берди” ёки “етти маҳаллага ош тарқатди” деган ибораларни учратамиз. Бу бошқа миллатларда учрамайдиган тантилик.
Хўш, бугунги кунда ўша тантилик қандай кўринишда?
Шунча сарф-харажат қилиб тўй қилишдан асл мақсад ва моҳият нимадир?
Биз нималарга риоя қиляпмизу, нималарга беписандлик қиляпмиз?
Бу тўғрида оммавий ахборот воситаларида, масжидларимизда, жамоат жойларида, турли йиғин ва тадбирларда тўхтовсиз эслатмалар қилинмоқда. Натижалар қай тарзда?
Бир томондан қараганда айрим масалаларда сезиларли ўзгаришлар бўлмоқда, иккинчи томондан эса, яна янги бебошликлар пайдо бўлмоқда.
Унутмаслигимиз керакки, ҳозирги ижтимоий тармоқ ўта ривожланган даврда бизнинг ҳар бир қадамимиз дунё майдонида намоён бўлади. Бутун замин халқлари олдида ўз шаънимиз, қадриятимизнинг оёқ ости бўлишига йўл қўймаслигимиз керак.
На миллатининг, на Ватанининг шаънини ўйламаган, на муқаддас динимиз кўрсатмаларини писанд қилмаган кимсалар ўзларининг нодонликларини фахр ила намойиш қилмоқдалар.
Турнақатор машиналарда келин-куёв сайли кўп бора танқид қилинган эди. Энди бир лавҳада кўрамиз, даврадагиларнинг устидан сочилган пул куёвтўранинг тўпиғини ёпяпти. Оёқ ости кўринмайди. Бу манманликлар, ҳам исроф, ҳам миллий валютамизга ҳурматсизлик эмасми? Қанча-қанча кам таъминланган оилаларнинг кўнглини ўкситиш эмасми?!
Пул сочганлар ўзларича шунчалар “саховатли” экан, нега шу пулларни мактаб ва йўл таъмирлашга сарфламайдилар? Ахир шундай қилса садақайи жория бўлиб, қиёматга қадар савоби етиб турар эди-ку?
Сочган пуллари бўйинларига бўғма илон бўлиб ўралишини наҳотки билмасалар ўша “танти” бойваччалар?
Бир камбағалроқ қариндоши чақирса ёки қўнғироқ қилиб қолса, жавоб беришдан олдин: “Оббо, қарз сўраб қолмасмикин, ишқилиб…” деб пешоналари тиришмайди деб ўйлайсизми?
Эҳтиёт шарт баҳоналарни кўнглига тугиб олиб, кейин сохта табассум ила пешвоз чиқишади. Бошқа юмуш билан келган бўлса, тоза ҳаводан нафас олгандек бўлади. Қарз сўраб қолса: “Эрталабда фалон нарсага тўлаб қўйган эдим-а…” деб “илтифот” ҳам кўрсатиб қўяди.
Мусулмончиликка ҳам, шарқона ахлоқ меъёрларига ҳам мутақо зид бўлган амаллардан яна бири – келин ва куёв европача вальс тушишлари. Неча ой пул сарфлаб рақсга тушишни ўрганиш. Булар ҳамаси исроф эмасми?
Яна бири – фотосессиялар. Шармандачилик! Эр билан хотин бир-бирига ёпишиб туришини ҳатто бир уйда яшайдиган фарзандлари ҳам кўрмаслиги керак. Булар эса на отасидан, на онасидан, на жамиятдан ҳаё қилмасдан суратларни ҳаммага кўз-кўз қилади.
Баъзи хонадонларга кирсангиз меҳмон кирадиган уйда шундай суратлар. Ҳаё қани? Шарм қани? Ибо қани?!!
Эркакдаги орият қани? Ғурур қани? Хотининг расмини бегоналарга кўрсатиб, уларнинг эҳтиросларига сабаб бўлишидан орланмайдими?
Ундан ҳам ўтган шармандалик – ҳамманинг кўз ўнгида бўса олиш…
Мен бу ҳолатга сўз топа олмайман. Фақат қалбим йиғлайди, йиғлайди, йиғлайди…
Танқид келажакнинг меваси экан, бир қанча камчиликлар ҳақида сўз юритдик. Тарғиботларнинг фойдаси бўляпти. Хусусан бугун бир хабарни кўрдим, қалбида инсонийлик туйғулари бўлган бир инсон ўғлини уйлапти. Биз айтган дабдаба ва бебошликдан асар ҳам йўқ. Балки фақат кам таъминланган оилаларга ёрдам берибди.
Демак насиҳатларимиз ҳавога соврилмапти. Келажакка умид кўзи билан қарашга асосимиз бор. Аллоҳдан сўраб қоламиз, барча ишларимиз Ўзининг розилигида бўлишини насиб айласин, беҳуда ва ноинсоний исрофгарчиликларимизга барҳам берсин.Ўзлигимизни унуттириб қўймасин. Динимиз, миллатимиз, юртимиз шаънини юқори қилсин!

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом-хатиби