Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъматдир

12

Тинчлик Аллоҳ таоло бутун инсониятга инъом этган энг улуғ неъматдир. Ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғояси ва муҳим шиорига айлантиргани ҳам бежиз эмас, албатта.
Бу дин кишиларни тинчликни асраб-авайлаш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда баён қилади: «Эй имон келтирганлар! Барчангиз ёппасига тинчлик ишига киришингиз» (Бақара, 208).
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тинчлик ва хотиржамлик ҳақида бундай деганлар: “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар бебаҳрадирлар” (Имом Бухорий ривояти).
Яратганга беадад шукрки, Ўзбекистонда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда. Кўп миллатли бағрикенг халқимиз хотиржам турмуш кечирмоқда. Биз учун тинчлик-осойишталикнинг қадри ўзгача. Донишмандларимиз юрти тинчнинг ўзи тинч, деб бежиз айтмаган. Тинчлик-осойишталик ҳукм сурган жойда, юксалиш, тараққиёт бўлади. Мамлакат гуллаб-яшнайди. Фуқароларнинг турмуши фаровонлашади. Шундай экан, тинчлик-осойишталикка ўз-ўзидан эришиб бўлмаслигини ҳаммамиз тўғри англашимиз керак. Бу ютуқлар қандай қўлга киритилгани, халқимизга хос бўлган сабр-бардош, мамлакат келажагига қатъий ишонч, ҳамжиҳат-ҳамфикр яшаш, тинчлик-осойишталикни асраш, бағрикенглик, ўзаро меҳр-оқибат кўрсатиш каби улуғ фазилатлар ҳақида халқимизга, хусусан, ўсиб келаётган ёш авлодга сўзлаб бериш зарур. Токи, бугунги мураккаб шароитда тинчликни асраш учун огоҳлик, сезгирлик, ҳушёрлик ҳар қачонгидан кўра муҳимлигини улар тўлиқ тушуниб етсин.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тинчлик ва хотиржамлик ҳақида бундай деганлар: “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар бебаҳрадирлар” (Имом Бухорий ривояти).
Халқ орасида фитна қўзғатиш, туҳмат ва иғво тарқатиш йўлидаги уринишлар тинчлик ва хотиржамликни издан чиқарувчи ҳодисалардан ҳисобланади. Бундай ҳаракатлар ислом динининг моҳиятига мутлақо зид экани Қуръони каримнинг Бақара сураси 191-оятидаги “…Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир…”, деган кўрсатмада янада ойдинлашади.
Огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш, тинчликни таъминлаш турли хил кўнгилсизликлар ва хавфу хатарларнинг олдини олишнинг зарурий шартидир. Зеро, ғофиллик ва бепарволик турли нохушликларга замин яратади.
Тинчлик — улуғ неъмат, деб эълон қилган динимизда бу йўлда нафақат амал билан, балки сўз билан ҳам зарар келтиришдан қайтарилган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилганлар: “Ҳақиқий мусулмон – бошқа мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган кишидир”.
Дарҳақиқат, мусулмон киши жамият учун фақат яхшиликни раво кўрмоғи, ёмонликлардан тийилмоғи ва бошқаларга азият беришдан йироқ бўлмоғи зарур. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, сўз, яъни, тилдан етадиган озор қўлдан етадиган зарардан аввал зикр этилаяпти. Чунки қўл билан бошқаларнинг фақат бу дунёси – саломатлиги, оиласи, мулкига зарар етказилади, тил билан эса инсонларни турли бузғунчи ғояларга тарғиб қилиш, уларни тўғри йўлдан чалғитиш орқали икки дунёсини барбод этиш мумкин.
Аллоҳу таоло инсонларнинг шаънини улуғлади. Уларнинг қонини тўкишни ҳаром қилди. Бу борада Қурони каримда шундай марҳамат қилинади:
“Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жойи жаҳаннамдир. (У) унда абадий қолур (“Нисо” сураси, 93-оят).
Демак, бир мўминнинг қонини тўкишни шариъат ман қилди. Аллоҳ таоло одам фарзандини азизу макаррам қилганки, нафақат қонини тўкиш балки, уни уриш, калтаклашни ҳам ман қилган.
Имом Муслим ўзларининг “Саҳиҳ” китобларида “Юзга уришнинг ман этилиши” ҳақида алоҳида боб ажратган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз биродарингиз билан курашадиган бўлса, унинг юзига асло урмасин” – деганлар. Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Агар бирортангиз биродарингиз билан жанжаллашиб қолган бўлса, унинг юзига асло урмасин!” – деганлар.

Тинчлик қарор топган жойда хотиржамлик ҳукм суради, инсонлар эмин-эркинликда яшаб, келажак авлодларни камолотга эришиш йўлида тарбия қиладилар. Бунинг натижаси ўлароқ жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Бундан келиб чиқадики, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Бунинг учун эса инсон ўз зиммасига юклатилган, тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини тўлақонли тарзда бажармоғи лозим.
Аллоҳ таоло барчамизга тинчлик ва хотиржамликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо қилишимизни насиб қилсин, мустақиллигимиз ва тинчлигимизни бардавом қилсин, осойишталигимизни ҳамиша барқарор айласин, осмонимизни мусаффо этсин!

Умиджон домла Усмонов
Бўстон туман «Юнусобод» масжиди имом хатиби