Тил Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидандир. Унинг воситасида инсон хоҳласа ўз охирати учун яхши захира тўплайди, хоҳласа охиратини барбод қилади. Шу боис, ҳадисларда тилни тийиш ва кам гапиришга катта эътибор қаратилиб, бу ишнинг фазилати баён қилинган.

   Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

   “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Эй, Аллоҳнинг Расули, қайси амал афзал?”, деб сўрадим. У зот: “Ўз вақтида ( ўқилган) намоз”, дедилар. Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, кейинчи”, дедим. У зот: “Ота-онага яхшилик қилиш”, дедилар. Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, кейинчи?”, дедим. У зот: “Инсонлар тилингдан эминда бўлмоқлари”, дедилар. Сўнг сукут қилдилар. Агар яна сўраганимда, албатта давом этган бўлар эдилар”.

(Табароний ривояти)

   Ислом шариатига биноан тилни ғийбат, ёлғон сўз каби дилга озор берувчи гаплардан тийиш матлуб ишдир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Заррни учратиб: “Эй Абу Зарр белга енгил, тарозида бошқа (амал)лардан кўра оғирроқ икки амалга сени далолат қилайми?” дедилар. У: “Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули!”, деди. У зот: “Ўзингга чиройли хулқни ва кўп жим туришни лозим тут. Нафсим қўлида бўлган зотга қасамки, бу каби нарсалар бандани қандай ҳам гўзал қилади!”, дедилар”.

(Абу Яъло ривояти).

   Ҳазрат Абу Бакри Сиддиқ розийаллоҳу анҳу айтадилар: “Баданнинг ҳар бир аъзоси Аллоҳ таолога тилдан шикоят қилади: “Эй Раббим, уни тўғри сақлагин. Агар у тўғри бўлса, ҳаммамиз тўғри бўламиз. Агар бузилса, бизлар ҳам бузиламиз”.

   Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу айтадилар: “Киши тилининг остидадир”, чунки у гапирмагунича уни жоҳилми ёки олимми, яхшими ёки ёмонми, – билиб бўлмайди. Унинг кимлигини тили фош қилади.

   Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ тил борасида бундай деганлар: جِرْمُهُ صَغِيْرٌ وَ جُرْمُهُ كَبِيْر

яъни: “Унинг ( тилнинг ) ҳажми кичик, лекин гуноҳи каттадир”.

   Бир киши донишманддан сўради: -Дўстингиз сиз ҳақингизда нима деганини айтайми?

-Шошма, -деди донишманд, — аввал айтмоқчи бўлган гапингни учта элакдан ўтказ…

-Учта элак?

-Бирор гапни айтишдан олдин, уни учта элакдан ўтказиш лозим. Аввал ҲАҚИҚАТ элагидан.

   Айтмоқчи бўлган гапинг ҳақиқат эканлигига ишончинг комилми? -Йўқ, мен уни шунчаки эшитдим, холос.

-Демак, сен унинг рост ёки ёлғонлигини билмайсан. Энди иккинчи – ЯХШИЛИК элагидан ўтказамиз. Сен менга дўстим ҳақида бирор яхши гапни айтмоқчимисан?

-Йўқ, аксинча.

-Демак, -давом этди донишманд, — сен менга ҳақиқатлигини билмай туриб ёмон хабарни

етказмоқчисан. Энди учинчи элакдан ўтказамиз – ФОЙДА элаги. Сенинг гапингни эшитишимш артми, у менга фойда келтирадими?

-Йўқ, ҳожати йўқ.

-Демак, -хулоса қилди донишманд, — сен етказмоқчи бўлган хабарда ҳақиқат ҳам, яхшилик ҳам, фойда ҳам йўқ экан. Унда уни менга айтиб нима қиласан?.

Олтинкўл тумани Хазрати Умар жоме масжиди имом хатиби С.Хакимов.