Ватаннинг боши оила. Аллоҳ таоло инсонни жуфт- жуфт қилиб яратди ва барча мавжудот ва махлуқотлари ичида азизу мукаррам қилди ва инсонларни жам бўлиб яшашларини, шириндан-шакар фарзандлар кўриб, хаётдаги энг гўзал жонзот бўлишни иноят қилган экан. Албатта ўз ўрнида бизлар ҳам бу неъматлардан тўғри фойдаланишимиз лозим, эл корига яровчи инсонлар бўлиб етишмоғимиз зарур. Оила – муқаддас қўрғон пок маскан. Деҳқон эрта баҳорда далага умид билан ниҳол экади. У ўсиб-улғайгунча ундан мехрини аямайди. Оила ҳам худди ана шу кўклам сингари. Инсон унга эътиборли бўлсагина юксалади, яъни оила тинч фаравон ҳаёт кечиради, борди-ю лоқайдлик,бепарволик, этиборсизлик қилинса у нихол қуриб битади яъни ўсиб борётган фарзандлар ота-онага ҳам, динига ҳам, ватанига ҳам катта зарар ва зиён етказувчи бўлиб ўсадилар. Айниқса ривожланиб бораётган замонимизда ҳаётимизга кириб келаётган янгиликлар, янги қоида ва одатлар ҳеч бир инсонни бефарқ қолдирмайди. Айниқса- бу ҳали яхши ёмонни ажрата олмайдиган ёшларга қаттиқ таъсир қилаётгани кундан- кунга маълум бўлмоқда. Мўмин- мусулмонликни даъво қилаётган диёримизнинг айрим замонавий ёшларининг юртимизда азал- азалдан сақланиб келган миллий қадриятларимизни беписандлик билан бузаётганликларидан хайрон бўлиб қоласан киши. Кўча- кўйга чиқиб қолсангиз баъзи- бир йигитларни сочларини ўстириб, баданларига хар хил ўзгартиришлар киритиб, кийган кийимларини кўриб таажжубда қоласан киши. Аллоҳ берган тил неъматидан чиқаётган хар хил бехаё ва фахш сўзларни эшитиб уялиб кетасан киши… Аммо баъзи бир ёш қизлар юқорида айтиб ўтилган ишларда йигитларни ҳам довда қолдириши бунданда ачинарли ва аянчли ҳолдир. Келажагимиз эгалари бўлган ёшларимиз нега бундай бўлиб тарбияланишяпти? Қани ор- номусли, мард йигитлару, ибо ва ҳаёда тенгсиз бўлган қизлар?. Қани фарзандларига мехрибон чиройли, яхши тарбия бераётган, миллий қадриятларига суянган мушфиқ ва мехрибон ота- оналар?. Нима сабабдан ёшлар ўз билганича яшашга одатланишмоқда?. Шунга ўхшаш ва яна бошқа бир қанча саволлар кишини чуқур ўйга толдиради. Барча саволларнинг жавоби битта, у ҳам бўлса бепарволик эмасми?. Яъни ота- онани фарзандларига бўлган этиборсизлиги ва бепарволиги. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида ва пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир қанча ҳадиси муборакларида фарзанд омонат неъмат, уларни таълим ва тарбиясига, ҳулқ атворларига этибор қаратиш, уларни хақларини адо қилиш ва хақларига хиёнат қилмаслик тўғрисида бизларни огохлантирган. Фарзанд- Аллоҳнинг инсонга берган улуғ неъматларидан биридир. У дунё хаётининг зийнатидир. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида: «Мол мулк, фарзандлар дунё хаётининг зийнатидир…»-деб мархамат қилган. (Кахф сураси, 46-оят). Барча ота-оналар ўз фарзандларининг тарбиясига жиддий эътибор беришликлари ва хар қандай шароитда ҳам фарзанд тарбияси билан шуғулланишга вақт топишлари лозим. Сарвари коинот: «Ҳар бир чакалоқ Ислом фитратида туғилади, токи тили гапирувчи бўлгунча (шу ҳолда бўлади). Кейин эса, ота-онаси уни яхудийлаштиради ёки насронийлаштиради, ёки мажусий қилиб қўяди»- дедилар. Бу ҳадисдан маълум бўладики, Ислом фитратида дунёга келган болалар ота-онанинг бепарволиги сабабли тарбиясиз, хулқи ёмон ва энг асосийси турли нотўғри йўлларга кириб кетишликлари турган гап. Демак, ёшлардаги ёмон аҳлоқ ва унинг ноҳуш оқибатлари учун аввало, ота-она, махала, устоз мураббийлар ва қолаверса барчаларимиз масъул эканлигимизни эсдан чиқармаслигимиз зарур бўлади. Шу ўринда одоб-аҳлоққа далолат қилувчи баъзи бир ҳадисларни келтириб ўтамиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар. «Фарзандларингизга одоб ўргатинг ва одобларини чиройли қилинг». Ва яна «Фарзандларингизга ва ахлингизга яхшиликни таълим беринг ва уларга одобни ўргатинг». Демак хар бир ота-она ўз фарзандини ёшлик чоғларидан бошлаб илму маърифатга қизиқтириб, ўргатиб бориши лозим бўладики, зеро, илму фаннинг қайси сохасига бўлса ҳам қизиқиш пайдо қилиб, ўқиб-ўрганиб маълумот хосил қилган фарзанд, албатта, ўзи, оиласи, халқи ва Ватани учун манфаат келтирадиган инсонлар қаторидан жой олади, иншааллоху таоло. Зеро, пайгамбаримиз Муҳаммад Мустафо салаллоҳу алайҳи васаллам яна бир ҳадисларида:”Инсонларнинг энг яхшиси бошқа инсонларга манфаати, фойдаси тегадиганидир” – дедилар. Айниқса ,таълим муассасаларида ўқишни тугатиб, ёзги таътилга чиққан фарзандларимизга янада эътиборли бўлишимиз лозим бўлади. Уларни қизиқарли дам олишларига қулай шароитлар яратиб беришлигимиз ва хар бир ота- она фарзандларини кўча- куйда бехуда тентираб , бўлмагур, ножўя хатти- ҳаракатлар қилишдан сақлаб, жуда гўзал ҳулқ эгаси бўлишга чақиришлари лозим. Мана шундай холатда фарзанд тарбиялаган ота-она иншааллох фарзандидан яхшилик ва мехрибонлик кутишлиги мумкин. Дарҳақиқат юқорида айтиб ўтганимиздек ота- оналарнинг бепарволиги оқибатида ёш укаларимиз ва сингилларимиз томонидан ҳар хил турдаги жиноятлар, ҳуқуқбузарлар, фирибгарлар ва энг асосий ачинарлиси ёш сингилларимиз ва қизларимиз ҳар хил турдаги бемани дисқларни кўриб ёки китобларни ўқиб, лоақал телефонларда бўлса ҳам кўриб, ёхуд баъзи бир фарзанд қадрига етмаган ота- оналар сабабли эрта турмушга чиқаётган қизлар сони ортиб бормоқда. Бора- бора булар катта муаммога айланиб кетмасдан аввал хар биримиз мана шундай иллатларни олдини олишимиз зарур. Тўғри, хар бир ота- она фарзанди учун тинмай ишлайди, емай- едиради, киймай-кийдиради, улғайганда роҳатини кўраман деб орзулар қилади. Вахоланки, фарзанд ота-она лоқайдлиги ва бепарволиги оқибатида аҳлоқи бузуқ кимса бўлиб улғаяди. Бундай фарзанд ота-онасига қандай роҳатни хадя эта олади. Молу-дунё зиёда бўлса-ю, инсонни тану-жони саломат бўлса-ю фарзанди жиноятчи бўлса ёки қизи одобсиз, бехаё бўлиб ўсган бўлса ота- онага молу-дунё ва соғлик- саломатлик тотийдими? Албатта, йўқ. Ахир фарзанднинг ортидан яхши гап эшитишдан улуғ бахт борми дунёда?, фарзанд орқасидан ёмон гап эшитишдан катта қайғу йўқ дунёда! Дилбандининг ортидан бировлар мақтасинчи, ота-онанинг кўнглида ғам андух қолармикан?. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак шариатимиз хар бир инсонни хаё ва ибога буюради. Сабаб шуки хар бир инсон хох эркак киши бўлсин хоҳ аёл киши бўлсин ўз нафсини тия билса ўзбек халқига иснод ва жуда катта доғ бўлиб турган фоҳишабозлик, қўшмачилик, турли юқумли касалликлар ва бошқа ёмон ишлардан қутиламиз ва сақлана оламиз . Аллоҳ хар нарсага қодир зотки инсонларни хар хил табиатда яратди. Инсон табиатидаги энг яхши фазилатлардан бири – бу хаёдир. Ҳаё инсонни имон – эътикоди, одоб – ахлоқининг даражасига қараб, кўп ёки кам бўлади. Бир одам бемаъни ишлардан ўзини тортаётганини ёки бўлмаса бирор нолойиқ ишни қилиб қўйиб, хижолатдан юзи қизарганини кўрсангиз, билинки, у – ҳаёли инсондир. Буни акси бўлсачи? Яъни қилаётган ишларига бепарво бўлса, яхши – ёмонлигига эътибор бермай қилаверса, тили билан бехаё, бемаъни сўзларни гапириб бировлар билан урушса, халқимиз ундай инсондан яхшилик чиқмайди, унинг хаёси йўқ деб бахо беришади. Пайгамбаримиз салаллоху алайхи васаллам сизу биз умматларининг қалбида барча яхши фазилатларни ўз ичига олган хаё сифатини барқ уришини хохладилар. Аввало, Пайгамбаримиз салаллоху алайхи васаллам ўзлари бу хулқ билан энг мукаммал даражада сифатланган эдилар. Бунга барча сахобалар гувохлик берганлар. Жумладан, Абу Саид Худрий (р.а) «Расулуллоҳ салаллоху алайхи васаллам хаё бобида чимилдиқдаги келиндан хам ўтар эдилар. Қачон ўзлари ёқтирмайдиган бирор нарсани кўрсалар, дархол юзларидан (норозилик аломатларини) билиб олар эдик» – дедилар. Албатта Аллоҳнинг хузуридаги мақбул дин, Ислом дини мусулмонларни хаёли бўлишга буюради ва ҳамда мана шу улуғ хулқни Исломнинг ўзига хос аломати сифатида белгилаб қўйди Пайгамбаримиз салаллоху алайхи васаллам: «Албатта хар бир диннинг (ўзига хос) хулқи бўлади. Исломнинг ҳулқи эса ҳаёдир» – дедилар . Аллоҳ таолога шукрлар айтамизки хозирги даврда ёш авлодларга яхши эътибор ватанимизда жиддий тус олмоқда. Оилалар мустахкамлансагина фарзандлар одобли, ҳаёли, эл- юртига фойдаси тегадиган бўлиб улғаядилар. Шукрки Ўзбекистон халқининг фуқаролари бутун дунё халқи орасида меҳмондўстлиги, одоб- аҳлоқи, ўзбекона миллий маданияти билан танилган. Демак бу барча неъматлар ҳар биримизга берилган омонат. Бу омонат берилган барча неъматларни ўз эгалари яъни фарзанд ва меросхўр ёшларга чиройли ҳолатда топширмоқ хар бир инсонни бурчи ва вазифаси эканлигини унутмаслигимиз лозим. Илоҳим, юртимиз ободлиги, элимиз озодлигига кўз тегмасин! ОМИН.

Искандарбек домла Ортиқов

“Далварзин” жоме масжиди имом хатиби