ТИЛ НЕЪМАТИ

977

Аллоҳ таоло биз бандаларига ер остида, уммонлар бағрида жуда кўп неъматларни ато этганки, уларнинг ҳисобига етиш мушкул. Аллоҳ таоло айтади: “…Сўнгра ўша кунда, албатта (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсизлар” (Такасур сураси, 7-оят).

Демак, ҳар бир аъзоимиз, яъни бизга Аллоҳ таоло берган барча неъматлар тўғрисида ҳисоб этилсак, демак, ҳамиша уларнинг шукрини қилишимиз, бу неъматлардан фақат Аллоҳ йўлида, Унинг розилиги учунгина фойдаланишимиз керак бўлади. Айниқса, бандаларга ато этилган неъматлар ичида масъулияти каттаси тилдир.

Аллоҳ таоло инсонларга тилни Ўзини зикр қилиш, жамиятда муомала-муносабатлар юритиш учун берган. Тил тўғри сўз айтиш ва Аллоҳни ёдлаш воситаси бўлгани учун ҳам кўз, қалб каби ибодатнинг асосий устунларидан саналади. Шунинг учун мўмин-мусулмон тили учун ҳам масъул эканини ёддан чиқармай, уни фақат Аллоҳга ибодат қилиш, яхши сўзлар, амри маъруф, наҳйи мункар учун хизмат қилдириши лозим. Тилимизни ҳар хил ёмон сўзлардан, сўкиш-ҳақоратлар, ғийбат-иғволардан сақламасак, у билан бошқаларга азият берсак, динимизга футур етказган бўламиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан “Мусулмон ким?” деб сўралганида у зоти бобаракот: “Мусулмон шуки, унинг тили ва қўлидан бошқа мусулмонлар саломатлар бўлган (яъни, уларга озор етмаган) кишидир”, дедилар. Тилни Аллоҳга бўлган шукрона ва зикр учун эмас балки, ғийбат, туҳмат, шикоят, ёлғон, фаҳш сўзларга бураверсак, гуноҳ ҳисобланади.

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабални Яманга жўнатаётганларида Муоз: “Эй Аллоҳнинг пайғамбари, менга васият қилинг”, деди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом тилларига  ишора қилдилар (яъни, тилингни сақлагил, дегандек). Муоз ибн Жабал буни осон санаб : “Эй Аллоҳнинг расули, васият қилинг”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Онанг сени йўқотиб қўйгур, Муоз, одамларнинг юзлари билан дўзахга тушишларига сабаб тилларининг ёмонлигидир”, дедилар. (Имом Термизий, Аҳмад, Ибн Можжа ривояти).

Демак, инсонни жаннатга етакловчи ҳам, дўзахга олиб борувчи ҳам тилдир. Тилларимизни фисқ ва фаҳш сўзлардан тийсак, Аллоҳ зикрини ва шукрини кўпайтирсак, иншоаллоҳ, жаннат неъматига мушарраф бўлармиз. Аксинча, беҳуда, фойдали сўзлар тилимизга  уя қурса, ёмон, таҳқир каломлардан тийилмасак, қалбимиз қорайиб кетиши муқаррар. Ҳақ таоло барчаларимизни тилимиз туфайли бошга келадиган мусибатлардан асрасин.

Хонобод шахар «Абдулҳамид қори»

жоме масжиди имом-хатиби

Хошимжонов Ойбек