Икки ўртадаги қонли уруш тинди. Шундан кейин Али розияллоҳу анҳу Муовиянинг қандай фикрда эканликларини билиш учун олдиларига элчи юбордилар. Элчи Муовияга Али розияллоҳу анҳунинг таклифларини етказди. У қуйидаги мазмунда эди: бизлар ҳам сизлар ҳам Аллоҳ таоло китобида буюрган амрига имтисол кўрсатайлик. Сизлар ўзингиз рози бўлган шахсни юборинглар. Бизлар ҳам ўзимиздан одам юборамиз. Кейин уларга Аллоҳнинг амрига биноан иш юритишларини топширамиз.

   Муовия бунга розимиз деб жавоб бердилар. Муовия ўткир сиёсат юргиза олувчи Амр ибн Осни танлайдилар.

   Аввалда ҳам осонгина алданган Ироқ аҳли эса Али розияллоҳу анҳудан Абу Мусо ал-Ашъарийни мазкур ишга вакил қилиб тайинлашларини қаттиқ туриб сўрайдилар. Али розияллоҳу анҳу бунга кўнмайдилар. Чунки Абу Мусо ал-Ашъарий моҳир, қув одам бўлган Амр ибн Осга нисбатан ниҳоятда содда, гўл одам эканликларини очиқ суратда тушунтирдилар. Бироқ Ироқ аҳли ўз сўзларида  қаттиқ туриб олдилар. Бу ҳолни кўриб  Али розияллоҳу анҳу ичларида афсус ва надомат билан уларнинг раъйларини мажбуран қабул қилдилар. Али розияллоҳу анҳу тўрт юз кишидан иборат гуруҳ билан уларга бош вакил қилиб Абу Мусо Ашъарийни, Муовия эса у ҳам шунча одамга бош вакил қилиб Амр ибн Осни мазкур 38-ҳижрийнинг рамазон ойида муҳокама юргизишлик учун Думатул Жандал деган ерга юбордилар. Бу ерда Абу Мусо ва Амр ибн Ос ўрталарида давлат аҳамиятига эга бўлган қаттиқ муҳокама бўлади.

Амр ибн Ос Абу Мусо Ашъарийни ҳар хил тилёғлама гаплар билан алдашга киришди ва алдашга улгирди ҳам. Охирида “айтган гапларимизни ёздириб қўяйлик”, деган қарорга келишди. Кейин Абу Мусо Ашъарий одамларга қараб: “Эй одамлар, мен ва Амр ибн Ос, Али билан Муовияни ўз вазифаларидан олиб ташлашликга қарор қилдик. Миллатнинг ўзи бу ишни кўриб чиқишига иттифоқ этдик. Улар ичларида ўзлари севган ва ишонган кишиларини ўзларига халифа этиб сайлаб олаверсинлар. Мен Али билан Муовияни ўз вазифаларидан бўшатдим”, дедилар. Абу Мусо сўзларини тугатиб бўлгач, Амр ибн Ос ҳам ўрниларидан туриб халққа қараб: “Эй одамлар, ўзларингиз эшитдингизки, бу одам ўзининг соҳибини ишдан бўшатди. Мен ҳам уни ишдан бўшатдим. Аммо ўзимнинг соҳибимни эса амалида қолдирдим. Чунки у Усмон тайинлаган волийлардандур, ҳамда Усмоннинг ҳунларини талабгоридур”, деди.

   Кутилмаган бу гапдан сўнг икки ўртада қаттиқ тўқнашув бўлди. Лекин вақт ўтган эди. Абу Мусо ҳижолат чекканидан Маккага қараб кетдилар. Шом аҳли ҳам ўз жойларига жўнади. Халифаликни Муовияга топширдилар. Муовия Шомга ғалаба қилган ҳолида музаффарона қадамлар билан қайтиб кетди. Али розияллоҳу анҳу эса ўз аскарлари олдида уларнинг ичида фасод оралаган ҳолда қайтиб кетдилар.

   Мана шундан кейин Али розияллоҳу анҳунинг аскарлари ичидан бир гуруҳи ўзларини “Хаворижлар” деб атаб бир-бирларини сўкишиб, ажралиб чиқиб кетди. Исломдаги энг биринчи ўзини “Хавориж партия” деб атаган гуруҳнинг ажралиб чиқишлиги янги гуруҳлар пайдо бўлишлигининг бошланмаси эди.[1]

Хаворижлар очиқдан очиқ ва пинхона ҳам турли суиқасдларни уюштиришнинг тадбирларини кўра бошладилар. Кунлардан бир куни хаворижлардан уч киши бир ерга тўпланиб ўзаро маслаҳат қилиб ҳар уччала бошлиқни, яъни Али (розияллоҳу анҳу)ни, Муовияни ҳамда Амр ибн Осни ўлдиришга қарор қилдилар. Булар Абдураҳмон ибн Малжам, Барқ ибн Абдуллоҳ ва Умар ибн Абу Бакр номли шахслар эдилар. Ҳар уччаласи бир кукнга ваъдалашиб уч томонга, яъни Абдураҳмон ибн Малжам Али (розияллоҳу анҳу)ни ўлдиргани Куфага, Барқ ибин  Абдуллоҳ Муовияни ўлдиргани Шомга, Умар ибн Абу Бакр эса Амр ибн Осни қатл этгани Мисрга жўнаб кетдилар. Ваъдалашилган куни эрталаб яъни 40-ҳижрий йилининг 17-рамозон жума куни Барқ ибн Абдуллоҳ Муовияга пичоқ санчади. Бироқ пичоқ униннг думбасига текганлиги сабабли, Муовия ўлмай қолади. Барқ ушланиб ўлдириб юборилади. Умар ибн Абу Бакр эса Мисрга бориб Амр ибн Осга пичоқ урдим деб ўйлаб у кшишининг ўрнига Амр касалликлари сабабли намозга имом бўлган Хорижа ибн Ҳубайбни ўлдириб қўяди. Абдураҳмон Куфага келади. У ерда Куфалик ошналари билан учрашади. Улар уни яшириб қўядилар. Абдураҳмон уларнинг ичида бир аёл билан учрашиб қолади. Унинг исми Фитом эди. У аёл бениҳоят гўзал бўлганлигидан ибн Малжам уни ўзига хотинликга сўрайди. Аёл ибн Малжамга “бир неча шартларим бор, агар бажарсанг тегаман” дейди. Ибн Малжам аёлдан “қандай шартлариннг бор” деб сўрайди. Унинг отасини, акасини Али (розияллоҳу анҳу) ўлдириб юборган эдилар. “Биринчи шартим, менга уч минг дирҳам пул берасан, иккинчиси эса Алини ўлдирасан” дейди. Ибни Малжам унинг қўйган шартларини қабул қилади. Шундан кейин аёл унга ёрдам берадиган одам топиб беради. Ўзининг қавмидан Вардон исмли одамни унинг олдига юборади. Вардон ибн Малжамнинг айтганларини қабул қилади. Ваъдалашилган куни эрталаб Вардон билан ибн Малжам масжидга кириб  Али (розияллоҳу анҳу) кирадиган эшикларининг ёнига келиб ўтирадилар.  Али (розияллоҳу анҳу) эрталабки намозга эшикдан кираётган вақтларида Вардон қилич билан беҳосдан уради. Али (розияллоҳу анҳу) эшикни ёндарасига ағдарилиб тушадилар. Шу паллада ибн Малжам ҳам Али (розияллоҳу анҳу)нинг қоринларига қилич билан уради ва “Эй Али ҳокимият сенга ҳам ва сениннг асҳобларинига ҳам эмас, ҳокимият Аллоҳга” деб айтади.

Вардон қочиб қутилмоқчи бўлади, бироқ кимдир ушлаб олиб ўлдириб ташлайди. Али (розияллоҳу анҳу) ўринларига Жаъада ибн Ҳубайрани намозга ўтказадилар. Ибн Малжамни тутиб, боғлаб қўядилар.  Али (розияллоҳу анҳу) кейин одамларга қараб: “жонга-жон, қонга-қон, агар ўлиб кетсам, уни ҳам мени қандай ўлдирган бўлса, шундай ўлдириб юборинглар. Агар тирик қолсам, уни ўзим нима қилишликни  ўйлаб кўраман. Эй Бани Абдулмуттолиб, амирал мўъмининни ўлдирдилар, деган бахона билан мусулмонларнинг қонларини тўкманглар ва шўнғиманглар. Мени фақат бир қотил ўлдирди, холос. Эй Ҳасан, менга қаранглар, мен мана шу зарба сабабли ўлсам уни ҳудди шундай зарба билан ўлдиринглар. Зеро, мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан “қийнаб ўлдиришдан сақланинглар, агарда қутирган ит бўлса ҳам” деганларини эшитганман”, дедилар.

Шундан кейин то жонлари жасадидан чиққунига қадар Аллоҳнинг зикрида бўлиб турдилар. Вафот этганларидан кейин у кишини ўғиллари имом Ҳасан ва Ҳусайн ҳамда амакиваччалари Абдуллоҳ ибн Жаъфар ювдилар, кейин кафанладилар.

Али (розияллоҳу анҳу) халифалик мансабида тўрт йил-у етти ой давомида турдилар. У зотнинг халифалик кунлари Аллоҳ табарока ва таоло Ислом миллатига турли ихтилоф ҳамда қийинчиликлар ила синашни ихтиёр даврга тўғри келди. Бутун халифалик даврлари ўзаро ички келишмовчиликларни бартараф этишликга ҳаракати билан ўтиб кетди. Бу даврда бирор бир муҳим воқеа рўй бергани йўқ. Али (розияллоҳу анҳу) Куфа шаҳридаги масжидул  жомеънинг яқинига дафн этилганлар.

[1] Хулафои рошидин. 116-119-бетлар.

ТИИ МСБ талабаси Якубов Баҳриддин