Охирги йиллар давомида диний соҳада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Йил давомида Умра зиёратига бориш имконияти мавжуд бўлгани ва квоталарни олиб ташлангани мўмин-мусулмонларимиз қалбида мамнуният пайдо қилди. Бир қанча танаффусдан сўнг муборак ҳаж сафарига йўлларни очилганлиги мўмин-мусулмонларни бағоят хурсанд қилган эди. Бугун расман ҳаж квотаси 7200 тадан 10865 тага ошганлиги мўмин-мусулмонларни янада қалбига сурур бағишлади. Аллоҳ таолонинг байтини Ҳаж қилиш ҳар бир мусулмоннинг орзуси саналади. Албатта, бу эришилаётган ютуқлар ва амалга оширилаётган хайрли ишларнинг замирида юртимиздаги тинчлик, осойишталик ва фаровонлик алоҳида ўрин тутади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган: “Қайси бирингиз оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик ризқи бор ҳолда тонг оттирса, гўёки бутун дунёни қўлга киритибди” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоят қилган).
Бу неъматларнинг давомли ва зиёда бўлиши эса шукронага боғлиқдир. Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: َ“Ким Аллоҳнинг неъматини қалбан ҳис қилиб, тилида эътироф этса, эътирофи охирига етмасдан неъматнинг зиёдалигини кўради”.
Ҳажнинг таърифи: “Ҳаж” сўзи луғатда “ният қилиш” маъносини англатади. Шаръий истилоҳда ҳаж махсус амалларни маълум жойларда, муайян вақтларда адо қилишдир. “Махсус амал” Байтуллоҳни тавоф қилиш ва Арафотда туриш. “Маълум жой” Каъба ва Арафот. “Муайян вақтлар” ҳаж мавсуми, яъни Шаввол, Зулқаъда ва Зулҳижжа ойининг ўн кунидир. Ҳаж ҳижрий тўққизинчи йилда фарз бўлган. Ҳар бир мўмин ва мўмина умрида бир марта ҳаж қилиши фарз. Шароит ва имкон бўлганида кечиктирмай ҳажни адо қилиш лозим. Ҳаж Исломнинг беш рукнидан биридир. Унинг фарзлиги Қуръон ва Суннат билан собит бўлган. Аллоҳ таоло: “Ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж қилиш бурчи бордир”, деган (Оли Имрон, 97).
Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в):
“Ислом беш нарсага бино қилинган: “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ (с.а.в)” деб шаҳодат келтириш, намоз ўқиш, закот бериш, Рамазон рўзасини тутиш, Байтуллоҳни ҳаж қилиш”, деганлар.
Жорий йилда жонажон ватанимиздан муборак ҳаж сафарига борадиган барча мўмин-мусулмонларни ибодатларини Аллоҳ таоло ўзи осон ва қабул айласин. Бу хайрли ишларда бош-қош бўлиб турган барча раҳбарларимизни олиб бораётган ишларида Аллоҳ ўзи мададкор бўлсин!
Муҳаммадюсуф домла Тўрақулов
Олтинкўл туман бош имом хатиби