Бугун бутун инсоният бошига соя солиб синов, офатга қарши барча бирдек курашмоқда. Шунингдек, мамлакатимизда ҳам мазкур пандемияга қарши кураш жадал суръатларда олиб борилмоқда. Айни пайтга ушбу касалликдан соғайиб, оиласи даврасига қайтган фуқароларимиз талайгина. Иншооллоҳ, бир кун елкамизга офтоб тегиб, яна ҳар ким ўз иш жойлари, тижорий сафарлар бошланади. Барчамизга сир эмаски, охирги кунларда карантин холатлари енгиллашди. Халқимизнинг кўплари иш жойларига қайтишмоқда.
Аллоҳ таолога беҳисоб шукрлар бўлсинки, халқимиз мана шундай оғир кунларда сабр-бардошли бўлдилар. Топганини бошқалар билан баҳам кўрди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар, ёлғиз ва кексалар, ногиронлиги борларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, уларни ёлғизлатиб қўймадилар. Бир-бирларига суянчиқ бўлган халқимиз бир-бирларини сабрга, халқпарварликка, етимпарварликка чақиришди.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, мамлакатмизда “Меҳр-шавқат ва саломатлик” жамоат фонди ташкил қилиниб, ҳамюртларимиз томонидан ҳомийлик маблағлари ўтказилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Хайрияларни мувофиқлаштириш қўнғироқ маркази ташкил этилди. Марказда рўзғорида етишмовчилиги бор инсонларга кўмак берилмоқда.
Аллоҳ таоло «Иброҳим» сураси 7-оятида: «Ва Роббингиз сизга: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», деб билдирганини эсланг», деб марҳамат қилган.
Ҳа, бугунги кунимизга шукр қилайлик. Ҳалқимизнинг саҳийлигига, қўли очиқлигига, бағрикенглигига, халқпарварлигига, ҳар қандай қийин шароитда ҳам метин ирода, сабр билан туришлигига, оғир вазиятда бир-бирларини қўллаб-қувватлаб турганига тасаннолар айтмай иложимиз йўқ. Ҳалқимиз яна бир синовдан муваффақиятли ўтди десак, муболаға бўлмаса керак. Мана шу ҳалқ орасида эканлигимизга, шу юртнинг фарзанди эканимизга шукр келтирсак арзийди.
Аллоҳ таоло берган неъматларнинг шукрини тўлиқ адо этишга инсоннинг тоқати етмайди. Лекин кўп шукур қилиш маҳбуб амал, бунинг учун улкан савоб берилади, неъматлар зиёда бўлади
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллоллаҳу алайҳи ва саллам “Кимнинг қалбига шукр айтиш илҳом қилинса у неъматнинг зиёда бўлишидан тўсилиб қолмайди”, дедилар. (Имом Бухорий).
Яъни ким неъматлар учун шукур қилса ўша шукри туфайли неъматлар янада кўпаяди. Аллоҳ берган неъматини эътироф этиш эса бу берган неъматларни берган зотга мақтов ва хамд айтиш билан амалга ошади. Аллоҳга қалб ва тил ила шукр қиладиган бўлсалар, аслида улар Аллоҳнинг лутфи билан ундан неъматларни кўпайтириб беришни сўраётган бўладилар, яъни банда Аллоҳга шукр қилади. Бунинг мукофоти сифатида эса Аллоҳ таоло бандаларига неъматларини янада кўпайтириб беради.
Шукр қилувчи Аллоҳ таолога суюкли, ношукр эса номақбул бандадир. Чунки ношукр одамга бир оз машаққат етса ўзи эга бўлган неъматларни унутади озгина қийинчиликдан ҳам нолиб, оғринади. Шукр қилувчи эса ҳар қандай кунида Аллоҳ таолога ҳамд айтади, қувончдан ҳам қайғудан ҳам ҳикмат қидиради ва топади.
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллаҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким оз нарсага шукр қилмаса кўп нарсага ҳам шукр қилмайди. Ким одамларга шукр (раҳмат) айтмаса Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайди. Шукрни тарк қилиш нонкўрликдир. Кўпчилик билан бўлиш (Аллоҳнинг) раҳматидир. (жамоатдан) ажралиш азобдир (Имом Аҳмад ривояти).
Аллоҳ таоло юртимизни тинчлигини бардавом қилсин, берган неъматларига шукр қилгувчи бандалар қаторида қилсин.
“Аммор ибн Ёсир” жоме масжиди имом хатиби: С.Матғозиев