Хотира – муқаддас бурч

538

Мамлакатимизда ҳар йили 9 май “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида кенг нишонланади. Хотира бизга аждодларимизнинг эзгу амалларга бой ибратли ҳаёт йўлларини  танитади. Имом Бухорий, Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро, Аҳмад ал-Фарғоний каби буюк инсонларга муносиб авлод бўлишга ўргатади. Бугунги тинч-фаровон ҳаётимизни кўз қорачиғидек асраш билан бирга Ватан озодлиги йўлида жон фидо қилганларни ёдга олиш, аждодларимизни хотирлаш. Кекса ёшдаги отахон-онахонларни ҳолидан хабар олиш ҳар биримиз учун ҳам қарз ҳам фарздир. Ушбу кунда юртимизнинг барча гўшаларида ҳайрли тадбирлар давом этади. Ватан озодлиги йўлида жон фидо қилган ўғлонлар номи ёдга олинади. Аллоҳ таолонинг яратган махлуқотлари ичида энг азиз ва мукаррами инсон зоти экан, унинг ёшу кексаси ҳам, аёлу эркаги ҳам бирдек қимматлидир. Ислом дини инсон қадрини шу даражада юқори кўтарган-ки, у ҳаётлиги даврида ҳам, оламдан ўтгандан кейин ҳам ҳурмати бирдек қадрланади. Аллоҳ таоло: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик…”(Исро, 70), – дейди. Дарҳақиқат инсон – ҳаёт гултожи. Албатта, биз марҳумларимизни ҳамиша ёдга олиб, Қуръони Карим оятларини тиловатлар қилиб, руҳларига  бағишлаймиз. Зеро, ўтганларни  эслаш ва уларга истиғфор айтиш, қабрларини зиёрат қилиш ва ҳақларига дуолар қилиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир.

     Инсон ўтганларни хотирлаш орқали қандай халқ вакили эканини яна бир бор дилдан ҳис қилади. Қалби  фахр, ғурур ва ифтихорга тўлади. Ҳаётнинг тезоқар дарё эканини англаб етади. Мана шунда инсон ўзидан яхши ном қолдириш ва эзгу ишлар учун шошилади.

    Хотира ва қадрлаш куни халқимизнинг, ҳавас қилса ярашгулик байрамига айланди. Бу кун нафақат элимиз, юртимиз келажаги йўлида қурбон бўлганларни хотирлаш, балки халқ фаровонлиги учун сидқидилдан фидокорона меҳнат қилган ёши улуғ кексаларимиз, табаррук ёшидаги оталаримиз ва оналаримизга ҳам чексиз  иззат ва ҳурмат кўрсатиш куни ҳамдир.

   Шунингдек, она Ватанимизнинг тараққиётига, фаровон  ҳаётга муносиб ҳисса қўшган барча кексаларимизни эъзозлаш, қадрлаш кунидир. Зеро, “Қадр кўрсатган, қадр топади” дейди доно халқимизнинг доно вакиллари.

   Юртимизда бугун  ўз хизматлари билан элимиз фаровонлиги, Ватанимиз тараққаиёти учун ўз ҳиссаларини қўшаётган юртдошларимиз, касби шарафланган пиру-бадавлат кексаларимиз бор. Илмий изланишлари  билан  халқимиз маънавиятини оширишга, меҳнатлари билан халқимиз фаровонлигига ҳисса қўшиб келаётган бу устозларимизнинг амалга ошираётгани сабабли ва эзгу амаллари юксак эъзозга лойиқдир.

Муҳаммад Юсуф долма  Тўрақулов 

Олтинкўл туман бош имом хатиби