ЎТГАНЛАРНИ ЭСЛАШ ХАЙРЛИ АМАЛ

818

Муқаддас Ислом динимиз биз мўмин-мусулмонларни ибодатга чорлаб, солиҳ амаллар қилишга буюрар экан, ўз навбатида ана шу амалларимизнинг савобларидан ўтганларнинг рухларига ҳадя қилиш ҳам мумкин эканлигини таълим беради. Зеро, вафот этган мўмин-мусулмонларни хотирлаб, уларнинг ҳақига дуои истиғфор айтиш тирикларнинг бурчидир.

Қуръони Каримда: «Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй, Роббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Роббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан! » -деб мархамат қилган (Хашр сураси, 10-оят). Ушбу оят вафот этган кишиларни хайрли дуолар билан эслаш яхши амаллардан эканлигига далолатдир.

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг 9 май-“Хотира ва Қадрлаш куни” сифатида ҳар йили кенг нишонланмоқда. Бу кун нафақат элимиз, юртимиз келажаги йўлида қурбон бўлганларни хотирлаш, балки халқ фаровонлиги учун фидокорона меҳнат қилган табаррук ёшдаги оталаримиз ва оналаримизга ҳам чексиз иззат ва эҳтиром кўрсатиш айёмидир. Шунингдек, она-Ватанимизнинг тараққиётига муносиб улушлар қўшган барча фахрийларимизни эъзозлаш, қадрлаш байрамидир.

Инсон ўтмиш аждодларини хотирлаш билан қандай халқ вакили эканини яна бир дилдан ҳис қилади. У бу дунёни тарк этиб, дорулбақога рихлат этган қавму қариндош, ёру биродарларини эслар экан, ҳаёт ўткинчилигини бу оламда ҳеч ким абадий қолмаслигини янада равшанроқ англаб етади. Пайғамбаримиз с.а.в. “Бу дунёдан ўтган биродарларингизни яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини эслашдан сақланинглар!”-деганлар. Шундай экан ўтган аждодларимизни ҳамиша хотирлаб бизларга қолдириб кетган бой маданий-маърифий меросларини ўрганиб ҳаётимизга татбиқ этишимиз керак.

Ривоят қилинишича, бир йигит Пайғамбаримизнинг хузурига келиб, онасининг вафот этганини айтади: “Нима қилсам онамнинг рухини шод этган бўламан?”-деб сўрайди. Пайғамбаримиз “ Қудуқ қазиб, сув чиқар” –дедилар. Шундан сўнг йигит қудуқ қазиб сув чиқарди ва “Бунинг савобини онамга бағишладим”-деди.( Имом Хоким ривояти).

Ўтганлар рухини шод қилишлик нафақат уларга солих амалларнинг савобини бағишлаш билан балки, харом ишлардан тийилиб, солиҳ амалларда бардавом бўлиш билан ҳам ҳосил бўлади. Пайғамбаримиз с.а.в. шундай мархамат қилганлар: “Сизларнинг қилаётган амалларингиз қабрда ётган қариндошларингизнинг руҳига кўрсатиб турилади. Агар яхши амал қилиб юрган бўлсангиз хурсанд бўлиб, рухдошлари олдида фахрланадилар. Бордию гуноҳ ишлар қилиб юрган бўлсангиз, ранжийдилар ва: “Эй Аллоҳим, бизларни хидоятга бошлаганингдек,

фарзандларимизни ҳам тўғри йўлга солмагунингча уларни жонини олмагин”, деб дуо қилиб турадилар.

Яхши инсонларнинг қилган ҳар бир хайрли иши кўпчилик қалбида нур ёқади. Бу нур қалбларни ғубордан тозалайди.

Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилдилар: Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар” Қабрларни зиёрат қилиб туринглар, чунки, у сизларга ўлимни ( охиратни) эслатади” .

Пайғамбаримиз с.а.в. айтдилар: “ Кимики жума куни ёки ҳайт куни ота-онасини қабрини зиёрат қилса, ота-онасини ва зиёрат қилгувчини Аллоҳ таоло гуноҳларини мағфират қилгай ”.

Аллоҳ табарока таоло ўтмишда ўтган юртдошларимизни барчаларини ўз рахматига олиб, қолганларни фаровонликда ҳаёт кечиришларига насиб қилсин.

Санатбек домла Турсунов

Андижон тумани “Усмони Зиннурайн” жоме масжиди имом-хатиби