Тинч ва мустақил мамлакатимизда, диний бағрикенглик сояси остида, ўндан зиёд мадрасалар, икки мингдан ортиқ масжидлар фаолият кўрсатаётган замонда, ҳалқимиз фарзандларидан илму маърифатли, Қуръон насиҳатлари билан қалблари меҳр-шафқатга тулган, ёш олимларнинг етишиб чиқаётганлиги Аллоҳ таолонинг энг катта неъматларидандирки, бунга шукр қилишлик вожибдир. Давлатимиз тараққиёти ривожланаётган давлатдан кам эмас.

Суҳбатимиз аввалини Аллоҳ таъалонинг ушбу ояти билан бошлашни лозим топдик:

“Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим, 7).

Аллоҳ таолонинг шундай неъматларини кўриб, билиб туриб, бунга ношукрчилик қиладиган тоифалар пайдо бўлиб тургани ҳеч кимга сир эмас. Ҳаққ таало марҳамат қилади:

“Кимни Аллоҳ адаштириб қўйса, унинг учун бирон ҳидоят қилувчи бўлмас” (Аъроф, 186).

Уша тоифалардан бири “Ҳизбут-таҳрир” фирқасидир. Хизбут-таҳрир ташкилотига 1953 йил Исроилда Тақиюддин Набаҳоний (1909-1979) томонидан асос солинган. Дастлаб, “Ихванул муслимин” нинг Иорданиядаги бўлими раҳбарларидан бири сифатида фаъолият кўрсатган Набаҳоний унинг раҳбари Саййид Қутб билан ўзаро қараш ва мулоқотларда қарама-қаршиликлар кучайгач, “Ислом низоми” “Исломий оламга қайноқ нидолар”, “Ҳизбут-таҳрир тушунчаси” каби рисолалар орқали Иордания, Ливан, Сурия каби давлатларда “Ҳизбут-таҳрир” қарашларини ёйишга киришди. Ташкилотга 1953-1979 йилларда Тақиюддин Набаҳоний, 1979-2003 йилларда Абдулқадим Заллум, 2003-йилдан Ато Абу Рушта (Абу Ёсин) номли, асли фаластинлик бўлган шахс бошчилик қилмокда. Бу ташкиотнинг адабиёт ва  қарашларида Ислом динининг анъанавий фиқҳий йўналишлари, хусусан ақидавий таълимотларига зид бўлган бир қатор фикрларни учратиш мумкин. Уларнинг бу масалаларга аралашиб қўпол хатоларга йўл қўйгани, биринчи навбатда “ягона халифалик давлати” ни тиклаш борасидаги асосий даъволаридир. Бу фирқага мансуб бўлган барча китобларнинг асосий мавзуси Хилофат (халифа сайлашлик) масъаласи бўлиб, “Хозирги кунда мусулмонларнинг зиммасидаги долзарб вазифалари халифа сайлашлик, токи улар бу ишни адо этмас эканлар, уларнинг бошқа ибодатлари бефойдадир” деб даъво қилдилар. Уларнинг бу ҳақда ҳужжат қилган далиллари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Кимки имомсиз, яъни халифасиз ҳаётдан ўтса, у жоҳилият замонида ўлганлардек ўлибди” деган ҳадисларидур (Муснади Имоми Аҳмад).

Бу ҳадиси шарифнинг кимларга нисбатан айтилганлигини билишмасдан кўп фитналар қилиб, ҳатто ўзларининг йўлларига кирмаганларни куфрга ҳукм қилмоқдалар. “Халифа” сўзи лугатда “ўринбосар” маъносини англатади, шариатда эса диний ҳукмларни юритишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўринларида турадиган одамни айтилади. Бу олий мансабга эга бўлаётган кишида бир неча муҳим шартлар топилмоғи лозим. Биринчидан илм, – Аллоҳнинг ҳукмларига олим бўлмоғи. Иккинчидан, адолат – Аллоҳ таъалонинг ҳукмларини ва инсонларни ҳақ-ҳуқуқларини адо этишликда одил бўлмоғи. Учинчидан кифоят – халқни ҳимоя қилишликка ва душманга қарши чиқишликка қодир бўлмоғи. Тўртинчидан жисмоний ва фикрий жиҳатдан соғлом бўлмоғи. Бешинчидан, қурайший – яъни қурайш қабиласига мансуб бўлмоғлиги ва ҳоказо. Ушбу шартлар ҳаммаси топилган кишигина ҳақиқий халифаликка лойиқ бўлади. Ҳизбут-таҳрир тоифаси юқорида зикр қилинган шартларнинг аксариятига муносиб бўла олмаслиги турган гап.                          Халифалик ҳам икки ҳил бўлади: бири комил халифалик, иккинчиси ноқис халифалик. Комил халифалик ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан сўнг тамом бўлган. Сабаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Халифалик мендан кейин 30 йил давом этади, сўнгра тишлаб тортилган подшоҳликка айланади” деганларидир. Ушбу 30 йил  Хулофои Рошидин бўлган тўрт саҳоба Чаҳори ёрларнинг  жуда адолат билан олиб борган халифаликлари ила якун топгандир. Шу нарсани алоҳида таъкидлаш керакки, баъзи гумроҳ ёшлар бузгунчи оқимлар таъсирига тушиб чет элдан меҳнат сафаридан келгач, ўз халқи эътиқодини янглиш ҳисоблаб, “Бу ибодатни бундай қилиш керак, у амални ундай қилиш лозим”, деб ўргатмоқчи бўладилар. Лекин, биз бунга асло йўл бермаслигимиз керак. Чунки, ҳар бир ибодат ва амал илм асосида, яъни Мотуридия ақидаси ва Ҳанафий мазҳабида амалга оширилиб келинмоқда. Ва шундай давом эттирилади. Қавмнинг тўғри ақидада собит бўлиши учун тинмай меҳнат қилишимизда, яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаришда Аллоҳ таолонинг ўзи бизларга мададкор бўлсин. Халқимиз фаровон ҳаётга эга бўлиб, юртимиз тинч бўлсин. Омин.

 

Искандан домла Ортиқов,

Олтинкўл тумани “Далварзин”

жоме масжиди имом хатиби