Диний адабиётларда «салаф, халаф» атамаларини учратамиз. Бу сўзларнинг луғавий ва истилоҳий маънолари қуйидагича:
Салаф (سلف) сўзи луғатда олдин яшаб ўтган аждодларга ишлатилади. Кўплик шакли “сулоф”, “аслоф” (سلاف، اسلاف) сийғаларида келади.
Халаф (حلف) деб луғавий жиҳатдан, бир асрдан кейинги аср авлодларига айтилади. Агар яхши авлод бўлса уларга ломнинг фатҳаси билан “халаф” деб айтилади. Мабодо аждодларига муносиб авлод бўла олмаган бўлса, уларга ломнинг сукуни билан “халф” (حلف) дейилади. Ушбу оятга эътибор қаратамиз:
فَخَلَفَ مِن بَعْدِهِمْ خَلْفٌ وَرِثُواْ الْكِتَابَ
Бас, улардан сўнг, ортларидан китобни меросга олган бир ўринбосарлар келдики…(Аъроф сураси / 169). Имом Қуртубий шу оят тафсирида: танқид қилишда ломнинг сукуни билан “халф” дейилади. Мақташда эса “халаф” деб ломининг фатҳаси билан ўқилади — деган.
Илмий истилоҳда эса “Салаф” сўзи умумий ишлатилганда дастлабки уч аср авлоди—уммати муҳаммадиянинг энг афзал пешқадам авлоди кўзда тутилади. Улар ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Инсониятнинг энг яхши авлоди менинг асрдошларим. Кейин улардан кейинги авлод. Кейин улардан кейинг аср авлоди—деганлар.(Бухорий, Муслим, Аҳмад).
Шу уч аср авлодининг яхшилиги шундаки, улар шу умматнинг устозлари, энг афзал ва хайр эгалари бўлган. Уларнинг бошида тўғридан тўғри Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан таълим олган саҳобалар туради. Саҳобалардаги бу фазилатга етадиган шараф йўқ! Кейинги авлод эса тобеъинлар бўлиб, улар саҳобаи киромларнинг шогирдлари ҳисобланган. Уларнинг ортидан учинчи авлод–табаъ тобеъинлар келди. Мана шу уч авлоднинг фидокорлиги билан ислом дини бизгача соғ-саломат етиб келди. Ҳақиқий шараф ўша уч авлодга доирдир!
Иброҳим ал-Лаққоний “Жавҳара”да айтади: “Салафи солиҳ” калимаси қайдланмасдан умумий ишлатилса, ундан саҳобаи киромлар тушунилади. Чунки саҳобаларнинг ҳаммаси адолатли, ишончли олимлар эди. Уларнинг ҳар бир ривояти, гарчи хато бўлса ҳам қабул қилинади. Чунки уларнинг хатоси ижтиҳод билан бўлган. Мужтаҳиднинг хатосига эса Аллоҳ савоб беради. Саҳобалар шу умматнинг энг ҳурматли устозлари эди. Уларнинг орасида бидъатчи, адашган аҳли залолат битта ҳам бўлган эмас.
Аммо саҳобалардан кейинги авлод ичида ишончли уламолар кўп бўлиши билан бирга, бидъатчи ва ҳадис тўқийдиган уйдирмачи ваззоълар ҳам бор эди.
“Салафи солиҳ” атамаси яна саҳобалардан кейинги даврга мансуб фақиҳлар, муҳаддис ва муфассирлар каби ўз даврининг пешво уламоларини ҳам қамраб олади. Масалан, тўрт мазҳаб асосчилари бўлмиш имом Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий ва Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳумуллоҳни. Шунингдек, имом Авзоъий, Мужоҳид, Суфёни Саврий ва Суфён ибн Уяйналар ҳам “Салафи солиҳ” атамаси ичига киритилади.
“Халаф” сўзининг фиқҳий истилоҳий маъноси эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мақтаган уч асрдан кейин то қиёматгача бўлган жамики раббоний олимлар, фозиллар ва солиҳлардир. Халафларнинг ичида худди салафлар давридаги каби ишончли диний уламолар бўлади. Бироқ, улар ичида яхшилардан кўра ёмонлар, ҳавосига эргашган бидъатчилар кўп бўлади. Аммо, Аллоҳ таоло Ўз динини Ўзи сақлаб олади. Ҳар даврда ҳар қанча динбузар кўп бўлмасин, барибир битта бўлсада ҳақгўй солиҳ халаф топилади!
Аллома Ибн Ҳажар “Завожир” да Имом Заҳабийдан нақл қилиб айтади: мутақаддим уламолар билан мутааххир уламолар орасини ажратиб турувчи чегара учинчи асрнинг сўнггидир! Яъни дастлабки ҳижрий уч аср.
Авазбек Мўминов
Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имом-хатиби