БЎҲТОН ҲАҚИДА

1241

Бўҳтон ҳам Ислом ҳаром қилган ёлғоннинг турларидан биридир. Бўҳтончи доимо бир инсоннинг амалига, мансабига, шарафига нутур етказишга харакат қилади. Бўҳтон кўплаб бало-офатларнинг сабабчисидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ ундан хазар қилишни буйюрган:

“Эй, имон келтирганлар, агар фосиқ киши хабар келтирса, уни текшириб кўринглар. Билмасдан бошқа кишиларга мусибат этказиб қўйиб, сўнгра қилган ишларингиздан надомат чекиб юрманг” (“Ҳужрат” сураси 6-оят).

Шу ўринда яна бир нарсани келтириш жоизки одамзод ўз нафсини фойдаси йўлида ҳаттоки  ўз  туғишган ёру – биродарларини ҳам устига номақул сўзларни айтиб уларга нисбатан туҳмат ва бўҳтон ёки бўлмаса маломат тошларини отишдан ҳам тоймайдиганлар ҳамда яқинларига ҳам ҳасад қиладиганлар учун қиёмат кунида албатта ҳар бир қилинган амал ва айтилган сўзларга Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурида ҳисоб китоб бор эканлагини эслатиб қўйишликдир.

“Бўҳтоннинг” асл луғавий маъноси:-даҳшатга тушмоқ, ҳайратланмоқ, зинога ўхшатишлик, ҳар бир ишнинг жирканч, қабиҳ ва ёқимсиз бўлмоқлигига айтилади.

Истилоҳда эса баъзан “ёлғон” маъносида ҳам келади. Бўҳтон кишида бўлмаган сифатлар билан уни сифатлашликдир. Шунингдек, киши қилмаган ишини муболаға қилиб, бўрттиришликка ҳам айтилади. Бўҳтоннинг ўзбекча маъноси туҳмат дейилади. Жумладан, бирор киши ҳақида бадгумонлик қилиш ҳам бўҳтонга элтувчи воситалардан биридир. Аллоҳ таоло “Ҳужурот” сурасида:

“Эй, иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар”, деган (12-оят).

Бадгумонлик мумкин эмас, деганда, шарт шуки, гумон қилинаётган одам тақводор, яхшилик билан ном чиқарган одам бўлса, шунда ўша киши ҳақида ёмон гумонлар қилиш ҳаромдир. Аммо, фисқу фасод билан ном чиқарган, шариатни ҳурмат қилмайдиганлар ҳақида ёмон гумон қилиш ҳаром эмас. Сўнгра, Аллоҳ жосусликдан қайтаради. “Жосуслик” деганда, кишиларнинг яширган ишини бекордан-бекорга ошкор қилишга махфий уринишни тушуниш керак. Бу нарса, албатта, ҳеч кимга фойда бермайди. Аксинча, одамлар орасида душманчилик келиб чиқишига сабаб бўлади. Аммо, ҳукумат бузғунчилар ва ёмон ниятли кишиларнинг ортидан одам қўйса, бўлаверади, чунки бу нарса жамият учун зарурдир. Юқоридаги ман қилиш эса, кишилар орасида адоват чиқармаслик мақсадида бўлган.

Оятнинг охирида Аллоҳ мусулмонларни ғийбатдан қайтаради. “Ғийбат” дегани, бир инсон ик-кинчисини ғойибдан (ортидан) ёмон нарсалар би­лан гапиришдир. Бу гaп ғийбат қилинган киши­нинг диний ёки дунёвий ишларига, ахлоқига, танасининг тузилишига ва бошқа нарсаларига те­гишли бўлса ҳам ғийбат ҳисобланади. Чунки, ғийбат одамлар орасига адоват солади.

Ислом ғийбатдан нафрат қилади. Бу нафрат шу даражага еттанки, ҳатто ғийбатчини ўлган му­сулмон биродарининг гўштини еган кишига тенглаштиради. Биров ўлган биродарининг гуштидан (ейишдан) қандай сақланса, мусулмон биродари­ни ғийбат қилишдан шундай сақланмоқлиги зарур. Аммо гуноҳ ишларни очиқдан-очиқ қилиб юрувчи, шариат қоидаларини бузувчи кишининг ҳолини “улардан одамлар сақлансин” деган мақсадда гапириш ғийбат ҳисобланмайди. Умуман, бир одамни иккинчи бир одамнинг зараридан сақлаш учун айтилган рост гaп ғийбат саналмайди. Шунингдек сўралган кимсанинг ҳақиқий аҳволини билдириб қўйиш ҳам ғийбатга кирмайди.

Ғийбат эса “бир нарсани кўздан тўсилишлигидир”.  Ғийбат бир инсоннинг ўзи йўқлигида унда бор айбларини зикр қилишликдир.

Ушбу сўзларни инсонларга айтиб уларни таҳқирлаган инсонлар авваламбор Аллоҳ таолонинг ҳаққига жиноят қилган бўлади. Чунки Аллоҳ таоло инсонларни бу ишлардан қайтаргандир. Шу билан биргаликда банданинг ҳаққига ҳам жиноят содир қилган бўлади.  Агарда бир инсонга бошқаси томонидан туҳмат қилган бўлса, у инсон уни қилган ишини пайқаб қолса, туҳмат қилгани ундан кечирим сўрашлиги жоиз бўлади ҳамда банда қилган иши учун Аллоҳга истиғфор айтиб,  қилган гуноҳини кечиришлигини сўраши шарт бўлади.

Ўйлайманки инсонлар ушбу айтиб ўтилган сўзларга амал қиладиган бўлсалар, албатта, Аллоҳ таоло ҳаммамизнинг талаби-мақсудларимизни ҳосил қилади, иншоАллоҳ!

Хўжаобод тумани “Мустаҳкам” масжиди

имом-хатиби Саъдулла домла Арипов