Рўза тутишлик гуноҳлар учун каффорат (гуноҳларни ювгувчи восита) бўлиши ҳақида

1050

Абу Воил разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Умар разияллоҳу анҳу: «Ким Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фитна тўғрисида айтган ҳадисларидан бирортасини эслай олур?»-деб сўрадилар. «Мен шундай ҳадисни эшитганман, -дедилар Ҳузайфа, – Жаноб Расулуллоҳ: «Кишининг оиласига, молу дунёсига берилиб ҳамда қўшнисига тенглашаман деб, бандачилик қилиб, йўл қўйган хатоларини унинг ўқиган намози, тутган рўзаси ва қилган садақаси ювади, яъни каффорат бўлади», – деганлар».

Ҳазрат Умар: «Мен бундай фитна тўғрисида сўраётганим йўқ, мен денгиз тўлқинларидек мавжланиб келадиган энг катта фитналар тўғрисида сўрамоқдаман», – дедилар. «Ундай фитна сизнинг даврингизда чиқмайди, чунки унинг эшиги, яъни, чиқадиган жойи қулфлангандир», -дедилар Ҳузайфа (У киши «эшик» деганда Ҳазрат Умарнинг ўзларини назарда тутдилар, чунки Ҳазрат Умар давлатда фитнага йўл қўймовчи шахс – халифа эдилар). «Мазкур эшик фитнага очиб бериладими ёки синдириладими?»-деб сўрадилар Ҳазрат Умар. Ҳузайфа: «Синдирилади», – дедилар.

Ҳазрат Умар: «Фитнани тўсиб қололмаган эшик синдиришга лойиқдир, чунки очилса, уни қиёматгача беркитиб бўлмас», – дедилар. Биз Масруққа: «Ҳузайфадан сўрагинчи, Ҳазрат Умар ўша фитна эшигини биладиларми?»-деб айтдик. «Биладилар! Тундан кейин тонг келмоғини аниқ билганларидек, буни ҳам аниқ биладилар», -деб жавоб бердилар Ҳузайфа».

Азизов Муродилжон

Шахрихон туман

“Понсод”

маҳалла масжиди имом-хатиби