Рўза – Тасаввурдан ҳис сари

773

Уламоларнинг таъкидлашларича рўза тутишнинг ҳикматларидан бири бошқа оч инсонларнинг ҳолатини ҳис қилишдир. Зеро очлик, одам ҳаётининг аксар қисмини оч-наҳор ҳолда ўтказадиган инсонларнинг ҳолини ҳис қилиш учун одам уларнинг ҳолатини ўз бошидан ўтказиши даркор. Барча очлик бу қийинчилик ва машаққат, оч инсон ўта қийналаётган одам эканини билади ва ўзича тасаввур қила олади. Лекин бир нарсани тасаввур қилиш билан уни ҳис қилиш ўртасида катта фарқ бор. Масалан, бир дўстингизни оиласида сал келишмовчилик бўлиб келин болаларини олиб уйига кетиб қолганини эшитсангиз унга раҳмингиз келади ва ҳолатини ўзингизча тасаввур қилиб унга ачинасиз. Бироқ сизнинг тасаввурингиз билан уйига келганда ҳеч ким пешвоз чиқиб кутиб олмаётган, куни совуқ овқатга қолган ва кийимлари дазмолсиз ҳолда кўчага чиқиб кетувчи дўстингиз ҳис қилаётган нарсалар ўртасида катта фарқ бор. Зеро 10000000 сўм пулим бор деб тасаввур қилиш билан унга эга бўлиш ҳиссиёти бир-биридан тубдан фарқ қилиши ҳеч кимга сир эмас.

Демак рўза тутаётган инсон атрофдаги одамларнинг очлик қисматини ўзида ҳис қилади ва бу орқали уларга нисбатан меҳр-шафқати янада зиёда бўлади. Бу эса Ислом арконларидан бўлмиш рўза ибодати ҳикматларидан бири одамлар орасида инсонпарварлик ғояларини тарқатиш эканини намоён қилади.

Андижон шаҳар

“Имоми Аъзам” масжиди имом-хатиби

Ҳабибулло Жўрабоев