Аллоҳ таоло Каломи мажидида: “Тонгга қасам, ўн кечага қасам…” деган (Фажр, 1-2). Саҳиҳ қавлларга кўра, оятдаги ўн кечадан мурод Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кечасидир. Оятда мазкур ойнинг ўн кечаси билан қасам ичилиши ўша кечаларнинг қадри баланд эканидан дарак беради.
Аллоҳ таолонинг баъзи кунларни бошқа кунлардан кўра ортиқроқ ва афзалроқ қилиб қўйиши бандаларига савобларини кўпайтириб олишлари учундир.Муҳаммад ибн Маслама ал Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Замонингизда Роббингизнинг туҳфалари бор, уни қарши олинглар. Шояд, улардан бир туҳфа сизларга етиб, ундан сўнг ҳеч қачон бахтсизлик кўрмасангизлар», дедилар.(Имом Табароний ривояти)
Бандаларга туҳфа қилинган мавсумлардан бири Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни ҳисобланади. Бу кунларни ғанимат билган, уларни бекорга ўтказиб юбормаган инсон қандоқ ҳам бахтли инсондир. Бундай улуғ кунлар бандадан уни гўзал қарши олиши ва унда кўпроқ солиҳ амаллар қилишини талаб қилади.
Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлиги фазилати ҳақида ҳадисларда ҳам алоҳида таъкидланган. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ учун ушбу ўн кунликда қилинадиган солиҳ амаллардан кўра севимлироқ амал йўқдир”, дедилар. (Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Доримий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти. Ривоят лафзи Абу Довудга тегишли). Ҳадисдаги “ўн кунлик” Зулҳижжа ойининг ўн кунлигидир. Бу нарса бошқа ривоятларда аниқ айтилган. Жумладан, Ибн Ҳиббон ва Абу Авона келтирган ривоятда “Аллоҳ даргоҳида Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунидан афзал кунлар йўқ”, дейилган. Бу ўн кунликда солиҳ амалларга тарғиб қилинишидан мақсад шуки, ундаги амаллар Аллоҳ учун энг севимли саналади. Бунинг ҳикмати ва сабаби Ёлғиз Аллоҳгагина маълум. Бандалар буюрилган ишни адо қилишлари билан кўп мукофот ва савобларга эришадилар. Биз Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлиги афзал кўрилишидан кўзланган ҳикмат борасида шуни айтамизки, ўша кунларда ҳожилар ҳаж амалларини бажараётган бўладилар, кунларнинг энг улуғи Арафа ва Қурбон ҳайити ҳам айнан шу ўн кунлик ичидадир. Шу сабаб бу вақтда қилинган амаллар Аллоҳ учун энг маҳбуб саналади. Жобир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Дунё кунларининг энг афзали ўн кунлик (яъни Зулҳижжанинг ўн кунлиги)дир” (Имом Баззор ривояти. Ривоят санади саҳиҳ). Уламолар Зулҳижжанинг ўн кунлиги афзалми ёки Рамазоннинг охирги ўн кунлиги афзалми, деган масалада ихтилоф қилишган. Улуғ зотлар бу борада қуйидаги фикрни билдирган: “Рамазоннинг охирги ўнлигининг тунлари Зулҳижжанинг аввалги ўн кечасидан афзалдир. Зулҳижжанинг аввалги ўн куни Рамазоннинг охирги ўн кунидан афзалдир. Арафа ва қурбонлик қилинадиган кун сабабидан Зулҳижжанинг аввалги ўн кунлиги афзал. Лайлатул қадр сабабидан Рамазоннинг охирги ўн туни афзал саналади”.
Ушбу фазилатли айёмлар бизларни амалда жидду-жаҳд қилишга чорлайди. Шундай экан улардан фойдаланиб қолишга ва уларни солиҳ амаллар билан обод қилишга уринайлик.
Олтинкўл туман бош имом-хатиби: Муҳаммадюсуф Тўрақулов.