Аллоҳ таоло барча ота-оналар ва мураббийлар зиммасига Ўзининг улуғ неъмати бўлган фарзандларни ақлан соғлом қилиб тарбиялаш масъулиятини юклаган. Агар улар зиммаларидаги бу масъулиятга бепарволик қилсалар ва фарзандлари тарбиясида хатога йўл қўйсалар, Аллоҳ таоло буюк кун – охират кунида ҳисоб-китоб қилади.

Болаларни бугунги кунда инсониятни хавотирга солаётган террорчилик ҳаракатлари ва дин ниқобидаги турли бузғунчи оқимлар, сионистлар, миссионерлар таъсиридан асраш керак. Бунинг учун ота-оналар, болалар тарбияси билан шуғулланадиган масъул кишилар ўша оқим ва ҳаракатларнинг туб мағиз, мақсад ва моҳиятини билишлари зарур. Бунда уларга газета ва журнал материаллари, телекўрсатувлар, интернет хабарлари ёрдам бериши мумкин. Энг катта дастур Аллоҳнинг каломи Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидир. Аллоҳга шукр, юртимиз мустақил бўлгач, Қуръони каримнинг маъно таржималари, тафсирлар, ҳадис китоблари ва уларга шарҳлар босилиб чиқди. Лекин адашиб эгри йўлга кириб қолаётган, бошқа динларга ўтиб кетаётган ёшларимиз йўқ эмас. Бу ҳол бизни жиддий ташвишга солиши ва уни бартараф қилиш йўлларини излашимиз керак.

Аллоҳ таоло: «Парвардигоро, дарҳақиқат, бизлар бошлиқларимизга ва катталаримизга бўйинсундик, бас, улар бизларни (тўғри) йўлдан оздирдилар. Парвардигоро, уларга азобни икки ҳисса қилиб бергин ва уларни катта лаънат билан лаънатлагин!» (Аҳзоб, 67–68) деб марҳамат қилади.

Ибн Ҳиббон ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло барча бошлиқлардан қўл остидагилари ҳақида, уларни ҳифзу ҳимоя қилганми ёки зое қилганми, сўрагувчидир”, дея огоҳлантирадилар.

Буларни ҳис қилар эканмиз, ё Аллоҳ, биз, бандаларингни Ўзингга ва расулингга итоатгўйлардан, ҳисоб-китоб кунида ҳузурингда юзлари ёруғ бўлгувчилардан қилгин, дегимиз келади. Ҳа, азизлар, бола тарбияси ана шундай муҳим ижтимоий, ҳаётий масаладир.

Ота-оналар ва мураббийлар фарзандларимиздаги тортинчоқлик, қўрқоқлик, ўзини сабабсиз айбдор ҳис қилиш, ҳасад, ғазаб каби кўринишларга ҳам эътибор қаратишлари муҳимдир.

Аллоҳ таолонинг тавфиқи билан қуйида ушбу ҳолатларни билганимизча қисқа-қисқа баён қилиб, шариатимизда келган ечимларни ўрганамиз.

Тортинчоқлик сифати:

Бу ҳолат барча болаларнинг табиатида бор. У бола тўрт ойлигидаёқ сезила бошлайди. Бир ёшга тўлганида аниқ-равшан бўлади: нотаниш одамни кўрса, юзини буради, кўзларини юмиб, қўллари билан яширинишга уринади.

Боланинг тортинчоқ, ўта уятчан бўлишида ирсиятнинг ҳам ўрни бор. Шунингдек, уни ўраб турган муҳитнинг таъсирини ҳам инкор қилиб бўлмайди. Кўпчилик орасида ўсган бола билан якка-ёлғиз ўсган бола ўртасида катта фарқ бўлади. Ёлғиз болалар одамови, тортинчоқ бўлиб қолмасликлари учун кўпчиликка қўшиш керак. Тенгдошлари билан тез-тез ўйнаши ёки болани кўпроқ қариндош-уруғлар зиёратига олиб бориш ҳам яхши натижалар беради.

Бу борада ҳам ибратли ривоятлар кўп. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан  Имом Бухорий ва бошқалар ривоят қиладилар: Ибн Умар балоғат ёшига етмаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофидаги саҳобаларга: “Бир дарахт бор, унинг барглари тўкилмайди, у ҳудди мусулмон кишига ўхшайди. Менга айтингларчи, у қайси дарахт?” деб мурожаат қилдилар. Саҳобалар бу чўлларда ўсадиган дарахтлардан бири бўлса керак, деб ўйлашди. Абдуллоҳ айтади, мен эса, бу хурмо дарахти бўлса керак, деб ўйладим, бироқ айтишдан ҳаё қилдим. Сўнг саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, ўзингиз айтиб беринг, у қайси дарахт?” дейишди. У зот: “Бу хурмо дарахти”, дедилар. Бошқа ривоятда эса, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу бундай дейди: «Абу Бакр ва Умарнинг гапирмаганларини кўриб, гапиришни ўзимга эп кўрмадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари айтиб бергач, ўйлаган нарсамни отамга айтдим. Отам эса: ўшанда айтишинг мен учун қизил туядан ҳам афзал эди”, деди».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан  Имом Бухорий ривоят қилади. Ибн Аббос балоғат ёшига етмаган эди. У зот айтади: «Умар розияллоҳу анҳу мени ўзлари билан Бадр қатнашчилари олдига олиб кирар эдилар.

Уларнинг баъзилари: “Бизнинг ҳам шу тенги болаларимиз бор-ку, нима учун бу болакайни олиб кираркин,” деган маънодаги норозиликлари сезилиб турарди. Шунда Умар: “Бу боланинг кимлигини биласизларми, деди, яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳақига: “Уни динда фақиҳ қилгин ва унга таъвилни ўргатгин”, деб қилган дуоларига ишора этди. Сўнг яна: Аллоҳ таолонинг “Аллоҳнинг нусрати (мадади) ва ғалаба келганида…” сўзлари (Наср, 1) ҳақида нима дейсизлар? деб сўради. Баъзилари: “Аллоҳ таоло бизга нусрат бериб, фатҳни насиб этганида Унга ҳамд айтиш ва Ундан истиғфор сўрашга буюряпти”, дейишди. Бошқа баъзилари эса сукут қилишни афзал кўришди. Умар розияллоҳу анҳу менга: “Сен ҳам шундай дейсанми, эй Ибн Аббос”, дедилар. Мен эса: “Йўқ”, дедим. У зот: “Унда нима дейсан?” дедилар. Мен: “Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ажаллари (аломати) бўлиб, Аллоҳ таоло уни у зотга билдирди”, дедим. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Иза жааа насруллоҳи вал фатҳ…” – бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ажалларининг аломатидир. Бу ҳақда мен ҳам бошқа нарса билмайман”, деди». 

Бир кун мўминлар амири Умар розияллоҳу анҳу Мадинаи мунввара кўчаларидан бирида кетаётган эдилар. Ўша кўчада ўйнаётган болалар орасида вояга етмаган Абдуллоҳ ибн Зубайр ҳам бор эди. Болалар Умар розияллоҳу анҳунинг ҳайбатидан қўрқиб, қочиб кетишди. Абдуллоҳ эса жим турди. Умар розияллоҳу анҳу унинг олдига келгач: “Нима учун болалар билан қочиб кетмадинг?” дедилар. У ҳозиржавоблик билан: “Жиноят қилибманми, сиздан қочсам. Шунингдек, йўл берай десам, йўл ҳам кенг-ку”, деб жавоб қайтарди.

Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ ҳайит куни ўғлининг устида эски, йиртиқ кийимни кўриб, кўзлари жиққа ёшга тўлди. Ўғли отасининг йиғлаётганини кўриб: “Эй мўминлар амири, сизни нима йиғлатди?” деди. У зот: “Эй болагинам, болалар сени ушбу кийимда кўрганида қалбинг ўксимасмикан, деб қўрқаман”, деди. Ўғил эса: “Эй мўминлар амири, Аллоҳ таоло ҳалок қилган ёки ота-онасига оқ бўлган кимсанинг қалбигина ўксийди, мен эса сизнинг розилигингиз туфайли Аллоҳ таоло рози бўлишидан умидворман”, деди.

Умар ибн Абдулазиз халифа бўлганларидан кейин олдиларига қутлаш учун элчилар кела бошлашди. Ҳижозлик элчилар орасидан ҳали ўн бир ёшга ҳам тўлмаган бир йигитча сўзга чиқди. Умар унга қараб: “Сен ортга қайтгин, сендан кўра каттароғи чиқсин”, деди. Йигит эса: “Аллоҳ таоло амирул мўмининни қўлласин, инсон икки кичик нарсаси – қалби ва тили билан инсондир. Агар Аллоҳ таоло бир инсонга сўзлагувчи тил, ёдлагувчи қалб бериб қўйган бўлса, гапиришга ҳақли бўлади. Эй амирул мўминин, агар иш ёшда бўлганида, уммат ичида ўтирган жойингизга сиздан кўра ҳақлироқ бошқа одам топилган бўлар эди”, деб жавоб берди. Умар унинг гапидан ҳайратланиб, қуйидаги мисраларни айтди:

Билгин, инсон олим бўлиб туғилмас,

Қавмнинг илмсиз кексаси ёшдир,

Гарчи ҳамма атрофида жам бўлса ҳам.

Китобларда нақл қилинишича, халифа Маъмуннинг олдида бир ёш бола чиройли гапириб, саволларига гўзал жавоб берди. Шунда Маъмун унга: “Сен кимнинг боласисан?” деди. Бола: “Одобнинг боласиман, эй мўминлар амири”, деди. Маъмун унга қараб: “Қандай ҳам гўзал насаб”, деб қуйидаги мисраларни ўқиди:

Кимнинг боласи бўлсанг ҳам ўргангин одобни,

Одобнинг мақтови насабдан беҳожат қилади сени.

Мана шу менман, деган йигит ҳақиқий йигитдир,

Отам фалончи бўлган, деган йигит йигит эмасдир.

Бир куни Маъмун девонхонага кириб, қулоғига қалам қистириб олган ёш болакайни кўрди ва ундан “Сен кимсан?” деб сўради. У “Мен сизнинг давлатингизда ўсган боламан, қилган меҳрибонликларингиздан фойдаланганман, сизга хизмат қилишдан умидворман, Ҳасан ибн Ражоман”, деди. Бундай гўзал жавобдан ҳайратланган Маъмун “Ақллар оддий нарсаларга синчковлиги билан бир-биридан фарқланади, оддийгина сўз бу болани мартабаларга кўтарибди”, деган маънодаги мисрани ўқийди.

Ҳишом ибн Абдулмалик даврларида саҳроларга қаҳатчилик етди. Барча араблар унинг олдига йиғилиб келишди. Бироқ ҳеч ким у билан гаплашишга журъат қилолмас эди. Уларнинг орасида ўн олти ёшли Дарвос ибн Ҳубайб исмли ёш йигит бор эди. Ҳишомнинг кўзи унга тушиб қолди. Шунинг учун дарвозабонига: “Менинг олдимга ким киришни истаса, кирсин, ҳатто ёш болалар ҳам кираверсин”, деди.  Бола унинг олдига кириб: “Эй мўминлар амири, бизнинг бошимизга уч йил мусибат келди. Биринчи йил ёғларни эритди, иккинчи йил гўштларни еди, учинчи йил иликларни қуритди. Сизларнинг қўлингизда ортиқча моллар бор. Агар у моллар Аллоҳ таолоники бўлса, бандаларига тарқатиб беринг, агар моллар бандаларники бўлса, йигитча ҳам бандаларнинг бири. Агар моллар сизларники бўлса, Аллоҳ таолонинг бандаларига садақа қилиб юборинг. Чунки Аллоҳ таоло садақа қилувчиларни мукофотлайди ва эҳсонли кимсаларнинг ажрларини зое қилмайди”, деди. 

Шунда Ҳишом: “Бу бола учта ҳақ борасида бизга бирор нарса қолдирмади”, деди ва саҳройиларга юз минг дирҳам тарқатишни буюрди. Унинг бор-йўқ мол-давлати ҳам мана шу эди. Бола: “Буни арабларнинг улушига қараб тарқатинг, уларнинг эҳтиёжларини қондиролмай қоласизми деб қўрқаман”, деди. Ҳишом эса: “Эй болакай, сенинг ҳам ҳожатинг борми?” деб сўради. Йигит: “Мусулмонлар оммасидан ортиқча ҳожатим йўқ”, деди ва қавмнинг мўътабари, ҳурматлиси бўлиб чиқиб кетди.

Бу каби ишлар фарзандларда журъат ва фасоҳатни уйғотади, онг ва тафаккурни ўстиради, камолот даражаларига кўтаради, фикрий етукликка эриштиради. Демак, ҳозир мураббийлар, айниқса, ота-оналар тарбиянинг ушбу мезонларини ҳам қатъий, мустаҳкам тутишлари, унга доимо амал қилишлари, фарзандларини ҳеч қачон эътиборсиз қолдирмасликлари лозим. Шундагина ёшлар руҳида эркинлик, журъат, қатъият ва адолатпарварлик туйғулари улғаяди. Акс ҳолда, боланинг журъатсизлиги одобсизликка, тортинчоқлиги эса  азиятга айланиб кетиши мумкин. 

Бунинг учун, аввало, ҳаё билан ҳижолатчиликни бир-биридан аниқ ажратиб олишимиз керак. Чунки булар бир-биридан айри тушунчалардир.

Ҳаё эса исломий фазилат ва одоблардан бўлиб, ҳаёли бола доим ўз ўрнини билади, катталарни ҳурмат қилади.  Холиқимиз фарзандларимизни тарбияли, доно, илмли, маърифатли, одоб-ахлоқли, хаёли, журъатли бўлиб тарбия қилишимизга ўзи мададкор бўлсин.

Олтинкўл тумани “Уйшин”

жоме масжиди имом хатиби

Анваржон домла Ибайдуллаев.