Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам овчи тутиб олган кийикнинг олдидан ўтиб қолдилар. Кийик:
- Эй Аллоҳнинг расули, елинларим тўлган. Икки боламнинг қорни оч қолган. Мени қўйиб юборсангиз, бориб иккаласини тўйдириб Сизнинг ҳузурингизга келаман, кейин яна боғлаб қўясиз, – деди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга:
- Бировларнинг овини, боғлаб қўйганларини-я?
- Эй Аллоҳнинг расули, мен Сизга, албатта, қайтиб келишимга Аллоҳнинг номидан аҳд қиламан! – деди кийик.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан Аллоҳнинг аҳдини олгач, бўшатиб, жўнатиб юбордилар. У эса орадан ҳеч қанча вақт ўтмай қайтиб келди. Жаноб алайҳис салоту вас-салом:
- Бу кийик кимники? – деб сўрадилар.
- Фалончиники, – дедилар.
Ўша кишидан кийикни совға қилишини сўраб олдилар. Кейин келган йўлига қўйиб юбориб:
- Агар ҳайвонлар ўлим ҳақида сизлар билганчалик билсалар эди, ҳаргиз семиз нарса емас эдингиз.
Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг
“Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.
Асака туман бош имом хатиби
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ