Олий хулқли инсон (ёхуд барчамизга ўрнак зот)

895

Ислом дини инсониятни гўзал ҳулқу одобга чорлаш, уларни чин инсоний фазилатлар эгаси қилиб тарбиялаш учун нозил қилинган бўлиб, унинг таълимоти инсоният ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олгандир. Муқаддас динимизнинг ҳаётбахш ва ўлмас қадриятлари мана бир неча  асрдирки, ҳамон бутун башарият назарида хурмат ва эътиборга сазовор бўлиб келмоқда. Пайғамбаримиз Мухаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳар бир мўмин-мусулмон учун улкан тарбия мактабидир. У зоти шарифнинг ҳаёт йўлларини қунт билан ўрганиб чиққан  ҳар бир инсон албатта, бунга амин бўлмай чораси йўқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун оламларга пайғамбар бўлиб келган бўлсалар-да, биринчи навбатда оддий бир инсон эдилар. Оддий кишилар қатори еб-ичар, бозорга бориб эҳтиёжлари учун зарур бўлган нарсаларни харид қилар эдилар. Айнан мана шу жиҳатлари ҳатто баъзи бир жохилларни ҳайратга солар эди. Яъни, пайғамбардек зотнинг оддий инсонлар қиладиган бундай ишлар билан машғул бўлиши уларни ажаблантирар эди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “(Куфрда бўлганлар): “Бу қандай пайғамбарки, (оддий одамлардек) таом еса ва бозорларда юрса ?!-дейдилар…”, деб хабар берган (Фурқон, 7)  Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васаллам камтарлик бобида ҳам ниҳоят даражада юксак ўрин тутганлар.

Бунинг мисоли тариқасида қуйидаги ривоятни кўриш мумкин: Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик билан подшохликни қўшиб берилишини ёки оддий банда бўлган ҳолда пайғамбар бўлиш ихтиёрини берганида, сарвари коинот иккинчисини (оддий банда бўлган ҳолда пайғамбар бўлиш) танлаганлар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таом келтирилса, иштаҳалари тортса, ер эдилар. Агар кўнгиллари тортмаса, емасдилар, лекин таомнинг камчилигини айтиб айбламас эдилар”. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни дуоларини олиб, хизмат қилган Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу у зотнинг тавозеъларини эслаб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўн йил хизмат қилдим. Лекин менга бирор марта ҳам “уф” демадилар. Шунингдек, бирор нарса қилсам “нима учун уни қилдинг?” демаганлар, агар бирор ишни қилмасам “нимага буни қилмадинг?” деб айтмаганлар”-дедилар. Демак Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон бирор кимсага қўрс ва дағал муомала қилмаганлар. Ширинсўзлик ва мулойимлик билан муомала қилганлари учун ҳам инсонлар у зотга эргашар, хизматларини қилишга интилишар эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оила аҳллари билан хушмуомалада бўлар, уй юмушлари билан ҳам шуғулланар эдилар. Оиша розиялолоҳу анҳодан: “Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам оила ахллари билан ёлғиз қолганларида ўзларини қандай тутардилар?”, – деб сўрашганида, у киши: “Жуда мулойим муомала қилар, кулиб табассум билан боқар эдилар. Шунингдек, оила аҳллари хизматида бўлар эдилар. Ҳеч ким у зотнинг саҳобалари орасида оёқларини узатиб ўтирганларини кўрмаган”, – деб жавоб бердилар. Кўриниб турибдики Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлишларига муносиб равишда оилага нисбатан зиммаларидаги бурчларини бекаму кўст адо этганлар. Уларнинг рўзғор юмушларига кўмаклашар, имкониятлари даражасида аҳли аёлларини нафақа билан таъминлар эдилар.

Аччиқ бўлсада ҳақиқат баъзи бир оила рахбарлари иш ва тирикчиликни баҳона қилиб ёки таркидунёчиликка берилиб, оиласи, бола- чақасини нафақа билан таъминлаш, фарзандларининг таълим-тарбияси билан шуғулланишни унутиб қўймоқдалар. Албатта, бу мусулмончиликка тўғри келмайди. Ҳар бир нарсанинг жумладан, бир амални (ишни) ҳам, ибодатнинг ўз вақти бор.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир ҳақ эгасининг ҳақини адо этинг”, деганлар. Шундай экан, аҳли аёл ва фарзандларимиз нафақаси, таълим-тарбияси билан шуғулланишни ҳам унутмайлик. Оиша онамиз розияллоҳу анхо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни чиройли ҳулқларидан яна бирини баён қилиб айтадиларки: “Ҳусни хулқда Пайғамбардан соллаллоху алайҳи васаллам ўтадиган ҳеч кимса бўлмаган, зеро, у зот бирор кимса чақирганида доимо лаббай деб жавоб берар эдилар”, дедилар. Демак икки мўмин кўришганда саломлашиш, чақирганда лаббай дейиш, хайрлашганида эса, омонлик тилаш биз мўмин-мусулмонлар учун одатга айланмоғи керак. Зеро, инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат, аҳил-иноқликнинг зиёда бўлиши биринчи навбатда, хушмуомалалик ва ширинсуханликка боғлиқдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарларининг бирида саҳобаларига бир қўйни сўйиб, таом тайёрлашни буюрдилар. Шунда бирлари: “Қўйни мен сўяман”, деса, иккинчилари: “Мен эса терисини шилиб, майдалайман”, деди. Учинчилари: “Уни пишириб, таом тайёрлаш эса менинг зиммамга”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У ҳолда мен ўтин териб келаман”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ! Сиз қўяверинг, ўзимиз қилаверамиз, дейишди. Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васаллам эса: “Тўғри, бу ишни ҳам ўзингиз уддалайсиз, аммо мен сизлардан ажралиб туришни хохламайман. Чунки Аллоҳ таоло бандасини ўз биродарларидан ажралиб турган ҳолда кўришни ёқтирмайди”, деб жавоб бердилар. Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васалламни ушбу камтарлик сифатлари биз учун ўрнак бўлмоғи лозим. Чунки баъзи инсонларга обрў ёки бир оз мол-дунё тегиб қолса, ўзини йўқотиб қўяди. Бошқаларга нисбатан беписанд назар билан боқади. Қолаверса, Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ учун камтарлик қилса,Аллоҳ таоло унинг қадрини кўтаради”, деганлар.

Халқимизда: “Камтарга камол, манманга завол”, деган мақол ҳам бежизга айтилмаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом динининг мазмун-моҳиятини ўзларининг кундалик ҳаёт тарзлари, амаллари ва пурмаъно сўзлари орқали намоён қилиб берганлар. У зотнинг: “Пайғамбар бўлиб келишимнинг асосий боиси гўзал ахлоқни тамомига етказишдан иборатдир”, деган сўзларида Ислом динининг асл моҳияти ифодалаб берилгандир. Афсуслар бўлсинки, қанча кўп уламоларимиздан эшитаётган бўлсакда ва диний манбаларда кўп ўқиётган бўлсакда чиройли ҳулқларга эътиборсиз бўлаётганлар ҳам йўқ эмас. Ҳозирги тинч ва хотиржам кунларимизда баъзи кишилар қариндошлар билан силаи раҳм қилиш, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, росгўйлик, инсоф каби фазилатларга ҳам эътиборсиз бўлиб қолмоқдалар. Баъзи кимсалар ўз ака-укалари билан сен-менга боришиб, ўртадаги қариндошчиликка чек қўйсалар, баъзи бировлар қўни-қўшничилик ҳақларига риоя қилмай, уларга озор етказиб қўядилар. Баъзида кўча-кўйда ёшларнинг катталарга нисбатан хурмат сақламаслиги кузатилмоқда. Албатта, булар мусулмонлар шаънига номуносиб бўлган ҳолатлардир. Аллоҳим жаннатмакон юртимизни тинч ва саломат ҳолда Ўз панохида сақласин. Бизларни эса гўзал ҳулқ ва одоблар билан ҳулқлантирсин. ОМИН.

 

Андижон шаҳaр “Абу Ҳурайра” жомеъ

масжиди  имом хатиби:

Шаробиддин Мусабоев