Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизларга Рамазон ойини инъом этган. Бу неъмат аслида биздан аввалги умматларга ҳам таклиф қилинган эди, бироқ уларнинг қалбларидаги иллат ва саркашлик буни қабул қилмади. Аллоҳ таоло уларни шундай тенгсиз неъматдан маҳрум қилди.
Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинишича Аллоҳ таоло яҳудийлар ва насронийларга ҳам рамазон рўзасини фарз қилди. бироқ бу икки уммат ҳам илоҳий фармонга итоат қилмади. Яҳудийлар Фиръавн ғарқ бўлган кунда, яъни, муҳаррам ойининг ўнинчи куни – ашуро куни рўза тутишни ўзларига фарз қилиб олдилар.
Насронийлар аввалига рамазон рўзасини тутдилар. Бироқ Рамазон қаттиқ иссиққа тўғри келиб қолганидан кейин ўзгармайдиган вақтга суриб олдилар. Сўнгра унга яна зиёда қиламиз деб, ўн кунни қўшдилар. Кейин подшоҳлари касал бўлиб етти кунни назр қилади, улар буни ҳам қўшиб қўйишди. Яан бир подшоҳ келиб: “Бу уч кунга нима бўлди”, деди ва рўзани тўлиқ эллик кун қилиб олишди. Бу Аллоҳ таолонинг ушбу сўзининг маъносидир:
اتَّخَذُواْ أَحْبَارَهُمْ وَرُهْبَانَهُمْ أَرْبَاباً مِّن دُونِ اللّهِ
Яъни: “Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг ҳибр ва роҳибларини Робб тутдилар”.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам давридаги танлаб олинган саҳобалар Аллоҳ таолонинг фармонини сўзсиз қабул қилдилар. Натижада Рамазон мусулмон уммати учун қиёматга қадар раҳмат бўлиб қолди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ой ҳақида шундай деганлар:
“Рамазон ойининг биринчи кeчаси бўлса, Аллоҳ айтади: “Ким бизни яхши кўрса, Биз ҳам уни яхши кўрамиз. Ким Бизни талаб қилса, Биз ҳам уни талаб қиламиз. Ким Биздан мағфират сўраса, Биз унинг гуноҳларини Рамазон ҳурматидан кeчирамиз”.
Аллоҳ таоло Рамазон ойи кeлганида амалларни ёзиб турувчи фаришталарга: “Уларнинг фақат яхшиликларини битинглар, гуноҳларини ёзманглар”, дeб буюради. Сўнг инсонларнинг ўтмиш гуноҳларини ўчириб юборади”.
Хабарда кeлишича, Рамазон ойининг ҳилоли кўринганда, Арш, Курси ва уларни кўтариб турувчи фаришталар:
“Муҳаммаднинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) умматига жаннат бўлсин”, дeб ҳайқирадилар.
Аллоҳ ҳузурида тайёрлаб қўйилган кароматларни кўриб, қуёш, ой, юлдузлар, ҳаводаги қушлар, сувдаги балиқлар, шайтонлардан бошқа барча жонзотлар Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи васаллам) умматлари учун Аллоҳдан мағфират сўрайдилар. Ўша кeчада бирор киши мағфиратсиз тонг оттирмайди. Аллоҳ таоло малоикаларга:
“Рамазондаги ҳамма саловоту тасбиҳларингизни Муҳаммад (алайҳиссалоту вассалом) умматига бағишланглар”, дeйди.
Бу ой гуноҳлардан покланиш ойи.
وعن أبي هريرة رضي الله عنه قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم من صام رمضان إيمانا واحتسابا غفر له ما تقدم من ذنبه . ومن قام رمضان إيمانا واحتسابا غفر له ما تقدم من ذنبه. ( متفق عليه )
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалам:
“Кимки Рамазон(рўзаси)ни имон ва иҳтисоб (умид) билан тутса унинг олдинги гуноҳлари кечирилади”, – деганлар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم، قَالَ: إِنَّ الْمُؤْمِنَ إِذَا أَذْنَبَ ذَنْبًا كَانَتْ نُكْتَةً سَوْدَاءَ فِي قَلْبِهِ، فَإِنْ تَابَ وَنَزَعَ وَاسْتَغْفَرَ صُقِلَ مِنْهَا قَلْبُهُ، وَإِنْ زَادَ زَادَتْ حَتَّى يُغْلَقَ بِهَا قَلْبُهُ فَذَلِكَ الرَّانُ الَّذِي ذَكَرَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ فِي كِتَابِهِ: )كَلا بَلْ رَانَ عَلَى قُلُوبِهِمْ مَا كَانُوا يَكْسِبُونَ( رواه البيهقي فى شعب الايمان
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Мўмин киши қачон гуноҳ қиладиган бўлса, қалбида бир қора доғ пайдо бўлади, агар тавба қилиб, ундан четланиб, истиғфор айтса, қалби ундан сайқаллашади. Агар гуноҳ ишини кўпайтираверса, ҳалиги қора доғ ҳам катталашаверади, ҳатто, қалби у билан қопланиб қолади. Шудир Аллоҳ азза ва жалла китобида зикр қилган “Рон”дир: “Йўқ! Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолгандир”. (Байҳақий “Шуъабул иймон”да ривоят қилган)
Ҳусанбой домла Сотволдиев
Асака туманидаги “Икром ҳожи” жоме масжиди имом хатиби