Муҳтарам аҳли имон ва аҳли ислом биродарлар! Ўлкамизга ойларнинг сарвари ва саййиди, ўн бир ойнинг султони, Аллоҳнинг муборак Китоби Қуръони карим нозил бўлган ой, фазилати жиҳатидан бошқа ойлардан афзал моҳи Рамазон ташриф буюрмоқда. Барчаларингизни ушбу орзиқиб, интизор кутилган муборак айёмга эсон-омон етишганимиз муносабати билан самимий муборабод этамиз. Яхшиликлар, савоблар кўпайтирилиб бериладиган ушбу ойда барча ибодатларни, солиҳ амалларни Пайғамбаримиз алайҳиссалом суннатларига мувофиқ адо этишимизга муяссар айлашини сўраб, Аллоҳ таолога илтижолар қиламиз.

     Рўза нафақат мусулмонларга, балки Исломдан олдинги қавмларга ҳам фарз эди. Бу ҳақда бир неча ҳадиси шарифлар ҳам бор. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар: “Жоҳилият аҳли ашурода (муҳаррам ойининг ўнинчи куни) рўза тутар эди, рамазон ойида рўза тутиш ҳақида оят нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ашуро рўзасини хоҳлаганлар тутсин, хоҳламаганлар тутмасин”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти);

     Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Биз Қурайш аҳли жоҳилият даврида ашуро рўзасини тутар эдик. Жаноб Расулуллоҳ ҳам тутардилар. Мадинага келганларида ашуро рўзасини тутдилар, бошқаларга ҳам тутишни буюрдилар. Аллоҳ таоло рамазон ойи рўзаси ҳақида оят нозил қилиб уни фарз этгач, ашурода рўза тутилмайдиган бўлди. Ашуро рўзасини хоҳлаганлар тутиб, хоҳламаганлар тутмас эди” (Имом Бухорий ривояти).

     Оятдаги “саноқли кунлар” мусулмонларга Рамазон ойида рўза тутиш фарз қилинганини билдиради. Бу маънода рўзанинг қийин ва машаққатли эмаслигига, инсон бунинг уддасидан бемалол чиқишига ишора бордир. “Қодир бўлмаган кишилар” дейилганида кексайиб ёки оғир беморлик туфайли ёхуд бошқа узрли сабабларга кўра рўза тутишга ярамайдиган кишилар назарда тутилган. Бу тоифа кишилар ҳар бир кун учун бир мискин кишининг кунлик таоми миқдорида фидя (бадал) тўлашлари лозим. Аммо иложи борича рўзани қолдирмай тутган киши катта савоб ва охират мукофотларига эришади. Зеро, “Рўзанинг дунёвий ҳаётингиздаги фойдаларини, охиратда рўза сабабидан эришадиган мақомларингизни билганингизда эди, ўн икки ой рўзадор бўлишни истар эдингиз”, дейилади ҳадисда. Ҳадиси қудсийда келишича, Аллоҳ таоло бундай деган: “Одам боласининг рўзадан бошқа барча амали ўзигадир. Рўза Менгадир, унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Рамазон рўзасини имон-ишонч билан ва савобидан умид қилиб тутса, олдинги гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

    Азиз биродарлар шу ўринда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозим саҳоватпеша халқимиз рўзадорлага  ифторликлар бериб кўп ажрлар олишга шошиладилар лекин ифторлик бериш дегани рўзадор учун керагидан ортиқча нарсаларни қўйиб исроф қилиш дегани эмас. Инсонларга шунча неъматларини ато этиб қўйган Аллоҳ таоло уларни бу неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, асло исрофга йўл қўймасликка чақиради.

     Исроф динимизда қаттиқ қораланган. Қуръони каримда исрофнинг зарари, исрофгарнинг мазаммати ҳақида бир неча ояти карималар бор.

     Абдуллоҳ ибн Аббосдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер”, деганлар” (Имом Бухорий ривояти). Фахри коинот айтганларидек: “Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар»; “Ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқликка тушмайди”. Яна бир ҳадисда: “Исрофгар жаннатга кирмайди”, дейилган.

     Лекин минг таассуфлар бўлсинки, бугунги кунга келиб аксарият ҳолларда  исрофдан сақланишга эътибор бермаймиз, исрофгарга айланиб қолаётганимизни сезмаймиз. Деярли кўп нарса, у қимматми ёки арзон, аҳамиятлими ёки аҳамиятсиз, нодирми ёки сероб, олди-кетига қарамай бирваракайига исроф қилиняпти. Хонадонларимизда ортиб қолган таомлар ташлаб юборилмоқда. Ахлат уюмлари орасида энг азиз неъмат бўлмиш нон ҳам пайдо бўлгани айниқса ачинарли ҳолат.  Шу муносабат билан ифторлик қилаётган саҳоватпеша биродарларимизга илтимос қилардик рўзадор аввало риёзат қилади, риёзат қилувчи инсонга кўп таом зарур эмас, очликдан кейин кўп таом ейиш ҳам соғликга зарардир шунинг учун ифторлик учун тайёрлаётган таомимизни битта қилсакда иккинчи таом қилиш мақсади бўлган азизларимиз шу таом учун кетадиган сарф харажатларимизни мухтож,  ночор. йўқсил ва етим-есирларга берсак шояд шу ишимздан Худои таоло биздан рози бўлса ўрталаримиздаги меҳр оқибатлар зиёда бўлса ҳаммамизни Ўзи рози бўладиган амалларни кўп-кўп бажаришга муваффақ айласин. Омин.

Қобилжон домла Турдиев

Андижон вилояти Жалақудуқ тумани бош имом хатиби