Ассалому алайкум азиз юртдошлар!

    Юртимизга ойларнинг сарвари, ўн бир ойнинг султони, Аллоҳнинг муборак Қуръони карим китоби нозил бўлган ой, моҳи Рамазон шариф ойи якунига етди.

    Барчамиз ушбу муборак ойга эсон-омонлик етиб келиб, оиламиз даврасида омонликда ўтказаётганимиз учун Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукроналаримизни йўллаб қоламиз.

    Бу ой Қуръон, тақво, барака, раҳмат, мағфират, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш, жаннатга эришиш ва дўзахдан озод бўлиш ойидир. Шунинг учун бутун дунё мусулмонлари бу муборак ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилигини топиш йўлидаги ибодатлар қилиб, хайру-саховатлар ойига айлантиришади.

   Жаннатмакон юримизнинг мўмин-мусулмонлари ойларнинг саййиди бўлган Рамазон ойини хуш кайфиятда, кўтаринки руҳда, кечаларини тоату-ибодат, кундузларини эса рўзадор ҳолда, юртимизга файзу-барокат сўраш ила ўтказишган бўлдилар.

   Ушбу ой барча юртдошларимиз томонидан яхши амаллар ила Аллоҳ таолога тоат ва ибодатлар қилиб, ибодатлар ойига айлантирдилар. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан бу ойни меҳр-мурувват, хайру-саховатга айлантирдилар. Саховат ойи бўлган Рамазон ойида юртдошларимиз кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор хамюртларимиз ҳолларидан хабар олиб, уларга ҳам Рамазон шукуҳиятила улашиш асносида ўтказишган бўлдилар. Бу эса бир-бирларимизга бўлган меҳр ва муҳаббатимизни яна зиёда бўлишлигига сабаб бўлмоқди. Шуни назарда тутган ҳолда бу йилги Рамазони шариф ойида муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан кам таъминланган, ногирон аъзолари бор оилаларга ифторлик дастурхонлари ёзилди. Муҳтарам Президентимизнинг ўзлари ҳам Наманган вилоятидаги ифторлик дастурхонида шахсан қатнашишлари барчани бирдек мамнун қилди. Бу ифторлик тадбирларининг давомийлиги Андижон вилоятида ҳам ўтказилган бўлиб, жойларда 70 дан ортиқ ифторлик тардбирлари ташкил қилинди. Ушбу ифторлик тадбирларида ногиронлиги бор, кам таъминланган ҳамюртларимизнинг ҳам дуолари олинди. Бу хайрли амал эса, динимиз кўрсатмалари ва ҳам халқимиз анъаналаридан десак асло муболаға бўлмайди.

    Рамазони-шариф ойининг яна бир ўзига хос хусусиятларидан бири, бу ойда берилажак ажру савоблар бошқа ойларга нисбата бир неча баробар бўлганлиги учун мўъмин-мусулмонлари ўзлари топиб турган молларидан Закот ибодатини ҳам адо этишлигидир. Зеро Закот Исломнинг беш рукнидан бири бўлиб, шариат фарз қилган амалдир. «Закот» сўзи луғатда «поклик» ва «ўсиш» деган маъноларни англатади. Закот берган кишининг моли покланади. Қачон закотини берса, покланади, бўлмаса йўқ. Закоти берилган молга барака киради, кўпайиб, ўсади. Бундан ташқари Фитр садақаси бўлган яна бир ибодат борки, ушбу садақа тури билан рўзадор одам рамазон ойида рўза тутар экан, гоҳида билиб-билимай турли гаплар оғзидан чиқиб кетган бўлиши, шунингдек, баъзи ноқулай амаларни қилиб қўйган ва шу сабабдан кўнгли ғаш бўлиб юрган бўлиши мумкин. Ана ўша ғашликларни ювиб юбориш учун садақаи фитр тўлаш жорий қилинган вожиб амал ҳисобланади. Фитр садақаси мискинларга берилади, улар уни таом қилиб ейдилар, хурсанд бўладилар. Рамазон ҳайити кунлари қувончларига-қувонч қўшилади. Шунинг учун ҳам ҳар ўлкада ўша ернинг энг кенг тарқалган таомидан садақаи фитр берилсин, дейилган. Шунда энг кўп одам манфаат олган бўлади. Шу ўринда Закот миқдори айтиб ўтсак. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 2024 йилги закот нисоби 40 миллион сўм этиб белгиланиб, ушбу миқдордан бир қисмини закот ҳисобида берилишлиги ҳамда Фитр ва фидя миқдори энг ками икки килограм буғдой, яъни 14 минг сўм этиб белгиланганди. Ҳар ким ўзининг ҳолатига қараб, арпа, майиз, хурмодан ҳам фитр ва фидя садақаларини беришлиги мумкин бўлади.

    Аллоҳ таолога чексиз ҳамдлар бўлсинки, Ўзи ваъда қилган буюк мукофотни қабул қилиш куни “Ийдул-Фитр”, яъни Рамазон ҳайити юртимизга кириб келмоқда.

    Рамазон ҳайитини дунёдаги барча мусулмон ҳалқлари қатори жаннатмакон юртимизнинг аҳолиси ҳам хурсандчилик, хуш кайфият билан ўтказадиган муборак айёмдир. Ушбу кун тутган рўзаларимиз қабул этиладиган, Аллоҳнинг раҳмати ва фазли ер юзига мўл-кўл ёғиладиган, Аллоҳга қуллик ва итоатда қалбларимиз завқланадиган ажойиб вақтдир. Шу боис Исломнинг шиори бўлган икки байрамда, Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити кунларида юксак одоб-ахлоқимизни, хурсандчилигимизни ва саховатимизни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ изҳор қилишимиз керак.

    Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:

   “Айтинг: Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир” (Юнус сураси, 58-оят).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида мадиналикларнинг кўнгилочар икки кунлари бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу қандай кунлар?” деб сўрадилар. Улар: “Жоҳилиятда бу кунлари кўнгилларимизни хуш қилардик”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло бу икки кунни улардан ҳам яхши қурбонлик ва фитр кунларига алмаштирди”, дедилар” (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривоятлари).

    Ҳайит кунлари мусулмонларнинг азиз байрами бўлганлиги учун, у кунда шоду-ҳуррамлик, хурсандчилик қиладиган, кексаларни, ота-она, қариндошларни зиёрат қиладиган, беморлар ҳолидан хабар олинадиган ҳамда хайр эҳсонлар қилинадиган кундир.

    Бундан кўзланган асосий мақсад жамиятда бир қадар тенглик пайдо қилиш, бой ва фақир ўртасида илиқ муносабатларни вужудга келтириш, Ислом динининг нақадар инсонпарвар, меҳр-мурувватга тарғиб қилувчи дин эканини намойиш қилиш, қолаверса, закот берувчининг молини поклаб, уни талофатдан асраш ва яна ҳам кўпайишига замин тайёрлашдир.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўъминнинг дунё қайғуларидан бирини кетказса, Аллоҳ унинг қиёмат кунидаги қайғуларидан бирини кетказади. Ким дунёда бир қийналган (биродари)нинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло унинг қиёматдаги оғирини енгил қилади. Ким бир мусулмонни айбини беркитса, Аллоҳ таоло уни дунё ва охиратда сатр қилади.  Қайси бир банда биродарининг ёрдамида бўлса, Аллоҳ таоло ҳам унинг ёрдамида бўлади”,- деганлар (Имом Муслим ривояти).

    Ҳар йили ҳайит байрамини юртимизда нишонлаш тўғрисида Муҳтарам Президентимиз томонидан алоҳида қарорлар қабул қилиниб, Рамазон ҳайити кунлари юртимиз аҳолиси учун жуда кўплаб қулайликлар яратилар эди.

    Бу йилги шароитдан келиб чиқиб, барча юртдошларимиз бу кунни оила даврасида, тинчлик ва хотиржамликда, шукроналик, дуои-хайрлар ила ўтказиб, халқимиз орасида ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва эзгу фазилатларга тўла амаллар ила нишонлайдилар деган умидидамиз инша-Аллоҳ.

    Аллоҳ таоло барчаларимизга Рамазон ҳайитини муборак қилсин!.

    Бу кунни ҳар бирларимизга савобли амалларни кўплаб қилишни, юртимиздаги кам таъминланган, ногиронлиги бор, боқувчисини йўқотган юртдошларимиз ҳолларидан хабар олиб, шу билан хонадонларимиз барака хайрга тўлишини Яратгандан сўраб қоламиз.

    Юртимиз тинч, осмонимизни доимо мусаффо бўлсин.

   Рамазон Ҳайитингиз муборак бўлсин азиз юртдошлар!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов