Машҳур тобеинлардан бўлган Абу Қилоба раҳимаҳуллоҳ Ражаб ойи фазилати ҳақида шундай деган:

عن عَامِرِ بْنِ شِبْلٍ رضي الله عنه، قَالَ: سَمِعْتُ أَبَا قِلابَةَ رضي الله عنه،  يَقُولُ: “فِي الْجَنَّةِ قَصْرٌ لِصُوَّامِ رَجَبٍ” (رواه الإمام البيهقي).

яъни: Омир ибн Шиблдан ривоят қилинади, Абу Қилоба разияллоҳу анҳудан эшитдим, у зот айтадилар: “Ражаб ойида рўза тутувчилар учун жаннатда бир қаср бор” (Имом Байҳақий ривояти).

    Араб тилидаги “ражаб” сўзи ўзбекчада “улуғлаш”, “ҳурматлаш” маъноларини ифода этади. Ражаб ойи – Аллоҳ таоло уруш қилишни ҳаром қилган (зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам, ражаб) ойлардан биридир.

     Ражаб ойида ер юзини сув босган тўфонда Нуҳ алайҳиссалом кемага ражаб ойининг биринчи куни минганлар. Ва  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий ражаб ойида нозил бўлган. Ва  яна машҳур қавлга кўра, Исро ва Меърож воқеаси ражаб ойида содир бўлган.

     Ражаб ойи баракали ва улуғ ой бўлиб, ундаги озгина яхши амал эвазига кўплаб ажру савоблар берилади. Ибодатлар ва дуолар ижобат бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Беш кеча борки, унда дуолар рад этилмайди: ражаб ойининг аввалги кечаси; шаъбон ойининг ярмидаги кеча; жума кечаси; фитр куни кечаси ва қурбонлик кечаси” (Ибн Асокир ривояти).

   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ражаб ойида рўза тутганлар. Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: “Саъид ибн Жубайрдан ражаб ойида турганимизда ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик”, деяётганини эшитганман”, деди”.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ражаб ойида кўп истиғфор айтишга тарғиб қилганлар. Саййидул истиғфор: “Аллоҳумма анта роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана абдука ва ана ала аҳдика ва ваъдика мастатоту аъузу бика мин шарри ма сонаъту, абуу лака биниъматика алайя ва абуу бизамбий фағфирлий фаиннаҳу ла яғфируз зунуба илла анта”.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ. قَالَ : كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا دَخَلَ رَجَبٌ قَالَ: “اللهُمَّ بَارِكْ لَنَا فِي رَجَبٍ، وَشَعْبَانَ، وَبَلِّغْنَا رَمَضَانَ” (رواه الإمام ابن عساكر والبيهقي).

яъни: Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ражаб ойи кирса, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳ! Ражаб ва шаъбон ойларида бизга барака бергин ва Рамазон ойига етказгин”, дер эдилар” (Имом Ибн Асокир ва Имом Байҳақий ривоят қилган.

 (Имом Байҳақий ва Имом Тобароний Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

    Уламоларимиздан бири: “Ражаб шамолга, шаъбон булутга, рамазон ёмғирга ўхшайди. Кимки ражаб ойида экин экмаса, шаъбон ойида уни суғормаса, рамазон ойида қандай ҳосил олади?” деган эди.

    Шундай экан Рамазон ойида олажак ҳосилимиз мўл бўлмоғи учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олган ҳолда ражаб ойида кўпроқ солиҳ амаллар билан бирга астойдил дуолар қилишни ҳам унутмайлик!

    Усмон ибн Ҳаким Саъид ибн Жубайрдан Ражаб ойи рўзаси ҳақида сўраса ҳам, у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий одатлари ҳақида жавоб берганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам гоҳида сурункасига рўза тутар эдилар, ҳатто кишилар у киши оғизларини очмаслар керак, деб ўйлаб қолишарди. Гоҳида эса, сурункали оғизлари очиқ юрганларидан кишилар энди рўза тутмасалар керак, деб ўйлаб қолишар эди. Ражаб ойда ҳам шундоқ бўлар эди.

    Мужийба ал-Боҳилийя розияллоҳу анҳодан, у киши ўз оталари ёки амакиларидан ривоят қилади: «Албатта у (отаси ёки амакиси) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борибди. Сўнгра эса бир йилдан кейин яна ҳолати ва кўриниши ўзгарган ҳолда келибди ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мени танимаяпсизми?», дебди.

«Сени нима ўзгартирди? Чиройли кўринишда эдинг?», дедилар.

«Сиздан ажраганимдан сўнг фақат кечасигина таом едим», деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

   «Нима учун ўзингни азобга солдинг?», дедилар-да, сўнгра: «Сабр ойи рўзасини тут ва ҳар ойдан бир кун тут», дедилар. «Бир оз зиёда қилинг, менинг қувватим бор», деди. «Икки кундан рўза тут», дедилар. «Бир оз зиёда қилинг», деди. «Уч кундан рўза тут», дедилар.

   «Бир оз зиёда қилинг», деди. «Ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, деб уч бармоқларини буклаб-ёзиб кўрсатдилар» (Абу Довуд, Аҳмад ва Насаий ривоят қилган).

   Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, Ражаб ойида нафл рўза тутиш савобли иш ҳисобланади.

   Шундай экан, имкони бор кишилар Ражаб ойидан бошлаб, нафл рўзаларни тутиб, Рамазон рўзасига ўзларини тайёрлаб боришлари мақсадга мувофиқ бўлади.

   Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, халқимиз орасида ражаб ойида қилиш шарт, деб тушуниладиган ибодатлар пайдо бўлган. Аслида уларнинг асоси мавжуд эмас. Шариатимиз кўрсатмаларида Ражаб ойининг муайян бир кунини рўза билан хосланмаган. Бу борада келган барча ҳадислар “мавзуъ” яъни тўқима эканига барча муҳаддис уламоларимиз иттифоқ қилишган.

   Аслида нафл рўза тутиш, нафл намоз ўқиш савобли ишлардан. Лекин бунинг учун муайян кунни белгилаб, ушбу иш шариат кўрсатмаси деб, одат қилиб олиш ҳамда бунга далил сифатида турли тўқима ҳадисларни ривоят қилиш  тўғри эмас. Айниқса, Ражаб ойининг йигирма еттинчи кечасида “Рағоиб намози”ни адо этиш борасида нақл қилинган ҳадисларнинг барчаси тўқима бўлиб, унга амал қилинмайди. Чунки унинг бидъат эканини Ибн Нужайм, Ибн Обидин ва Абдулҳай Лакнавий каби муҳаққиқ уламоларимиз томонидан очиқ-ойдин айтиб ўтилган (манба: “Баҳрур-роиқ”, “Раддул Муҳтор”, “ал-Осорул марфуъа фил-ахборил-мавзуа” китоблари).

     Демак, Ражаб ойида ҳам бошқа ойларда бўлгани каби нафл рўза ва намозлар бирор кунга белгиламасдан, одат қилиб олмасдан ўқилаверади. Шундагина шариатимизда кўрсатилмаган турли бидъат ва хурофотдан узоқ бўлинади.

    Иложини топган кишилар бу ойда нафл рўза тутсалар яхши бўлар экан.

   Манбалар асосида

Анваржон домла Ибайдуллаев

Олтинкўл тумани “УЙШИН” жоме масжиди имом хатиби