ҚИЗ КЎРСАНГИЗ ЎКИНМАНГ!

672

Ҳазрати Хадичанинг (Аллоҳ рози бўлсин) кўзи ёриди. Файзли оилада қиз фарзанд дунёга келди. Она гўдагига чексиз меҳр ва… ўкинч билан термулди. У зот эса яхши хабарни эшитибоқ Хадичанинг ёнига шошдилар. Қизалоқни севинч билан қучоқларига олиб, бағриларига босдилар. Аёлларига миннатдор боқиб:

— Қизимнинг исми Зайнаб бўлсин! — дедилар.

“Зайнаб”, яъни, отасининг зийнати…

Бу ҳодиса қиз фарзандлар камситилишига қўйилган қатъий нуқта эди. Жоҳилият даврида одамларнинг маломатидан қўрқиб, қизларни гўдак чоғида тириклай кўмишдек жирканч одат бўлган. Ҳатто Ҳазрати Умардек зот (розийаллоҳу анҳу) исломгача бўлган даврда қизчасини тириклай кўмганлар кейинчалик шу аянчли ишларини эслаб, йиғлар, кўзёшларидан соқоллари ҳам ҳўл бўлиб кетар эди. Чуқур ковлаётганларида жажжи қўлчалари билан соқолларини тупроқдан тозалаб турган қизчаларини сира унутолмасдилар.

Ислом дини бу жирканч одатни тугатди. Аёлларни камситишга, уларга буюмдек қарашга, қиз кўришни айб санашга чек қўйди: “Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетар. У (қиз)ни камситган ҳолда олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг “ёмон”лигидан (орият қилиб,) одамлардан яшириниб олур. Огоҳ бўлингларким, уларнинг бу ҳукмлари яроқсиздир” (Наҳл, 58-59).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифларида марҳамат қиладилар:

“Аллоҳ таолодан хайрли болалар ато этишини сўрадим, менга қиз фарзандлар эҳсон этди” (“Ширъатул Ислом”);

“Қиз фарзандларингни хор кўрманглар, мен қизларнинг отасиман” (“Мифтоҳул жинон”) “Бозордан янги мева сотиб олиб, уйига келтирган киши садақа қилиш савобини олади. Олиб келинган мевани аввал қизларига берсин! Аёли, қизларини севинтирган одамнинг савоби Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғлаганнинг савоби кабидир. Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кишининг танаси жаҳаннамга ҳаромдир” (Ибн Адий. р.а).

Қиз фарзандларга қандай муносабатда бўлиш кераклигини билиш учун мазкур башоратлар кифоя.

Афсус, баъзида жоҳилият даврини эслатувчи совуқ гапларни ҳам эшитиб қоламиз. Эркаклар-ку, оналик дардини, меҳрини аёлларчалик ҳис қилишмас. Бундай гапларни она бўлиш оғирликларини бошидан ўтказган, ўғилми-қизми, фарзанд нақадар ширин, азиз бўлишини билган кайвони хотинлардан эшитиш қандай ачинарли:

“Ўзи шу келинни бошидан жиним суймаган. Агар яхши бўлса, биринчи боласи қиз туғилармиди?” “Фалончининг келини учинчисини ҳам қиз туғибди. Ҳамманинг кўнглини оғритаверганидан кейин, шундай бўлади-да!” “Нечта қизи бор экан? Олтита?! Шунча қизнинг ўрнига битта ўғил туғиб олмайдими, ёнбошида суянчиғи бўларди…” “Келинимга айтдим, болам шу тўртта қиз билан ўтиб кетаверадими, дедим. Рост-да, ўғил туғмаган аёл аёлми?!” “Одам дунёга бир марта келади, ҳамма ҳам орзу-ҳавас кўришни истайди… ”

Ҳа, кўпчилигимиз пуч орзу-ҳаваслар ортидан чопиб, оворамиз. Ахир шу орзу-ҳаваслар бизни гуноҳларга, хатоларга етакламаяптими?

Фарзанд инсонга ато этилган энг улуғ неъмат. Уларнинг бирини бошқасидан устун қўйиш, неъматни қадрламаслик, шукрсизликдир. Тирноққа зор ўтганлар қанча, биргина фарзанд тилаб яшаётганлар қанча? Бандаси учун яхшилик кимда ёки нимада эканини фақат Аллоҳ таоло билади.

Шундай экан, фарзандларингиз қиз бўлса, асло ўксинманг. Чиройли тарбиялаб, тенгига узатиб, кейин ҳам яхшилик қилишда давом этсангиз, Меҳрибон Аллоҳ уларни сиз билан жаҳаннам ўртасида тўсиқ қилади.

Вилоят бош имом-хатиби ўринбосари М.Мўминов