Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги фармони имзоланди.
Унга кўра, Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Қурбон ҳайитининг биринчи куни 21 август сешанба кунига тўғри келиши ҳақидаги мурожаати инобатга олиниб, Қурбон ҳайитининг биринчи уч куни, яъни, 21-23 август кунлари байрам сифатида кенг нишонланиши белгиланган.
Ўзбекистон президентининг 2017 йил 28 декабрдаги «2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги фармони 2-бандининг олтинчи хатбошисидаги «24 август – жумага» сўзлари «22 август – чоршанбага» сўзлари билан алмаштирилган.
Мазкур фармонда шунингдек 25 август шанбадаги дам олиш кунини 23 август пайшанба кунига кўчириш белгиланган эди.
Шу тариқа, 21–23 август кунлари 5 кун ишлайдиганлар учун, 21-22 август кунлари 6 кун ишлайдиганлар учун дам олиш куни бўлади.