Ислом динининг бош шиорларидан (яъни, талабларидан) яна бири, зарардан ўзини олиб қочишдир. Муслим ва мўъмин одам, асло бировга зарар бермаслиги керак, ўзини ҳам таҳликага қўймаслиги лозим. Бировга зарар етказиш катта гуноҳ, аммо ўзини таҳликага қўйиш ундан ҳам катта гуноҳдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай ҳадислари бор: «Исломда бировни ҳам зарарга, таҳликага дучор қилиш ҳам йўқ, ўзини ҳам зарарга, таҳликага дучор қилиш йўқ».

Ҳадиснинг маъноси ҳам жуда шомил (кенг) бўлиб, ҳар қандай зарарли, таҳликали ҳодиса, иш, ҳатти-ҳаракат, ёки ҳаракатсизлик кабиларни ўз ичига олади. Ҳар бир банда ўзини ўзи таҳликага, хавотирга қўйиши, ён-атрофдаги салбий ҳодиса ва жараёнларга енгил-елпи ўйлаши-ю, эътиборсиз бўлиши тўғримас.

Ислом дини ҳеч қачон зарарли нарсаларга буюрмайди ва фойдали нарсалардан қайтармайди. Аллоҳ таола бандаларини нимага буюрган бўлса, ўша нарса уларнинг дин ва дунёлари учун фақат фойда келтиради. Аллоҳ таоло ман этган ишлар эса шак-шубҳасиз инсонлар ҳаёти ва охирати учун зиён-фасоддан ўзга нарса эмас. Бугунги кунда халқларини ташвишга солиб турган протехника бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Баъзи одамлар юртимизга ноқонуний равишда олиб кириб охирини ўйламай иш қилаётганлар ҳам йўқ эмас. Пиротехника воситалари савдоси билан шуғилланувчилар ҳам инсонларга зарар етказиб, гуноҳ ишларга шерик бўлаётганликларини билиб қўйсалар ҳамда бу йўл билан бола-чақа боқиб уларни роҳатини кўришни истасалар бошқа тирикчилик қилсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Биз фарзандларимизни бундай кабиҳ ишларни қилмасликни ҳар биримиз тушинтиришимиз керак.

Хуллас, ҳар биримиз, ўз соғлигимизга эътиборсиз бўлмайлик, ўзимиз ва оила аъзоларимиз тинчлигини, соғлигини таҳликага қўймайлик.

Муҳаммад Юсуф домла Тўрақулов

Олтинкўл туман бош имом-хатиби