ХУШ КЕЛДИНГИЗ 2-қисм
Келди хаёлимга бир ажиб ҳикоят,
Қилган эди уни Ваҳб ривоят.
Бани Исроилда бир осий бор эди:
Юз йил исён қилди, жуда зулмкор эди.
Умри тугаб, жонин Ҳаққа топширди,
Денгиз кўпигидан гуноҳларин оширди.
Қавм деди: “Бу осийни кўммоқ– айбдир,
Бунга жаноза, кафан ҳам хайфдир”.
Улоқтирдилар кимсасиз ахлатхонага,
Бормадилар ҳолин сўраб мотамхонага.
Аллоҳ туширди дарҳол Мусога ваҳий
Қавминг ундоқ қилмасинлар қилгин наҳий.
Шунда Мусо: “Ё Роббий, у зулмкор эди,
Қавмим ундан норизо”,– деди.
Аллоҳ айтди: “Унда бир маҳбуб амал бор,
Қилай ундан сен ва қавминг хабардор.”
Тавротни очиб кўрса, Муҳаммад исми
Тўларди муҳаббат ила жисми.
Ўпарди, саловот айтиб Муҳаммад исми,
Шу боис гуноҳларин кечирдим,
Номаи аъмолидан хатоларин ўчирдим.
Бани Исроилдаги осий бир уммат
Кўрсатди Пайғамбаримга олий ҳурмат.
Шул сабабдан эришди мағфиратга,
Йўл олди ҳузур ила охиратга.
Бошқа уммат вакили эришди шундоқ офиятга:
Уммат бўлатуриб эришмасак, қолурмиз уятга.
Биз ҳам кўрсатайлик у зотга эҳтиром.
Сукунат нозил бўлсин, қалблар олсин ором.
Даъво қилсангиз муҳаббати Аллоҳ
Деди каломида “Фаттабиъууниий юҳбибкумуллоҳ”*
Қилинг Пайғамбаримга эҳтиром, таъзим,
Мақталгандир “Иннака лаъалаа хулуқин аъзийм”**
* Оли Имрон сураси, 31–оят. Маънолар таржимаси юқорида ўтди.
** Қалам сураси, 4–оят. Маънолар таржимаси қуйида келади.
Равшанбек домла Ўринбоев,
Андижон шаҳар “Ҳазрати Билол“ жоме масжиди имом-хатиби