Тақво фазилати 23.11.2018 й

827

بسم الله الرحمن الرحيم

ТАҚВО ФАЗИЛАТИ

الحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي قَالَ فِي كِتَابِهِ الْحَكِيمِ “إِنَّ اَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللهِ أَتْقَاكُم” وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ الْكَرِيمِ الَّذِي كَانَ يَقُولُ

وَاللهِ إِنِي أَخْشَاكُمْ لِلَّهِ وَأَتْقَاكُمْ لَهُ” وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ أَجْمَعِينَ.

Муҳтарам азизлар! Бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган, уни Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳурмат топишига сабаб бўладиган энг улуғ фазилат,  бу – тақводир. Қуръони каримнинг бир юз етмиш бешта ўрнида “тақво” ҳақида сўз юритилган. “Тақво” арабча сўз бўлиб, “сақланмоқ”, “эҳтиёт бўлмоқ” маъноларини англатади. Шариатимизда эса, киши Аллоҳ таолонинг азобидан сақланиши учун,  ўзини каттаю кичик гуноҳ ва маъсиятлардан тийиши тақво дейилади.

Аллоҳ таоло қадимда ўтган барча умматларни, шунингдек, биз уммати муҳаммадияни ҳам тақвога буюрган. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

  وَلِلَّهِ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ وَلَقَدْ وَصَّيْنَا الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ مِنْ قَبْلِكُمْ وَإِيَّاكُمْ أَنِ اتَّقُوا اللَّهَ

وَإِنْ تَكْفُرُوا فَإِنَّ لِلَّهِ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ وَكَانَ اللَّهُ غَنِيًّا حَمِيدًا

(سورة النساء/131آية)

яъни: “Осмонлар ва Ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Сизлардан олдинги Китоб берилганларга ва сизларга ҳам, Аллоҳдан қўрқингиз, деб амр қилганмиз. Агар куфрни ихтиёр этсангиз, бас, албатта, осмонлару Ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Аллоҳ беҳожат ва ҳамд эгасидир” (Нисо сураси, 131-оят).

 Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида Аллоҳ таоло ўзининг бой экани, бирор нарсага ҳожати тушмаслиги, балки унга бошқаларнинг эҳтиёжи доимо тушиб туришини таъкидлайди. Тақво ва ибодатларга буюриши ҳам Ўзининг эҳтиёжи сабабли эмас, балки инсонлар манфаати учундир. Бутун дунё аҳли ёппасига куфрга ўтиб кетган тақдирда ҳам, Унга ҳеч қандай зарар етмайди.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам биз умматларини тақвога буюрганлар ва айни пайтда Ўзлари бизларнинг ичимизда энг тақводор зот эканларини таъкидлаб:

وَاللهِ إِنِي أَخْشَاكُمْ لِلَّهِ  وَأَتْقَاكُمْ لَهُ

(رَوَاهُ الْاِمَامُ الْبُخَارِيُّ)

яъни: “Аллоҳга қасамки, Мен сизлардан кўра Аллоҳдан қўрқувчироқ ва тақводорроқман”, – деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Абу Зар ва Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

إتَّقِ اللهَ حَيْثُمَا كُنْتَ وَأَتْبِعِ السَّيِّئَةَ الْحَسَنَةَ تَمْحُهَا وَخَالِقِ النَّاسَ بِخُلُقٍ حَسَنٍ

(رَوَاهُ الْإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ وَالْإِمَامُ أَحَمَدُ وَالْإِمَامُ الدَّارِمِيُّ).

яъни: “Қаерда бўлсанг ҳам, тақво қилгин, агар бирорта гуноҳ қилсанг албатта, унинг кетидан бирор савобли ишни қилгинки, қилган гуноҳингни ўчириб юборсин, инсонларга чиройли хулқ билан муомала қилгин” (Имом Термизий, Имом Аҳмад ва Имом Доримий ривоят қилган).

         Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

أَلْإِسْلَامُ عَلَانِيَةٌ  وَالْإِيْمَانُ فِي الْقَلْبِ ثُمَّ يُشِيرُ بِيَدِهِ إِلَى صَدْرِهِ: أَلتَّقْوَى هَاهُنَا  أَلتَّقْوَى هَاهُنَا

(رَوَاهُ الْإِمَامُ ابْنُ أَبِي شَيْبَةَ)

яъни: “Ислом ошкорадир, имон эса қалбдадир”, – дедилар. Сўнгра қўллари билан кўксиларига ишора қилиб: “Тақво мана бу жойдадир, тақво мана бу жойдадир”, – дедилар (Имом Ибн Абу Шайба ривояти). Ушбу ҳадисдан шуни англаш мумкинки, ислом динида буюрилган амалларни қилган кишини “мусулмон” дейилади. Имон – қалб амали бўлгани учун уни Аллоҳга ҳавола қилинади. Тақво – инсоннинг ботиний ҳолатики, уни зоҳирига қараб тақводор ёки тақводор эмаслигини аниқлаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида шундай деганлар:

إِنَّ اللهَ لَا يَنْظُرُ إِلَى صُوَرِكُمْ وَأَمْوَالِكُمْ وَلَكِنْ يَنْظُرُ إِلَى قُلُوبِكُمْ وَأَعْمَالِكُمْ

 (رَوَاهُ الْإِمَامُ مُسْلِمٌ)

яъни: “Албатта, Аллоҳ таоло сизларнинг суратларингизга ҳам, мол-давлатингизга ҳам қарамайди, балки қалбингизга ва амалларингизга қарайди” (Имом Муслим ривояти).

Муҳтарам жамоат! Тақво қилишнинг фазилатлари ва фойдалари жуда ҳам бисёр бўлиб, Қуръони каримда уларнинг бир қанчалари зикр этиб ўтилган. Жумладан:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنْ تَتَّقُوا اللَّهَ يَجْعَلْ لَكُمْ فُرْقَانًا وَيُكَفِّرْ عَنْكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَيَغْفِرْ لَكُمْ وَاللَّهُ ذُو الْفَضْلِ الْعَظِيمِ.

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Агар Аллоҳдан қўрқсангиз, сизлар учун (ҳақ билан ноҳақликни) ажрим этувчи (ёрдам)ни берур ва гуноҳларингиздан ўтиб, сизларни мағфират қилур. Аллоҳ улкан фазл соҳибидир (Анфол сураси, 29-оят).

Тақводор бандага ҳар қандай танг ҳолатдан чиқиш йўллари осон қилиб қўйилади, унга ризқ эшиклари ҳам ланг очилади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилган:

وَمَنْ يَتَّقِ اللَّهَ يَجْعَلْ لَهُ مَخْرَجًا وَيَرْزُقْهُ مِنْ حَيْثُ لَا يَحْتَسِبُ

(سورة الطلاق/3-2 آية)

яъни: “Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур (Талоқ сураси, 2-3-оятлар).

Тақво туфайли осмонлару ердан баракотлар ёғилиб, халқлар фаровон ҳаёт кечиришларига муяссар бўладилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

وَلَوْ أَنَّ أَهْلَ الْقُرَى آَمَنُوا وَاتَّقَوْا لَفَتَحْنَا عَلَيْهِمْ بَرَكَاتٍ مِنَ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ

(سورة الأعراف/96 آية)

яъни: “Агарда (мазкур) юртларнинг аҳолиси имон келтирган ва тақво қилганларида эди, улар устига осмонлар ва Ердан баракотлар (эшиклари)ни очиб юборган бўлур эдик” (Аъроф сураси, 96-оят). Бу оятда катта ибрат бордир. Аллоҳ таоло бандаларидан жуда кўп ва оғир нарсани талаб қилмади. Имон келтириб, ширк ва гуноҳлардан ўзларини тийсалар, бас. Шу ишлари эвазига еру осмондан баракот ато этаман, деб ваъда қилмоқда. Бу шарт ва мукофот ваъдаси то қиёматгача дунёга келиб кетувчи барча бандаларга ҳам тегишлидир.

Тақво туфайли банданинг қилган ибодат ва барча солиҳ амаллари Аллоҳ таолонинг ҳузурида мақбул бўлади. Қуръони каримда шундай дейилган:

إِنَّمَا يَتَقَبَّلُ اللَّهُ مِنَ الْمُتَّقِينَ

(سورة المائدة /27 آية)

яъни: Аллоҳ аслида тақволи кишилардан қабул қилур” (Моида сураси, 27-оят). Буюк саҳобийлардан бири бўлмиш Абу Дардо разияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Агар Аллоҳ таоло менинг бир вақт намозимни қабул қилганини аниқ билганимда эди, менга бу дунёдаги ҳамма нарсадан ҳам севимли иш бўлган бўлур эди, чунки Аллоҳ таоло: Аллоҳ аслида тақволи кишилардан қабул қилур– деган”.

Юқорида айтганимиздек, тақво бандани наинки Аллоҳ таолога яқинлаштиради, Аллоҳ таоло тақводор бандалар билан биргадир. Бу ҳақда Қуръони каримда:

وَاتَّقُوا اللَّهَ وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ مَعَ الْمُتَّقِينَ

(سورة البقرة /194 آية)

яъни: “Аллоҳга тақво қилингиз ва билингизки, албатта, Аллоҳ тақводорлар билан биргадир”, – дейилган (Бақара сураси,194-оят).

Шунинг учун Аллоҳ таоло биз мўмин-мусулмон бандаларини тақвога буюриб:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلَا تَمُوتُنَّ إِلَّا وَأَنْتُمْ مُسْلِمُونَ

(سورة آل عمران /102 آية)

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан чинакам қўрқув билан қўрқингиз ва мусулмон бўлмай дунёдан ўтмангиз!” – деб марҳамат қилган (Оли Имрон сураси, 102-оят).

Муҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг давомида ҳозирги кунда баъзи бир  ислом динидан хабари йўқ тоифалар томонидан нотўғри талқин қилиниб, айрим ёшларни адашишига сабаб бўлаётган жиҳод тушунчаси ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

 Жиҳод тушунчасини яхши англамай туриб, уни ҳаётга тадбиқ этиш қурбонларнинг хунига зомин бўлишдан ташқари кўпдан-кўп хатарли натижалар келтириб чиқаришини унутмаслик керак. Шунинг учун “жиҳод” сўзига қисқача изоҳ беришликни лозим топдик.

 Жиҳод сўзи араб тилидан таржима қилинганда “жидду жаҳд қилмоқ”, “ҳаракат қилмоқ”, “интилмоқ” каби маъноларни ифодалайди. Дастлаб “жиҳод” дейилганида Исломни ҳимоя қилиш ва ёйиш учун кураш тушунилган. Бу сўзнинг истилоҳий маъноси “душмандан ҳимояланишда қўли, тили  ёки моли билан курашишдир”. Умумий қилиб айтсак, жиҳод нафсга, шайтонга, босқинчиликка ва барча ёвузликларга қарши курашишдир.

Макка даврида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг: “(Эй Муҳаммад), Раббингизнинг йўлига (динига) ҳикмат ва чиройли насиҳат билан  даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг” (Наҳл сураси, 125 оят) деган кўрсатмаси асосида фаолият олиб борганлар.

Макка мушрикларининг зулми кучайганидан сўнг динни сақлаш учун улар билан жанг қилишга рухсат берилди. Зеро, ўша пайтда мусулмонларга  қарши бўлган Макка мушриклари Ислом динини ва мусулмонларни йўқ қилиш мақсадида амалий ҳаракатларини олиб бораётган эдилар.

Агар “жиҳод” ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида эди, Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлур эдилар. Яъни, у зот биринчи бўлиб Маккадаги мушрикларнинг катталари билан урушган, Ислом давлатини барпо этиш учун жиҳод эълон қилган бўлардилар.

Бироқ, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай йўл тутмадилар. Аксинча, мусулмон жамиятини асраб қолиш мақсадида унинг ҳимояси учун жиҳодга чиққанлар.

Жиҳод  масаласида ғулувга кетишнинг ислом дини таълимотига зид экани ҳадислар, уламоларнинг асарлари ва фатволарида муфассал баён қилингандир. Жумладан: Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга: “Мен жиҳодда қатнашмоқчиман”, – деди. У зот: “Ота-онанг борми?”, – деб сўрадилар. “Ҳа”, – деб жавоб қилди у киши. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уларнинг ҳузурига бориб, ёрдам бер, хизматини қил! Шу сенинг жиҳодингдир”, –  дедилар”.

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Жиҳод тўрт хилдир: Амри маъруф (яхши ишларга буюриш), нахйи мункар (гуноҳ, ёмон ишлардан қайтариш), ўзининг зарарига бўлса ҳам рост сўзлаш ва фосиқ кишининг масхара қилишига чидаб туриш”.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Мусулмонларнинг афзали тилидан ва қўлидан мусулмонларга озор етмайдиганидир. Мўминларнинг афзали эса, хушхулқлироғидир. Муҳожирларнинг афзали Аллоҳ қайтарган нарсалардан ўзини йироқ тутувчидир. Жиҳоднинг афзали эса, Аллоҳ йўлида ўз нафси ва ҳавосига қарши қилинадиган жангдир”.

Шунга кўра, Биз халқимизни, хусусан мустақил ҳаётни бошлаётган ёшларимизни юртимиз, халқимизга дўст бўлмаган, сохта ғоялар билан ҳали ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ўсмирларимизни оиласи ва Ватанидан айириб олиб, ўз манфаатлари йўлида қурбон қилишдек вайронкор мақсадларга эга кучлар борлигидан огоҳлантиришимиз лозим саналади.

Экстремистик оқимлар ўз сафига янги шахсларни жалб этишда интернет ва ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланмоқда.

Аслида эса, ёшларни ўз сафига чорлаётган, ўзини “мужоҳид” деб танитаётган кимсалар тинч аҳолини қатл этмоқда, аёл-қизларни хўрлаб, номусларига тажовуз қилмоқда. Норасида болаларни ўлдирмоқда. Уй-жойлар, мактаб ва кутубхоналар, қишлоғу-шаҳарларни бузиб, мўйсафид отахон, муштипар оналар, норасида гўдакларни  кўчаларда саргардон қилмоқда.

Огоҳ бўлиш керакки, ўз юртига, оиласига хиёнат қилганларнинг икки дунёси ҳам куйиб кетади. Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қиёмат куни ҳар бир хиёнаткор учун бу дунёда қилган хоинлиги учун шармисор қилувчи байроқ ўрнатиб қўйилади”, деб айтганларини эшитдим”.

Экстремистлар ёшларни ўзига жалб қилишда “ҳижрат”, “жиҳод” ва “шаҳидлик” тушунчаларини нотўғри талқин этиб, улардан фойдаланадилар.

Холбуки, жиҳод тушунчасининг бузиб талқин этилиши оқибатида, ислом динида оғир гуноҳ саналган бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкиш, ноҳақ одам ўлдириш, тинч аҳолига озор бериш каби манфур ишлар амалга оширилмоқда.

Аллоҳ таоло барчамизни муттақий бандаларидан айлаб, дунё ва охиратимизни обод қиладиган солиҳ амалларга муваффақ қилсин! Омин!

 Муҳтарам имом-домла! Масжидларда намоз вақтига қатъий риоя этиб, хусусан, жума намозини белгиланган вақтдан ўтказмаган ҳолда адо этишингиз ва жума иш куни бўлгани учун намозхонларни кўп ушланиб қолишларига йўл қўймаслигингиз тавсия этилади!

Taqvo fazilati juma tezisini pdf форматда юклаб олиш

Манба: muslim.uz