Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

1157

Ассалому алайкум, муҳтарама онахонлар!

Мунис опа-сингиллар!

Дилбар қизларим!

Аввало, сизларни, бутун Ўзбекистон хотин-қизларини гўзаллик ва нафосат айёми – 8 март байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Барчангизга ўзимнинг энг эзгу ва самимий тилакларимни билдириб, доимо оилангиз ва яқинларингиз, эл-юртимиз ардоғида бўлиш бахтини тилайман.

Азиз юртдошлар!

Ер юзида онгли ҳаёт пайдо бўлибдики, одамзот муқаддас Она сиймосини, аёл зотини улуғлаб, шарафлаб келади.

Оналаримиз шарофати билан Ватанимиз тупроғи жаннат боғларидек гўзал ва мўътабардир. Оналар дуосидан юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ишимизда унум, ҳаётимизда барака бор.

Маълумки, муқаддас Қуръони каримнинг энг катта сураларидан бири – “Нисо”, яъни, “Аёллар” деб аталади. Аллоҳ таоло ушбу сурада инсонларни аёлларга адолатли муносабатда бўлишга даъват этади ва бу илоҳий сўзлар замирида албатта теран ҳикмат мужассам.

Бир ҳақиқат аёнки, ҳар қандай халқнинг маънавий даражасини аввало шу юрт аёлларининг маънавий савияси белгилайди.

Буюк сиймоларнинг ҳаётига назар ташласак, уларнинг шахс сифатида камол топишида меҳрибон оналари, доно рафиқалари ғоят муҳим роль ўйнагани аён бўлади.

Кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, улар учун янги иш ўринлари яратиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.

Бугун сиз, азизларнинг чеҳрангизда хурсандчилик, шукроналик ифодасини кўриб, ана шундай ишларимиз натижасини оз бўлса-да, ҳис этмоқдамиз. Ва биз мана шу тўғри йўлни давом эттириш, унинг самарасини янада ошириш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.

Қадрли опа-сингиллар!

Бугунги кунда кенг кўламли демократик ислоҳотларимиз натижасида аёлларимизнинг сиёсий-ижтимоий жараёнлардаги иштироки тобора кучайиб бормоқда. Буни ўтган йил декабрь ойида мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловлар яна бир бор тасдиқлади.

Сайловлар натижасига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатнинг 48 нафари ёки 32 фоизини хотин-қизлар ташкил этди. Бу кўрсаткич Сенатда ва маҳаллий кенгашларда 25 фоиздан ошди.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон тарихида биринчи марта миллий парламентда аёллар сони Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди. Мамлакатимиз парламенти аёл депутатлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламент ўртасида 37-ўринга кўтарилди. Ҳолбуки, – шунга эътибор беришингизни сўрайман – бундан 5 йил аввал биз бу борада 128-ўринда эдик.

Ҳозирги вақтда давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 380 нафардан зиёд хотин-қизлар раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилмоқда.

Муҳтарама аёлларимиздан 16 нафари Ватанимизнинг энг олий мукофоти – “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига сазовор бўлгани барчамизни қувонтиради. Хотин-қизларимиз ўртасида фан докторлари, профессор ва академиклар, “Халқ ўқитувчиси”, “Халқ шоири”, “Халқ артисти” унвонларига сазовор бўлган юзлаб опа-сингилларимиз борлиги – бу бизнинг фахримиз.

Биз ҳозирги кунда ишлаб чиқариш, таълим-тарбия, тиббиёт, илм-фан, маданият ва спорт соҳалари ривожида ҳам аёлларимизнинг муносиб ҳиссаси борлигини юксак баҳолаймиз.

Барчангиз хабардорсиз, миллий парламентимиз тарихида биринчи марта аёл киши – ҳурматли Танзила Камоловна Норбоева Сенат Раиси лавозимига сайланди.

Юртимизда аёл раҳбарлар – вазирлар, ҳокимлар, ишлаб чиқариш бирлашмалари, банк ва компаниялар раислари, ҳуқуқ-тартибот идораларида, Қуролли Кучларимиз таркибида масъул вазифаларда хизмат қилаётган опа-сингилларимиз сони ортиб бормоқда.

Яқинда ташаббускор ва ташкилотчи аёлларимизнинг муносиб вакиллари ғоят масъулиятли вазифага – туман ва шаҳар ҳокими лавозимларига тайинландилар. Жумладан, Андижон вилоятининг Бўстон туманига – Садбархон Мамитова, Бухоро вилоятининг Олот туманига – Наргиза Неъматова, Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманига – Зулайҳо Маҳкамова, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрига – Гавҳар Алимова, Сирдарё вилоятининг Боёвут туманига – Дилфуза Ўролова, Қашқадарё вилоятининг Қарши туманига – Маҳсуда Мустафоева биринчи раҳбар этиб тасдиқландилар.

Эл-юртимизнинг катта ишончини қозонган бу опа-сингилларимиз бугунги анжуманда иштирок этмоқдалар. Уларнинг барчасини самимий табриклаб, ишларига ютуқ ва омадлар тилашга ижозат бергайсиз.

Мамлакатимизда ўз фаолияти, эзгу ишлари билан кўпчиликка ибрат ва намуна бўлаётган хотин-қизларимиз кўпайиб бораётгани барчамизни хурсанд қилади. Шулар қаторида Фарғона вилояти, Риштон шаҳрида яшайдиган тадбиркор аёл Израбу Усмонова ҳаж зиёратига атаб йиллар давомида йиғиб келган маблағини моддий шароити оғир маҳалладошларига беғараз ёрдам сифатида ҳадя қилгани матбуотда кенг ёритилди.

Сирдарё вилояти, Сайхунобод тумани, “Ўзбекистон” маҳалласида Гавҳар Ҳусанова деган фаол синглимиз бор. Айни вақтда у туман кенгашининг депутати этиб сайланган. Гавҳарнинг қайнонаси Гулбаҳор ая ўқитувчилик фаолияти давомида минглаб китоблар тўплаган экан. Гавҳар Ҳусанова уларнинг ёнига яна кўп адабиётларни қўшиб, қишлоқ аҳли учун ўз ҳисобидан “Мумтоз” деб номланган катта кутубхона барпо этгани таҳсинга лойиқ.

Яқинда оммавий ахборот воситалари орқали истеъдодли ёш олима Азиза Шоназарованинг Америка Қўшма Штатларидаги нуфузли Колумбия университетининг профессори этиб тайинлангани ҳақида хушхабар тарқалди.

Пойтахтимизнинг Қорақамиш даҳасида вояга етиб, Тошкент шарқшунослик институтида, кейинчалик Польша ва АҚШдаги машҳур университетларда таълим олган Азизахон 32 ёшида тарих ва диншунослик йўналишида фан доктори бўлгани, 500 та талабгор орасида конкурсда ғолиб чиқиб, ана шундай юксак илмий даражага эришгани олқишга сазовордир.

Бу синглимизнинг айни вақтда яхши оила бекаси ва она экани, араб, форс, турк, рус, инглиз, француз, немис, поляк тилларида эркин мулоқот қилиши, эришаётган юксак натижалари мамлакатимиз ёшлари учун чинакам ибрат намунаси бўлади, деб ишонаман.

Азизахон ўз хурсандчилигини юртдошлари билан баҳам кўриш учун олис йўл босиб, АҚШдан Ўзбекистонга етиб келди. Келинглар, ёш олимамизни самимий табриклаб, унга янада улкан ютуқлар тилайлик.

Айни вақтда бугунги тантанали маросимда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган Хитой Халқ Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Цзян Янь, Миср Араб Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Амани ал-Итр, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий координатори Хелена Фрейзер ва Тараққиёт дастурининг доимий вакили Матильда Димовска, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ваколатхонасининг раҳбари Лиан Куппенс, Халқаро Қизил хоч қўмитасиининг минтақавий ваколатхонаси раҳбари Сангита Кёниг, Осиё тараққиёт банкининг доимий ваколатхонаси раҳбари Синтия Мальвичини хонимларни кўриб турганимиздан бениҳоя мамнунмиз.

Мамлакатимиз билан самарали ҳамкорликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган ана шу ҳурматли меҳмонларимизни Халқаро хотин-қизлар куни билан табриклаб, эзгу тилакларимизни билдиришга рухсат бергайсиз.

Қадрли анжуман қатнашчилари!

Юртимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг оғирини енгил қилиш мақсадида ўтган йили салмоқли ишлар бажарилди. Жумладан, аёлларимиз учун жами 170 мингга яқин иш ўрни яратилди. Тижорат банклари ва Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан 172 мингдан ортиқ опа-сингилларимизга 4,9 триллион сўм кредитлар ажратилди.

Республикамизнинг барча ҳудудларида Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ташкил этилди. Бугунги кунда улар томонидан 28 мингга яқин опа-сингилларимизга тадбиркорлик, ҳунармандлик, касбга қайта тайёрлаш, бандликни таъминлаш юзасидан амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Шунингдек, беш муҳим ташаббус доирасида 21 минг 500 нафар қизларимиз қисқа муддатли касб-ҳунар курсларида ўқитилди.

Ана шундай имкониятлар туфайли тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган аёллар сони бир йилда қарийб 45 минг нафарга кўпайиб, улар томонидан минглаб янги иш ўринлари барпо этилмоқда.

Мамлакатимизда жамият негизи бўлган оила институтини, ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлаш бўйича ҳам эътиборга лойиқ ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, хонадонлардаги ўзаро келишмовчилик ва низоларни бартараф этиш, оилавий ажримлар сонини камайтириш бўйича давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан кенг қамровли ишлар бажарилмоқда. Уларни ижобий баҳолаган ҳолда, бу ютуқлар биринчи қадамлар эканини, ҳали бу соҳада қиладиган ишларимиз жуда кўплигини ҳам таъкидлаш лозим.

Албатта, ҳаёт деган нарса синов ва машаққатларсиз бўлмайди. Лекин арзимаган қийинчиликка ҳам сабр қилмасдан, муқаддас оила қўрғонини бузиш, ажримларга йўл қўйишни барчамиз миллий урф-одатларимизга, меҳр-оқибатли, андишали халқимизга мутлақо ярашмайдиган ҳолат, деб баҳолашимиз зарур. Нега деганда, агарки биронта оилада нотинч вазият ҳукмрон бўлса, ўзаро низолар туфайли бегуноҳ болалар тирик етимга айланадиган бўлса, ёрдам ва кўмакка муҳтож инсонлар ўз ҳолига ташлаб қўйилса, бундай ҳолатга қарши ҳаммамиз биргаликда курашишимиз керак.

Ҳозирги вақтда аёлларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга доир дастурларимиз ўзининг дастлабки самарасини бера бошлади. Хусусан, оналик ва болаликни ҳимоя қилишга қаратилган ишлар туфайли 2019 йилда оналар ва гўдаклар ўлими сезиларли равишда камайгани ҳам шундан далолат беради.

Хотин-қизларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича ҳам мунтазам иш олиб борилмоқда. Шу мақсадда 2019 йили 141 минг 500 дан ортиқ опа-сингилларимиз турли масъул идоралар ходимлари томонидан қабул қилиниб, улар кўтарган муаммоларнинг аксарият қисми ижобий ҳал этилганини айтиш зарур.

Ўтган даврда юртимиздаги 197 та туманда зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари фаолияти йўлга қўйилди.

Бугунги кунда билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолган аёлларга нисбатан кечиримли бўлиш, уларни соғлом ҳаётга қайтаришда хотин-қизлар ташкилотлари фаол иштирок этмоқда. Бунинг натижасида 261 нафар хотин-қизлар ушбу ташкилотларнинг кафиллиги асосида суд залидан озод қилингани халқимизга хос инсонпарварлик намунасидир.

Ана шундай хайрли ишларимизнинг мантиқий давоми сифатида мен куни кеча Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан яна бир муҳим тарихий фармонга имзо чекдим. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 83 нафар хотин-қизлар афв этилди. Улар байрам арафасида ўз оиласи, яқинлари, фарзандлари бағрига қайтиш имконига эга бўлди.

Ана шу афв этилган аёлларнинг ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш кечириб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул идоралар томонидан тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда барча давлат ва нодавлат ташкилотлари, кенг жамоатчилик ҳам фаол иштирок этади, деб ишонаман.

Муҳтарам юртдошлар!

Барчангизга маълумки, январь ойида Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномада халқимиз, жумладан, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада самарали таъминлаш бўйича кўпгина долзарб вазифаларни белгилаб олдик. Ҳозирги вақтда уларни амалга ошириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга оид давлат сиёсати самарасини ошириш бўйича Президентнинг махсус фармони ва қарори қабул қилинганидан хабарингиз бор.

Оила, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди.

Ҳеч кимга сир эмас, илгари маҳалла ва хотин-қизлар идораларига нисбатан талаблар кўп эди. Лекин, афсуски, бунинг учун уларда имконият ва ваколатлар етарли эмас эди.

Бугунги кунда хотин-қизлар манфаатларини оила, маҳалла ва жамият манфаатларидан ажратган ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Ана шу масалаларни комплекс ҳал этиш, бу борада давлат сиёсатини янада юқори босқичга кўтариш – янги вазирликнинг асосий вазифаси этиб белгиланди.

Маҳаллаларнинг мамлакатимиз ҳаётидаги катта ўрни ва аҳамиятини эътиборга олиб, 22 март санасини юртимизда – Маҳалла тизими ходимлари куни деб эълон қилдик. Насиб этса, бу янги байрамни биринчи бор шу йил Наврўз кунларида сизлар билан биргаликда кенг нишонлаймиз.

Қадрли дўстлар!

Ҳар бир ота-она ўз фарзандининг соғлом ва баркамол бўлиб, замонавий билим ва касб-ҳунарларни ўрганиб, жамиятда муносиб ўрин эгаллашини астойдил истайди. Айни шу эзгу мақсадларга эришиш учун мамлакатимиз таълим ва тарбия тизимида мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилаётгани сизларга яхши маълум. Жумладан, жорий йилда таълим-тарбиянинг пойдевори бўлган болалар боғчалари сонини кескин ошириш бўйича кенг қамровли амалий ишлар олиб борилмоқда.

Қиёслаш учун бир мисолга эътиборингизни қаратмоқчиман. Агар ўтган йилнинг биринчи чорагида юртимизда жами 9 минг 700 тадан ортиқ боғча бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 14 минг 50 тани ташкил этмоқда, яъни бир йилда 4 минг 350 тага ортди.

Ана шундай саъй-ҳаракатларимиз билан бу йил болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш даражасини ҳозирги 54 фоиздан 60 фоизга етказамиз. Натижада боғча тарбиясини олаётган фарзандларимизнинг сони бир йилда 400 мингтага кўпайиб, жами 1 миллион 800 минг нафарга етади.

Бу соҳада биз албатта катта иш қилдик. Аммо бу рақамлар ҳали бизни қониқтирмайди. Нега деганда, биз бу масалада маррани баланд олганмиз. Бунинг замирида жуда катта маъно, мақсад бор. Чунки боғча тарбияси нафақат боланинг ўзига, балки унинг ота-онасига ҳам, қолаверса, бутун жамият ҳаётига ҳам кучли ижобий таъсир кўрсатади. Боласи боғчада, муносиб шароитда тарбия топаётганини кўрган аёл киши албатта хотиржам кайфиятда, шукроналик билан яшайди.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланиб бормоқда. Шу кунларда “Замонавий мактаб” дастури ишлаб чиқилмоқда. Педагог кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан яхшилаш бўйича ҳам катта ишларни бошладик.

Бу борада биз таълимнинг барча босқичларида қиз болалар тарбиясига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Буюк алломаларимиз, атоқли адибларимиз номларидаги мактаблар, Президент мактаблари барча ёшларимиз қатори илм-фан ва санъатга интилувчи қизларимиз учун ҳам кенг имкониятлар очиб бермоқда.

Албатта, ёш қизларимизни асраб-авайлаш, уларга тўғри тарбия бериш, мустақил ҳаётга тайёрлаш, халқимизга муносиб фарзандлар этиб камолга етказиш учун давлат ва жамият ўз зиммасидаги барча ишларни бажаради. Лекин бу ўта муҳим вазифани адо этишда оиланинг, меҳрибон бувиларимиз, мунис оналаримиз, маҳалладаги кайвони аёлларнинг ўрни ва таъсирини ҳеч ким босолмайди.

Шу ўринда рухсатингиз билан, машҳур шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг икки қатор шеърини ўқиб бермоқчиман:

Қиз бор уйнинг файзи бўлак, дейдилар,

Жаннат йўли – қиз бор йўлак, дейдилар.

Қаранг, қандай маъноли, қандай ҳаққоний сўзлар!

Шу муносабат билан бугунги даврамизда иштирок этаётган ва мени эшитиб турган муҳтарама опа-сингилларимизга мурожаат қилиб айтмоқчиман: келажагимизнинг бахту иқболи бўлган қизларимизни энг гўзал фазилатлар, билим ва одоб соҳибалари этиб тарбиялашни ўз эътиборингизга, ўз масъулиятингизга олсангиз, давлатимиз ҳам, халқимиз ҳам сизлардан чексиз миннатдор бўлади.

Бу борада янги ташкил этилган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, кўпни кўрган нуронийларимиз, хотин-қизлар фаоллари, ҳурматли муаллима ва мураббиялар, Ўзбекистоннинг барча жонкуяр аёллари ушбу ташаббусни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, ёш қизларимизга муносиб таълим ва тарбия беришдек ғоят машаққатли, аммо олижаноб ва савобли ишга улкан ҳиссаларини қўшадилар, деб ишонаман.

Фурсатдан фойдаланиб, мен бугун бир таклиф билан Сизларга мурожаат қилмоқчиман: мана шу эзгу ишларимизга камарбаста бўлиб, ёш қизларимизга устозлик қилиб, уларга таълим-тарбия берадиган ҳақиқий мураббийларни рағбатлантириш мақсадида келгуси йил 8 март байрамидан бошлаб ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан икки нафардан энг муносиб вакилни давлат мукофоти билан тақдирлашни таклиф этаман.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Таълим-тарбия масаласида кўп йиллар бизни қийнаб келган оғир муаммолардан бири – бу олий ўқув юртларига қабул квоталарининг чеклангани билан боғлиқ эди. Масалан, 2-3 йил аввал олий таълим муассасаларига қабул даражаси йилига 60-70 минг кишини, бошқача айтганда, мактаб битирувчиларининг атиги 9 фоизини ташкил этар эди.

Шунинг учун бу соҳада ҳам жиддий ислоҳотларни бошладик. Ўтган йили тарихимизда биринчи марта 150 минг нафар ёшларимиз талабаликка қабул қилинди. Шу тариқа мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 20 фоизга етказдик.

Албатта, бу ишлар осонлик билан бўлаётгани йўқ. Бунинг учун мавжуд моддий-техник, ўқув-услубий базани мустаҳкамлаш, олий ўқув юртлари тармоғини кенгайтириш, профессор-ўқитувчилар, педагоглар, илмий ходимларнинг профессионал малакасини ошириш учун катта куч, маблағ ва имкониятларни сафарбар этишга тўғри келмоқда. Лекин қанчалик қийин бўлмасин, фарзандларимиз тақдири учун, келажагимиз учун биз бу ишлар кўламини янада кенгайтирган ҳолда, албатта амалга оширамиз. Олий таълимга қамров кўрсаткичини жорий йилда камида 25 фоизга, келгусида эса 50-60 фоизга етказамиз.

Аёлларнинг илмий ва маданий савиясини юксалтириш, уларни муносиб иш ўринлари билан таъминлаш мақсадида бу йил қизларимиз учун олий ўқув юртларига алоҳида қабул квоталари жорий этилади. Буям тарихимизда биринчи марта қўлланаётган тажрибадир. Чунки ўқимишли, олий маълумотли аёл оилада ҳам, ишда ҳам, жамият ҳаётида ҳам ҳамма нарсага илм-маърифат билан, онгли ва фаол ёндашади ва муносиб иштирок этади.

Бинобарин, агар биз фарзандларимизни соғлом ва баркамол, Ватанга содиқ инсонлар этиб вояга етказиш ниятида эканмиз, аввало хотин-қизлар учун илм-фан ва касб-ҳунар йўлларини кенг очиб беришимиз керак.

Агар биз бўлғуси хоразмийлар, фарғонийлар, берунийлар, бухорийлар, улуғбеклар, навоийларни тарбияламоқчи эканмиз, биринчи навбатда, ҳар томонлама соғлом, юксак билимли ва маънавиятли оналарни тарбиялашимиз зарур.

Биз жорий йилга юртимизда Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб ном бердик, бу борада Давлат дастурини қабул қилдик. Ана шу дастурни ишлаб чиқишда биз аввало ҳурматли оналаримиз, опа-сингилларимизнинг орзу-истаклари, талаб ва эҳтиёжларини ҳам инобатга олдик. Бу борада ўз олдимизга қўйган улкан вазифаларни амалга оширишда ҳам, бутун халқимиз қатори, сиз, азизларнинг бой билим ва тажрибангиз, маданий ва маърифий салоҳиятингизга таянамиз.

Аёлларимиз ҳаётий муаммоларни, оила ва маҳалладаги ўткир масалаларни, уларни бартараф этиш йўлларини, жамиятнинг томир уришини бошқалардан кўра яхшироқ биладилар. Улар ўзларининг меҳрибонлиги, юксак масъулият туйғуси, меҳнатсеварлиги билан барчага ўрнак бўла оладилар.

Биз давлат ва жамият бошқарувида, вазирлик ва идораларда чуқур билим ва малакага эга бўлган ташаббускор опа-сингилларимизга раҳбарлик лавозимларини ишониб топшириш бўйича бошлаган ишларимизни изчил давом эттирамиз.

Бу масала шахсан Президентнинг назоратида бўлади.

Муҳтарама опа-сингиллар!

Хабарингиз бор, мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш устувор вазифа этиб белгиланди ва бу йўналишда кенг кўламли чора-тадбирларни амалга оширишни бошладик.

Бир ҳақиқатни аниқ тушуниб олишимиз керак: камбағалликни қисқартириш учун биринчи навбатда ишсизликни камайтириш керак. Аввало, аҳолини замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, уларнинг иқтисодий ва молиявий саводхонлигини ошириш, одамларда, айниқса аёлларимизда тадбиркорликка иштиёқни уйғотиш зарур.

Биз бу борада жаҳон ҳамжамияти тажрибасини атрофлича ўрганиб, халқаро ҳамкорликни йўлга қўймоқдамиз. Айни вақтда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон банки каби нуфузли халқаро ташкилотлар, Хитой Халқ Республикаси ва бошқа давлатлар билан тадбиркорлик ва хусусий бизнесни ривожлантириш, камбағалликка қарши кураш бўйича шу йилнинг ўзида 700 миллион долларлик дастурларни амалга оширишни кўзда тутмоқдамиз.

Шу кунларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси бошчилигида тузилган республика ишчи гуруҳи вилоятларда бўлиб, турмуш шароити оғир бўлган хотин-қизларнинг аҳволини ҳар бир ҳудуд бўйича аниқ таҳлил қилиб, уларга амалий кўмак бермоқда.

Ишчи гуруҳ томонидан қишлоқ жойларда яшаётган аёлларнинг, мустақил ҳаётга кираётган қизларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга ҳар томонлама ёрдам бериш бўйича ҳар бир маҳалла кесимида дастурлар ишлаб чиқилиб, ижроси ташкил этилмоқда.

Ишчи гуруҳнинг куну тун узлуксиз ишлайдиган, хотин-қизларнинг мурожаатларини қабул қиладиган “Ишонч телефонлари” ёки замонавий тилда айтганда, “Колл-сентр” фаолияти йўлга қўйилди.

Энди мамлакатимизнинг исталган шаҳар ёки қишлоғидан, чекка овуллардан ҳам аёлларимиз 1211 қисқа рақамини териб, ушбу марказга бевосита мурожаат қилиш имконига эга бўлдилар. Биз буни халқ билан самарали мулоқот олиб бориш йўлидаги бошлаган ишларимизнинг мантиқий давоми, деб баҳолаймиз.

Ҳурматли ватандошлар!

Маълумки, юртимизда хотин-қизларнинг қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг меҳнатини муносиб қадрлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Жумладан, ҳар йили мамлакатимиз бўйича 28 нафар истеъдодли қизларимиз улуғ шоирамиз Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланади. 

Ҳозирги вақтда ушбу мукофотга сазовор бўлганлар сони 311 нафарга етди. Бу йил уларнинг сафига яна 28 нафар ўз соҳасининг энг иқтидорли вакиллари бўлган азиз фарзандларимиз қўшилмоқда. Улар ўзларининг самарали меҳнати, ёрқин истеъдоди, ибратли фазилатлари билан барча тенгдошларига ўрнак бўладилар, деб ишонаман.

Шу кунларда оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича намунали фаолият олиб бораётган ҳурматли опа-сингилларимиздан 287 нафари “Мўътабар аёл” нишони билан тақдирландилар.

Фурсатдан фойдаланиб, уларнинг барчасини бундай эътироф билан самимий табриклашга ижозат бергайсиз.

Ушбу қутлуғ айём арафасида Президент Фармонига мувофиқ Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, соғлом ва баркамол авлод тарбияси, оила ва жамият асосларини мустаҳкамлаш йўлидаги муносиб хизматлари учун бир гуруҳ қадрли аёлларимиз юксак унвон, орден ва медаллар билан мукофотландилар.

Бугун сизларнинг ҳузурингизда ана шундай опа-сингилларимизнинг муносиб вакилларига ҳамда Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлган қизларимизга давлатимизнинг юксак мукофотларини топшириш менга катта мамнуният бағишлайди.

Қадрли анжуман иштирокчилари!

Ҳаётимизнинг файзу фариштаси бўлган мунис оналаримиз, меҳрибон опа-сингилларимизга муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиб бериш, уларни рози қилиш – барча даражадаги раҳбарларнинг нафақат хизмат вазифаси, балки, энг аввало, инсоний бурчидир.

Биз ҳаммамиз – Президент, Ҳукумат раҳбарлари, вазирлар ва ҳокимлар, депутат ва сенаторлар – барча-барча етакчилар ана шундай юксак бурчни аниқ натижалар, амалий ишлар билан оқлашимиз зарур.

Азиз опа-сингиллар!

Ушбу шукуҳли айёмда бутун халқимиз дилидаги эзгу тилакларни мужассам қилиб, айтмоқчиман: янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги фидокорона меҳнатингиз учун Сизлардан чексиз миннатдормиз.

Ақл-заковатингиз, меҳр-оқибатингиз, сабру қаноатингиз билан барчамизга ибрат бўлиб, гўзал юртимизда тинчлик ва ҳамжиҳатликни сақлашга беқиёс ҳисса қўшиб келаётганингиз учун Сизларга минг бора ташаккур.

Сизларни гўзал байрамингиз билан яна бир марта табриклаб, барчангизга тинчлик-хотиржамлик, мустаҳкам саломатлик тилайман.

Дунёдаги энг улуғ саодат – оилавий бахт Сизларга доимо ёр бўлсин!

Эътиборингиз учун раҳмат.

Манба: president.uz