ОИТС-бу аср вабоси

781

ОИТС-бу ХХ асрнинг охирида инсоният оламида энг муҳим ва энг даҳшатли воқеа ҳисобланди. Ҳозирги кунда эса ХХI “АСР ВАБОСИ” бўлиб қолди. Ислом дини мусулмонларнинг ақли, насли, жисми, дини, мол-мулки, шаъни каби энг муҳим асосларини муҳофаза қилишга буюрган. Булардан бирига қилинган тажовуз динимиздаги инсоннинг бутун борлиғига қилинган тажовузга тенглаштирилади. Аммо, кишилик жамиятида шундай иллат ва балолар борки, улар юқорида тилга олинган барча инсоний асосларга бирданига таҳдид қилади. Ана шундай ҳалокатли иллатлардан бири ОИТС  яъни, ортирилган иммун-танқислик синдромидир. “Аср вабоси” ҳам деб ном олган бу иллатнинг ҳозирги пайтдаги кўлами ва зарари шунчалик улканки, уни даф қилиш бўйича бутун давлат ва жамиятда кескин кураш олиб борилмоқда. Бу шундай даҳшатли иллатки, у инсоннинг ақлига ҳам, наслига ҳам, диний эътиқодига ҳам, мол-мулкию, шаън-обрўсига ҳам бароварига шиддатли тажовуз қилмоқда.

Касаллик белгилари ва юқиш оқибати шуки,  вирус юққан шахснинг ахволи узоқ муддат ичида меъёрий ҳолатда бўлиши мумкин. Чунки, вирус тана-аъзоларига киргач ҳужайрага ёпишиб олиб, аста-секин ҳужайра ичига жойлашиб олади ва маълум давргача тинч ҳолатда сақланади.

Тарихга назар ташласак ОИТС вируси Африкада айрим донорларнинг қонига 1970 йилларнинг бошланишидаёқ қайд этилгани, 1976 йилда донор-негр аёлида топилган.  АҚШ ва Овропада 10 йиллардан сўнг қайд этилган.  Аввало шуни айтиш керакки, VICh вируси аниқланиб, касаллик ташхиси қўйилгунга қадар АҚШ, Лос-Анжлес, Ний-Йорк, Калифорния каби шаҳарларда номаълум вирус келтириб чиқарган касалликларга-шаркома Калоси (рак), сурункали лимфоденопатия каби диагнозлар билан оғриган беморлар аниқланган.

ОИТС синдроми биринчи бор 1981 йилда Америкада қайд этилди. ОИТС касаллигини келтириб чиқарувчи вирус 1983 йилда кашф этилди ва уни ҳозирги «VICh virusi» деб аталди. 1987 йилнинг июль ойида АҚШда 37785 кишида ва 527 болаларда ОИТС рўйҳатга олинган.

Маълумки, ОИТС касаллигини келтириб чиқарувчи  энг асосий омиллардан бири зинодир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“(Эй Муҳаммад,) мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир”.(Нур,30).

Шунинг учун оятда кўзни юмишга буюрди. Кўзни бегоналарга қарашдан юммаслик эса хиёнатдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда марҳамат қилиб, бундай амр қилади: “Зинога яқинлашманглар! Чунки у бузуқлик ва ёмон йўлдир”(Ал-Исро,32).  “Яқинлашманглар!” деган сўзда кенг маъно бор. Зинога яқинлашмаслик унга олиб борувчи сабабдардан сақланишдир. Яъни, кўз, қўл, қулоқ ва бошқа аъзолар зиносидан ҳам эҳтиёт бўлиш. Қуръони каримда ҳам кўзни юмиш фаржни сақлашдан олдин келган: Исломда муқаддиманинг хукми натижа кабидир.  Шунингдек, зино харом, унга олиб борувчи барча сабаблар ҳам харомдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўмин-мусулмонларни ўзаро бир-бирларини эзгулик, ҳайрли ва савобли ишларга буюриб, ёвузлик, ёмонлик ва гуноҳ ишлардан қайтариб туришликни фарз қилган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳадисларидан бирида: “Эй умматларим, агар сизлар бир-бирларингизни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариб туришликни тарк этсаларингиз, бошингизга шундай бир бало ва офат келадики, у барчага баробар фожеа бўлади”, деб огоҳлантирганлар.

Аввало, зинокор ўз нафсига хиёнат қилган бўлади. Чунки, бу гуноҳи орқали дунёда турли касаллик ва маломатларга, охиратда эса аламли азобга дучор қилади. Қолаверса, ўз оиласига ҳам хиёнатдир. Чунки ўзининг жуфти ҳалоли унга ишониб, садоқат билан муомала қилсаю, бу садоқат билан жавоб қайтармасдан турли ифлос йўллалда юриши инсофсизликдир.  Зино бошқа мўминларнинг иффат ва обрўларига ҳам хиёнатдир. Чунки, ҳеч бир киши ўз яқинлари билан зино қилишига рози бўлмайди. Зинокор эса, улар ҳохламаган иш орқали уларнинг ҳаққига хиёнат қилмоқда. Келажак наслларга ҳам хиёнатдир. Улар жирканч ишга мубтало бўлган ота-она сабабли майиб мажруҳ, ногирон ҳолатда туғиладилар. Умрининг оҳиригача машаққат билан ҳаёт кечирадилар.

Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Сиздан ким ёмон-мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар бунга қодир бўлмаса, тили билан ўзгартирсин, агар бунга ҳам қодир бўлмаса, дили билан, ана ўша иймоннинг заифлигидандир”- деганлар. “Мункар иш” дегани, “ёмон иш” деганидир.

Бугунги кунимизда ОИТС ва зино ёмон ишларнинг ҳам энг ёмонидир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, ҳозирги кунда дунёнинг 197 мамлакатида 2000 йил оҳиригача 5,5 миллион одам ОИТС билан ҳасталанган ва улардан 15,5 миллиони вафот этган.  Ҳозирги кунда эса 90 миллион атрофида ҳисобланмоқда. Ўзбекистонда ҳам ОИТС  билан касалланганларнинг сони ортиб бормоқда.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) шундай деганлар: “Сизлардан ҳеч бирингиз ўзи севган нарсани биродарига ҳам бўлишини истамагунча ҳақиқий мўмин бўлмайди” (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадисдан шу нарсани тушунишимиз керакки, яъни ўзига раво кўрган фаровон ҳаёт, соғлиқ ва саломатликни бошқаларга ҳам раво кўриш, уларнинг ҳалокатга етакловчи иллатлардан қайтариш ҳақиқий мўминлик аломатларидандир. Инсонга берилган ҳаёт ҳам омонатдир. Шунинг учун қаерда бўлсак келажак авлод бўлган ёшларимизга ОИТС, Гиёҳвандликнинг зарарлари ва офатлари ҳақида эринмай тушунтирайлик, уларни бу гуноҳ ва қалтис йўлдан қайтаришга бор куч ва имкониятларимизни аямайлик!

Муҳаммадюсуф домла Тўрақулов,

Олтинкўл туман бош имом-хатиби.