Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўн саккиз ёшларида ажраб қолган Оишаи Сиддиқа розияллоҳу анҳо онамиз У зотдан кейин яна қарийб ярим аср умр кўрдилар.
У киши бу муборак умрлари давомида бутун Ислом олами диққат марказида мўминларнинг оналари бўлиб ҳаёт кечирдилар. Оишаи Сиддиқа розияллоҳу анҳо онамиз доимий равишда илм, фатво, тақво, зуҳд, тарбия, одоб ва бошқа фазилатлар маркази бўлиб турдилар.
Ҳижрий эллик саккизинчи сананинг Рамазон ойида Оишаи Сиддиқа розияллоҳу анҳо онамиз бемор бўлдилар. Бу улуғ зот беморлик чоғларида ўзларини Бақиъ қабристонига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа азвожи мутоҳҳаролари дафн қилинган жойга дафн қилишларини, тобутини туяда олиб бормаслик ва ётган жойига юмшоқ мато тўшамасликни васият қилдилар.
Ана шу кунларнинг бирида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу унинг олдига киришга рухсат сўради. Шунда Оишаи Сиддиқа онамиз ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг мақтов сўзлар айтиб, кўнглини кўтармоқчи бўлганини сезиб: “Ибн Аббосни қўйгин, унинг мени бегуноҳ деб оқлашига ҳожатим йўқ”, деди. Бироқ ибн Аббос сўзида қаттиқ туриб олгач, унга рухсат берилди. У Оишаи Сиддиқа онамиз ҳузурларига салом бериб кирди-да: “Сиз билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг учрашмоқлигига фақат руҳнинг жасаддан чиқишлиги қолган. Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга аёлларнинг энг севимлиси эдингиз. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам фақат ёқимли нарсаларни яхши кўрардилар. Аллоҳ таоло сиз туфайли уммат учун енгиллик инъом этди. Яъни, пок тупроққа таяммум қилиш оятини нозил қилди. Аллоҳ сизнинг маъсум ва поклигингизни етти қат осмон устидан хабар берди. Бу хабарни Руҳул Амин келтирди. Масжидларда эрта – ю кеч ана шу оят тиловат қилинади ”, деди. Шунда Оишаи Сиддиқа розияллоҳу анхо онамиз унинг хушомад сўзларини ёқтирмай: “Эй Аббос, мени тинч қўй. Нафсим қўлида бўлган зотга қасамки, бундан кўра менга унитилган бир нарса бўлганим яхшироқдир”, деди.
Рамазондан ўн саккиз кун ўтганда, душанбадан сешанбага ўтар кечаси Оишаи Сиддиқа розияллоҳу анҳо онамиз дорул фанодан дорул бақога риҳлат қилдилар. Жанозага жуда кўп одам келди. Ўша кечадаги каби Мадинаи Мунавварада кўп одам йиғилмаган эди.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг жанозаларини буюк саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўқидилар. У кишининг қабрларига маҳрамлари-дан: Абдуллоҳ ибн Зубайр, Урва ибн Зубайр, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдурроҳман ибн Абу Бакр ва бошқалар тушдилар. Ўша пайтда Оишаи Сиддиқа розияллоҳу анҳо онамизнинг ёшлари олтмиш олтида эди.
Аллоҳ таоло Оишаи Сиддиқа розияллоҳу анҳо онамиздан рози бўлсин!
Аҳмадали домла Худайбердиев,
Олтинкўл тумани “Кўтармачек”
жоме масжиди имом-хатиби